09 oct 13:30
News

Мундиал орзуси (иккинчи қисм)

Турли ёшдаги жаҳон чемпионатларида ҳамда олимпиада ўйинларида мунтазам иштирок этиш орқали жанубий кореяликлар халқаро майдонда ўз ўрни ва нуфузига эга бўлишди.
Мундиал орзуси (биринчи қисм

Жумладан, корейс футболчиларига Европа ва Осиёнинг етакчи жамоаларидан харидорлар кўпайди. Албатта, уларнинг бу каби натижаларга эришишида мамлакат ички чемпионати савиясининг кўтарилгани ҳам бош омиллардан бири бўлди. 1994 йилдан бошлаб ҳисобласак, Осиё чемпионлар кубоги ва чемпионлар лигаси турнирида Корея жамоалари 9 марта ғолибликни қўлга киритишди. Кўриб турганингиздек, юқори натижа ва ғалабалар бирламчи ҳаракатлар эвазига қўлга киритилмайди. Жанубий Корея мисолида оладиган бўлсак, бу юрт футболи ҳар бир йўналишда босқичма-босқич ривожлантирилиб, якунда мундиалнинг доимий иштирокчиси даражасига олиб чиқди. Яъни болалар футболи, клублар ва терма жамоалар биргаликда олдинга қадам ташлади. Халқаро майдонда Парк Жи Сунг, Ли Чунг Йонг, Ча Ду Ри, Парк Чу Йонг, Ли Йонг Пьё каби корейс футболчилари номлари нуфузли жамоалар таркибида тилга олиниши ва уларнинг ўйинларидан бутун дунё баҳраманд бўлаётганлиги ҳавас қилса арзигулик иш деб ўйлайман.

Япония футболи таҳлили
Кореяликларнинг халқаро майдонда эришган натижалари, кунчиқар юрт вакилларини янада кўпроқ ишлашга ва интилишига сабаб бўлган бўлса, ажабмас. Негаки, Япония футболи асосан 20-асрнинг сўнгги 10 йиллигида катта саҳнага чиқа бошлади. Улар кўп йиллик ривожланиш дастури асосида иш олиб боришди. Айни вақтда Япония Осиёнинг биринчи рақамли жамоасига айлангунга қадар босиб ўтган йўлига назар ташласак.

Япония Жанубий Кореядан бироз фарқли равишда дастлабки ютуқларни ўз қитъасида қўлга киритишдан бошлади. Мақоланинг биринчи қисмида кореяликлар 1986 йилдан буён мунтазам ЖЧларда иштирок этиб келаётганлигини ёзгандим. Самурайлар юрти жаҳон чемпионатида 1998 йилдан бошлаб ўз иштирокини бошлаган. Япония 1992 йил ўз майдонида ўтган Осиё кубогида бош соврин эгасига айланди. Жамоани мазкур мусобақага илк марта хорижлик мураббий бошлаб тушди. Голландиялик Ханс Оуфт 1992-93 йилларда японияликларга устозлик қилди. 1994 йил бразилиялик Роберто Фалкао жамоага бош мураббий этиб тайинланди. Аммо унинг натижалари раҳбариятни қониқтирмади ва у шу йилнинг ўзидаёқ терма жамоани тарк этди. 1996 йилги Осиё кубогида чемпион сифатида иштирок этган жамоа биз билан бир гуруҳдан жой олганлиги ёдингизда бўлса керак. Ўша турнирда жамоа ¼ финалда Қувайтга мағлуб бўлди ва мусобақани тарк этди. Натижа қониқарсиз бўлганлиги сабабли, бош мураббий Шу Камо ўрнини Такеши Окада эгаллади. Окада бошчилигида жамоа ўз тарихида биринчи марта ЖЧ йўлланмасини қўлга киритди. Бу гал ҳам улар биз билан ҳал қилувчи босқичда бир гуруҳдан жой олганди. Окада жаҳон чемпионати якунланганидан сўнг, ўз ўрнини франциялик мутахассис Филипп Трусьега бўшатди. 2000 йилги Осиё кубогида Трусье японларни яна қитъа шоҳсупасига кўтарди. Шунингдек, бу устоз билан улар 2002 йил ўз майдонларида ўтган ЖЧда тўп суришди. Трусеьнинг 4 йиллик фаолияти ўз якунига етиб, бразилиялик машҳур Зико кунчиқар юрт футболчиларига устоз этиб тайинланди. Зико ҳам тўрт йил бу жамоани бошқарди. 2004 йил Япония учинчи марта Осиё кубоги ғолибига айланди ҳамда 2006 йил Германия майдонларида ўтган ЖЧда иштирок этди. ЖЧ якунлангач, Зико ўрнига босниялик Ивица Осим бош мураббий этиб тайинланди. Осимнинг фаолияти бир йил давом этди. Инсульт сабаб, у Японияни тарк этишга мажбур бўлди. Унинг ўрнига терма жамоани илк марта ЖЧга олиб чиққан Такеши Окада устозликка тайинланди. Жамоа 2007 йил Осиё кубогида 4-ўрин билан кифояланишга мажбур бўлган бўлса, 2010 йилги ЖЧ йўлланмасини ортиқча қийинликсиз қўлга киритди. 2011 йил Осиё кубогида жамоани италиялик  таниқли мураббий Альберто Заккерони бошлаб тушди. Яъни японлар одатдагидек ЖЧ якунлангач яна бош мураббийни алмаштиришганди. Қатар майдонларида ўтган қитъа кубогини қўлга киритган Япония, навбатдаги ЖЧ йўлланмасини ҳам нақд қилиб қўйди. Шу ўринда бир нарсага эътибор қаратсак, Япония Жанубий Кореядан яна бир ҳолат билан фарқланяпти. Кореяликлар асосан маҳаллий мураббийлар ишидан қониқиш ҳосил қилган бўлса, японлар хориж мутахассисларига эътибор қаратиб келмоқда. Бош терма жамоанинг 22 йиллик фаолиятини сарҳисоб қилсак, улар 4 марта қитъа чемпиони ва кетма-кет сўнгги беш жаҳон чемпионатида иштирокчиси бўлибди. Бу кўрсаткични қадри нечоғли баланд эканлигини таърифлашга ҳожат бўлмаса керак.

Япония Олимпия терма жамоалари ҳам худди кореяликлардек сўнгги беш мусобақанинг барчасида иштирок этган. Бу ҳам уларнинг кўп йиллик ривожланиш дастурининг юрт футболига келтирган ижобий кўрсаткичларидан биридир.

Ёшлар терма жамоалари ўртасида ўтказилган турнирларда Япония қитъа шарафини муносиб ҳимоя қилувчилардан бири десак хато бўлмайди. Ёшлар ўртасида ўтказилган 15 жаҳон чемпионатидан 8тасида японияликлар иштирок этишган. 1999 йил улар финалга қадар етиб бориб, Испания ёшларига (0:4) мағлуб бўлишган. Ҳар доим плей-офф баҳсларига қадар етиб борган японлар, биргина 2001 йилги ЖЧда гуруҳ ўйинлари билан чекланишган.

Ўсмирлар терма жамоаси ҳам Япония футболининг доимо диққат эътиборида бўлиб келади. Яқинда БААда бўлиб ўтадиган ЖЧ билан ҳисоблаганда японияликлар 7 марта бу нуфузли турнирда иштирок этган бўлишади. Шундан иккитасида ўсмирлар чорак финалга қадар етиб боришган. Эътиборли жиҳати 2007 йилдан ҳозиргача улар мунтазам равишда ўсмирлар мундиалида қатнашиб келмоқдалар.

Япония футболининг бу қадар тез ривожланишига мамлакат чемпионатини биринчи навбатда Европа чемпионатлари даражасига олиб чиқиш мақсади бош омиллардан бири бўлди. Клублар ўртасида ўтадиган қитъа кубокларида японияликлар бир неча марта ғолиб бўлишган.

Шу ўринда бугун хориж майдонларида ўз ўрни ва номига эга япониялик футболчиларга тўхталсам. 1998 йили ўтказилган жаҳон чемпионатида Япония терма жамоаси таркибида битта хорижда тўп сурувчи футболчи бор эди. Таянч ярим ҳимояда тўп сурувчи Хидитоши Наката Англиянинг “Болтон” жамоаси шарафини ҳимоя этарди. Навбатдаги ЖЧда легионерлар сони 5тага етди. Накатадан ташқари Акинори Нишизава ҳам “Болтон”дан терма жамоага ёрдамга келган бўлса, Юниичи Инамото “Вест Бромвич” (Англия), Кожи Наката “Базель” (Швейцария), Такаюки Сузуки “Црвена Звезда” (Сербия)лар ҳам бош жамоа таркибида муносиб ўйин намойиш этишди. Кейинчалик уларнинг сафи янада кенгайди. Ҳозирги кунда “Манчестер Юнайтед” аъзоси Шинжи Кагава ва ЦСКА вакили Кайсуке Хонда Япония терма жамоасининг етакчи вакиллари ҳисобланади.  

Жанубий Корея футболчиларга нисбатан япониялик футболчиларнинг хорижда нуфузи анча баландлигига ҳам айнан ички биринчиликнинг савияси юқорилиги сабаб бўлса, ажабмас. Ўз даврида Арсен Венгер (Франция), Ханс Оуфт (Голландия), Зико (Бразилия), Детмар Крамер (Германия), Пьер Литтбарски (Германия) каби мутахассислар турли клубларда фаолият олиб борганлиги чемпионатга бўлган қизиқишни орттирди. Шунингдек, анъанавий “Тойота кубоги” турнирини Японияда ўтказилиши бу ҳудудда футболни янада оммавийлашишига туртки бўлди. Айни вақтда бу Қитъаларо кубок ғолиблари ўртасида ўтказиладиган турнирга айланган. Япония “Ж” лигасида кўплаб таниқли футболчилар ҳам тўп суришган. Мисол тариқасида ҳозирда анча машҳур бўлиб бораётган бразилиялик Халк дастлабки фаолиятини Японияда бошлаб, кейинроқ “Порту”га кўчиб ўтганлигини ва уни “Зенит” катта маблағ эвазига ўз сафига қўшганлигини келтириб ўтиш кифоя қилса керак.

Мавзудан четга чиқмаган ҳолда, шуни айтиш мумкинки, кўп йиллардан буён бизга орзу бўлиб келаётган “МУНДИАЛ” йўлланмасини қўлга киритиш учун айнан мана шу икки мамлакат мисолида фикр юритиб, ўзимизнинг миллий ривожланиш дастуримизни ишлаб чиқишимиз лозим. Эрон, Саудия Арабистони, Австралия каби етакчи терма жамоаларда ҳам бизни қизиқтирадиган нимадир бор бўлиши мумкин, аммо ишни тўғри йўлга қўйиш бобида Япония ва Жанубий Кореяда олиб борилган ислоҳотлар самарасини юқорида келтириб ўтдим.

Ушбу мақоламнинг учинчи қисмидан бошлаб мамлакатимиз ФИФАга аъзо бўлгандан кейинги босиб ўтган йўлидаги ютуқлари ва камчиликларига тўхталаман.
 

Бахтиёр Ширинов
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook