22 nov 14:40
News

МТЖ бош мураббийи, ёшларни Уммонга олиб боринг!

Эътибор берган бўлсангиз, "Барселона"нинг асосий таркибидан жой оладиган ҳар қандай ёш футболчи қийналмай киришиб кетади.
Боиси, Каталония клубида 7 ёшдан то асосий таркибгача босиб ўтиладиган йўл, турар жойидан тортиб, еб ичиши ва тактикасигача бир хил. Япония терма жамоаларида ҳам шу нарсага кўп бора эътибор қаратаман. Лекин Ўзбекистон терма жамоаси ва кичик ёшдаги терма жамоаларимизнинг ўйин услублари турлича. Ҳар бир мураббий қўлидан келганча ишлайди, терма жамоаларимизда умумлаштирилган ўйин фалсафаси йўқ. Бу эса кўпгина ҳолларда ёшлар ва ўсмирлар терма жамоасида порлаётган футболчиларнинг кейинчалик МТЖда кўринмай кетаётганлигига асосий сабаблардан бири. Бежизга Вадим Абрамов МТЖга қўшимча тарзда олимпия терма жамоамизга ҳам бош мураббий бўлмаганди. Унинг асосий мақсади, ёшларни МТЖга хос равишда тайёрлаб бориш бўлган. Бу мураббийнинг шахсий қизиқиши туфайли амалга оширилди. Аслида эса бунинг бошида ЎФФ туриши лозим ва ҳар бир терма жамоамиз аниқ бир дастурга таянган ҳолда фаолият олиб бориши керак.

2014 йилдан эътиборан МТЖни ким бошқариши ҳозирча номаълум. Катта эҳтимол билан Миржалол Қўшоқовичнинг ўзи қолади. Мен таклиф қилмоқчи бўлган лойиҳани амалга ошириш учун ЎФФ яқин ҳафталар ичида терма жамоа бош мураббийи ким бўлишига тўлиқ ойдинлик киритиб олиши лозим. Боиси, январда бизни МТЖ учун жуда ҳам асқотадиган мусобақа кутиб турибди. Илк маротаба 22 ёшли футболчилар ўртасида ўтказиладиган қитъа чемпионати Уммонда бўлиб ўтади. Ҳозирда ЎФФ бу мусобақага кимни юборишни ўйлаяпти. Лекин ростманасига U-22ни юбориш ҳақида гап кетмаётган экан. Бу ҳақда куни кеча Баҳодир Ибрагимовнинг хотирасига бағишланган кечада эшитиб қолдим. Бежизга ОФК бу мусобақани йўлга қўймаяпти. Мақсад шу ёшдаги футболчиларни асраб авайлаш. Бизникилар катта эҳтимол билан 1993 йилда таваллуд топган футболчиларни мусобақага жўнатишни мақсад қилган. Бу бир томондан яхши, олимпиада саралаши учун машғулот. Аммо бир авлодни асрайман деб ундан аввалгисини қурбон қилишимиз яхши эмас. Балки, бизга керак бўлган футболчи айнан мана шу U-22дадир? Агар 2008 йили Ислом Тўхтахўжаев МТЖ сафида тўп тепмаганида, бугун уни кўрармидик ёки йўқ? Бундай футболчиларимиз ёшлар ичида тўлиб ётибди, бироқ уларни кўриб таркибга йўналтириш борасида катта камчиликка эгамиз.

Таклиф шундан иборатки, агар Миржалол Қосимов МТЖ бошқарувида қоладиган бўлса, шу бугун "Бунёдкор"дан кетиб, 1991 ва 1992 йилларда таваллуд топган футболчилар рўйхатини тузган ҳолда декабрь ойида 10 кунлик йиғин ўтказиб, Осиё чемпионатига тайёргарлик кўрсин. Ҳозирча Қосимов бирорта йирик мусобақада бош мураббий сифатида иштирок этмаган. Агар Уммонда бўлиб ўтадиган қитъа чемпионатида терма жамоамизга бош мураббийлик қилса, ўзи учун ҳам катта тажриба мактаби бўларди. Бу ёшдаги терма жамоамиз сафида кучли футболчилар етарлича топилади. Уларни номма-ном санаб бераман. "Динамо" мухлисларининг ёқимтойига айланган Фаррух Шотурсунов жорий мавсум 10 маротаба рақиблар дарвозасини ишғол қилди. Унга тандем сифатида ҳужумда Сардор Мирзаев ва Темурхўжа Абдухолиқовларни мисол келтирамиз. Энг кучли чизиғимиз дарвоза - Элдор Суюнов! Ҳимояга ҳам гап бўлиши мумкин эмас. Санаймиз, Шоҳрух Гадоев, Шерзод Файзиев, Акбар Исматуллаев, Егор Кримец ва Даврон Ҳошимов. Бу ерда "Сўғдиёна"да мавсумни деярли тўлиқ ўтказган, Муроджон Тошматов билан Асил Бегимқулов ҳам бор. Фаррух Сайфиевни ҳам унутмаймиз. Ярим ҳимоя чизиғимиз манаман деган рақиб ҳимоячини "ёрвориши" мумкин, Алибобо Раҳматуллаев, Дилшод Жўраев, Сардор Рашидов, Азимжон Аҳмедов, Аюбхон Гаппаров, Акром Баҳритдинов. Гувоҳи бўлаётганингиздек, захирага ҳам ўйинчилар етарлича топилади. Яна, Аюбхон Нўъмонов, Элёр Орипов, Муроджон Тошматов (барчаси "Сўғдиёна"), Наврўз Алимов ("Қизилқум"), Азамат Исроилов ("Олмалиқ"), Мирғиёз Сулаймонов ("Металлруг"), Жамшид Ҳасанов ("Бухоро"), Салим Мустафоев ("Локомотив"), Павел Смоляченко ("Нефтчи"). Ёшлар терма жамоаси учун олий лигада ўйин амалиётига эга бўлган 26 нафар футболчи. Қитъа чемпионатига 22 нафар футболчини рўйхатдан ўтказиш мумкин, шулардан 3таси дарвозабон бўлади. Мураббийда танлаш имконияти жуда ҳам юқори. Ҳали ўринбосар ва биринчи лигада назарга тушмай қолган футболчилар қанча, лекин элакдан ўтганларнинг ўзи билан ҳам бемалол қитъа чемпионлиги учун кураш олиб борсак бўлади. Бунинг учун декабрь ойида мусобақага жиддий тайёргарлик кўрган ҳолда январда Уммонга учиш керак.

Агар юқоридаги таклифни ЎФФ қабул қилса ва шу аснода МТЖ учун келажак яратиш дастурини ишлаб чиқса, МТЖ авлодлар алмашинуви пайтида катта қийинчиликка учрамайди. Фақат бир нарсага ойдинлик киритиб олишимиз керак, МТЖга ким бош мураббий бўлади. Агар Қосимов қолса, марҳамат қилиб Уммондаги чемпионатда ўзини синаб олсин ва МТЖ манфаати йўлида "Бунёдкор" билан хайрлашсин. Агар мураббий чет элдан келадиган бўлса, декабрь ойи учун U-22га битта мураббий бириктирилсин ва мусобақада юқоридаги футболчиларимиз қатнашсинлар. Янги келадиган мураббий эса мусобақани фақат томоша қилган ҳолда МТЖ ёшлари ҳақида тушунчага эга бўлсин.

Қолаверса, куз ойида Инчхонда Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Унда U-23 терма жамоамиз иштирок этади. Юқоридаги авлод эса айнан шу терма жамоа учун тўлиқ жавоб беради. Рио олимпиадаси учун юқоридаги иккита мусобақани қурбон қилиш ярамайди. Ҳали олимпиадага чиқамизми-йўқми, ҳеч ким бунга кафил бўла олмайди. Аммо ёшларни МТЖга тайёрлаш орқали Австралия ва Россияда бўлиб ўтадиган катта форумларга тайёргарликни бошлаб юборишимиз лозим. 1993 йилларга ҳам мусобақа кам эмас, ҳар йили бўлиб ўтадиган МДҲ кубогида қатнашиш имкониятига эга бўладилар, умуман олганда олимпия терма жамоамиз алоҳида мавзу.

Таклиф шундан иборат. Агар мазкур таклифим ЎФФ президенти Мираброр Усмонов қабулига кирса, ўйлайманки, унинг фойдаси катта бўлади.


Нодирхўжа Юлдашев.




Хошимов: Шоҳ, юр кетдик Осиё чемпиони бўлиб қайтайлик



Менимча, Сардор Мирзаев ҳам Осиё чемпионатига тайёр



Шерзод Файзиев саралаш ўйинларида терма жамоамиз сардори эди. "Машъал"ни олий лигага қайтишида катта ҳисса қўшган футболчи, айни пайтда кўзга ташланмаётган кучли марказий ҳимоячиларимиздан бири

Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook