UZ

Сўнгги янгиликлар

12:18Хосе Венансио Лопес: "Ярим финалга чиқиш учун Вьетнамга қарши учрашувда назоратни қўлга олишимиз талаб этилади"  2 12:01"Манчестер Сити" ярим ҳимоячисини қўйиб юборишга тайёр  0 11:39"Арсенал" "Ювентус" ҳужумчисига қизиқиш билдирмоқда  0 11:15"Барселона" Араухони трансферга қўйди  2 10:42Фабио Каннаваро – «Удинезе» бош мураббийи  1 10:2116:0 - Ўзбекистон кубоги тарихидаги энг йирик ҳисобми?  14 10:13«Барселона» иккита мураббийдан бири билан шартнома тузмоқчи  11 09:46«Ливерпуль» «отмен». Аморим музокара ўтказиш учун Лондонга учиб келди  1 09:20Акинфеев Файзуллаевга «Ахмат»га қарши учрашувдан сўнг кескин гапирган  32 08:52«Интер» «Милан»дан ўтиб кетди  9 08:27МЮнинг янги раҳбарларидан бири мухлисларга мурожаат билан чиқди  2 08:03Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистон ОТЖ сафидаги биринчи машғулотида нималар деди?  15 07:37Осиё кубоги. Бугун терма жамоамиз Вьетнамга қарши баҳс олиб боради  19 07:05U23 Осиё кубоги. Саудия Арабистони - Ироқ 1:2   0 07:00U23 Осиё кубоги. Япония - Корея Республикаси 0:1   0

“Насаф” – “Пахтакор” ўйини ҳақида (Мулоҳаза) Янгиликлар

“Насаф” – “Пахтакор” ўйини ҳақида (Мулоҳаза)

19-турнинг марказий баҳси кеча Қарши шаҳрида ўтказилди. Бунда “Насаф” ўз майдонида “Пахтакор”ни қабул қилди.
Ўйин ўзига яраша шиддатли кечиши кутилганди ва шундай бўлди ҳам. Мен мазкур баҳсни интернет орқали ҳисобни билмасдан, атайин ТВ орқали томоша қилдим. Чунки бугунги кунда олий лигада тўртта кучли жамоа бўлса (“Бунёдкор”, “Пахтакор”, “Насаф” ва “Локомотив”), шулардан иккисининг ўзаро қарама-қаршилиги қандай кечаркин деган ўйда баҳсни кузатиш қизиқарли кўринди. Қолаверса, учрашувни эфирга узатиш учун астойдил меҳнат қилган режиссёрдан тортиб, операторларнинг ҳам хизматини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Чунки ўйин анча чиройли тарзда ТВда намойиш этилди.

Мен учун ўйинда қайд этиладиган якуний натижадан кўра футболчиларнинг майдондаги хатти-ҳаракатлари муҳимроқ эди. Чунки биз натижанинг кетидан қувавериб аллақачон бир нечта истеъдодларни бой бериб қўйдик. Буни кимдир тушуниб етмоқда, кимдир эса йўқ. Кимлардир тушуниб етгани билан барибир натижани кўзлаб бунга диққат қилишмаяпти. Кечаги учрашувни кўрар эканман, аввало майдондаги ҳар бир футболчини терма жамоа даражасида баҳолаб кўришга ҳаракат қилдим. Қай бир ўйинни кўрмайлик, футболчиларга терма жамоа савиясида баҳо бериш одат бўлиб қолди. Шу боис ким ютиб, ким ютқазишига аҳамият бермадим. Худди селекционер сингари ўйинчиларнинг алоҳида ва жамоавий ҳаракатларига эътибор қаратишни маъқул кўрдим.

Натижада эса қуйидагича картина ҳосил бўлди. Ўйин томонлама “Насаф” кучли ва қизиқарли кўринди. Жамоа сафида Илҳом Юнусов ва Артур Геворкян сингари футболчиларнинг борлиги “Насаф”нинг энг асосий ютуғи ҳисобланади. Туркманистонлик Артур Геворкянга қойил қолиш керак. Уни биринчи марта Сеид Сеидов “Шўртан”га олиб келганида ёш футболчининг йиртиқ бутсадан бошқа ҳеч нарсаси йўқ эди. Айни пайтда эса Артур Геворкян юртимиздаги энг кучли учта легионердан бири ҳисобланади. Яна бири сўзсиз Акмал Холматов. Учинчи эса “Бунёдкор”даги Пишур бўлса керак, лекин униям жуда зўр деб бўлмайди.

Холматов ва Геворкян – ўйинни ташкил қиладиган, натижага таъсир ўтказадиган футболчилар ҳисобланади. Аслида бизга мана шундай легионерлар керак. Дарвозабон, марказий ҳимоячиларни ўзимизда ҳам тарбияласа бўлади. Клубларимизга эса айнан ўйинни қўлига ола биладиган хорижликлар зарур. Мана, Геворкян билан Холматов бунга ёрқин мисол бўла олади.

Яна ўйинга қайтамиз. “Насаф” намойиш этаётган футбол очиғи менга “Пахтакор” кўрсатаётган ўйинга нисбатан кўпроқ ёқяпти. “Насаф”да мураббийнинг ишлаётгани кўриниб турибди, лекин “Пахтакор”да Мурод Исмоиловнинг имзоси ҳеч кўринмаяпти. Аслида “Пахтакор”да иқтидорли ёшлар сони кўпчиликни ташкил қилади, уларни поғонама-поғона ўстириб бориш эса аввало бош мураббийга боғлиқ. Мураббийлик ҳам Худо юқтирганга насиб қилса керак. Ёзувчининг ўзида бўлмаса минг ёзгани билан ўқувчи уни қабул қилмаслиги мумкин, мураббийлик ҳам шундай: ўн йил ишлаб ҳам мураббий сифатида шаклланмаслик мумкин. “Пахтакор” – салмоқли жамоа. Жамоани Мурод Исмоилов даражасидаги мураббийлар бошқармаслиги лозим. Ҳар ҳолда бу менинг шахсий фикрим.

Футболчи ёмон ўйнаяптими, бунда кўп ҳолларда ўйинчининг ўзидан кўра мураббий сабабчи бўлади. Чунки футболчи майдонга тушгач, мураббийнинг айтганларини бажаришга ҳаракат қилади. Шундай экан, футболчиларни кўп ҳам танқид қилиш керак эмас. Чунки унга нимани ўргатишса шуни қилади. “Насаф” – “Пахтакор” баҳсида биз шунингдек мураббийлар рақобатига ҳам гувоҳ бўлдик. Рўзиқул Бердиевда ўсиш борлиги кўзга ташланяпти, лекин Мурод Исмоиловда кўп нарса қотиб қолгандек. Негаки мураббийга баҳо бериш учун унинг жамоаси иштирокидаги ўйинни кўрсангиз кифоя.

Энди футболчилар ҳақида тўхталамиз. Гапни дарвозабонлардан бошлаймиз. Ҳар иккала дарвозабон – Элдор Суюнов ҳам, Александр Лобанов бир хил даражада ҳаракат қилишди. Ахир уларнинг иккиси ҳам миллий терма жамоага номзод ҳисобланишади. Ҳимоячилар борасида гапирадиган бўлсак, Александр Мерзляков “Пахтакор”да ҳалиям ўзидан кутилган ўйинни намойиш қила олмаяпти. Бошқача айтганда, жамоа ўйинига тўлиқ киришиб кетганича йўқ. Ўнг қанот ҳимоячиси Даврон Ҳошимов эса кўп ҳолларда эҳтиросларини жиловлай олмаяпти. Албатта, Даврон ҳам яхши футболчи, лекин унинг Акмал Шораҳмедовдан фарқли томони босиқ эмаслигида. Қизиққонлиги туфайли кутилмаганда жамоага панд бериб қўйиши мумкин. Шу боис ҳам Қосимов уни термага чақирмаётган бўлса керак.

“Насаф”даги Лазиз Убайдуллаевни тарбияласа келажакда ундан ажойиб футболчи чиқиши мумкин. Фақат у билан алоҳида ишлаш талаб этилади. Мақсуд Каримов билан Ҳамза Каримов эса жамоанинг асосий “девори” ҳисобланади. Ҳар иккаласи ҳам ўйинни ўқий оладиган даражадаги футболчилар. Жамоа сардори Ботир Қораев ҳам йилдан йилга тажрибасини ошириб бормоқда. “Пахтакор”даги Акбар Исматуллаев билан ҳам алоҳида ишлаш зарурга ўхшаяпти. Аслида унинг Ислом Тўхтахўжаевдан қолишадиган жойи йўқ.

Ярим ҳимоя борасида “Насаф” вакиллари бир-бирларини яхши тушуниб ҳаракат қилишар экан. Гарчи кўп марта қизил карточка олиши билан ажралиб турса-да, Эркин Бойдуллаев чакки эмас. Ҳозир кўп клубларимизда мана шундай “жангчи” ўйинчилар кўзга ташланмаяпти. “Пахтакор”даги Кахи Махарадзе ҳам меҳнаткаш футболчи, фақат унга тезлик етишмайди. Жамшид Искандеров эса марвариднинг ўзгинаси. Унга эҳтиёт бўлиб ишлов бериш талаб этилади. Жамшид яхши устанинг қўлига тушса борми, чиройли гавҳар бўлиши ҳеч гап эмас. У салоҳият бобида ҳатто Жепаровдан ҳам кучли, фақат буниси энди мураббийларга боғлиқ.

Шу учрашувда энг ожиз нуқта ҳужум чизиғи бўлди десак янглишмаймиз. Масалан, Зоҳид Абдуллаев билан Азамат Алланиязовни олайлик. Улар “камоннинг учи” вазифасини бажариб бера олишмади. Айниқса, Алланиязовнинг ўта қулай вазиятдан ҳам фойдалана олмаслигини қандай тушуниш мумкин? “Металлург”дан келган Зоҳид Абдуллаев ҳимоячиларни саросимага солиб тургани билан ўткир ҳужумчилигини намойиш қила олмади. “Пахтакор” таркибида тўп сурган Темурхўжа Абдухолиқов олий лигада мен энг кўп ёқтирадиган ҳужумчилар сирасига киради. Унда чемпионат тўпурарлиги учун кураша оладиган қобилият бор. Лекин бу ўринда яна кўп нарса мураббийнинг ҳужумчи билан алоҳида қай тарзда ишлашига боғлиқ.

Ҳеч эътибор берганмисиз, деярли барча клубларимизда машғулотлар умумжамоа сифатида олиб борилади. Мураббийларимиз эътиборни нуқул жамоавий ўйинга қаратишаётгани учун ҳам Абдухолиқов, Махситалиев, Искандеровга ўхшаган талантлар порламай қотиб қолишяпти. Балки улар билан алоҳида машғулотлар графигини тузиб чиққан маъқулдир. Ана шундагина бу фтуболчилар жамоага кўпроқ фойда келтириши мумкин. Қолаверса, футболчи ва шахс сифатида ҳам шаклланиб боришади.

“Насаф” таркибида захирадан майдонга тушган Раҳматулло Бердимуродов “Насаф” даражасидан бирмунча паст ўйин кўрсатди. Самандар Шодмонов эса умуман ўйинини йўқотиб қўйибди. Унинг фойдали иш коэффициенти жуда пасайиб кетибди. Агар Самандар ўйинни ўз қўлига олганида “Насаф” ғалаба қозониши ҳам мумкин эди. Лекин у кўп ҳолларда ҳеч ким кутмаган қарор чиқармагани етмагандек, зарбалари ҳам голга тортадиган бўлмади.  

“Пахтакор” сафида захирадан ўйинни давом эттирган Дилшод Шарофетдинов ўта омадли ўйинчи. У гўёки ҳозирги “Пахтакор”да тўп суриш учун туғилгандек. Лекин терма жамоа даражаси билан таққослаганда унинг ҳам ўйини анча паст. Анчадан бери кўринмаётган Анвар Ражабов эса аввалдан йўқ ўйинини бадтар йўқотибди.

Энди икки оғиз натижа ҳақида. Учрашувда дуранг қайд этилди. Томонлар бир очкодан бўлиб олишди. Менимча, дурангдан кўпроқ “Пахтакор” хурсанд бўлди. “Насаф” эса ўз майдонида зафар қучиши мумкин эди, аммо қимматли икки очкони бой берди. Назаримда, ғалаба қозона олмаслик “Насаф”нинг чемпионлик учун курашдаги имкониятларини бирмунча пасайтириб юборди.

Хайрулла ХОЛИҚОВ.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
Яндекс.Метрика