14 apr 11:39
News

Москва кундалиги, 5-кун: Тархановдан Ўзбекистонга салом!

Якшанба куни “Локомотив” – “Анжи” жамоалари ўртасидаги учрашув анча эрта бошланиши муносабати билан 5-кун кундалигини ёзишга вақтим бўлмаганди.
Бугун эса бир йўла иккита кундаликни эътиборингизга тақдим этаман.

12 апрель куни анча эрта йўлга чиқдик. “Химки Арена”да ЦСКА “Урал”ни қабул қилди. Бугунги кунга келиб, Россия премьер-лигаси тақвими ва ўйин вақтини тўлиқлигича “Наш Футбол” канали орқали тузиб чиқилаётганлиги учун ўйинлар эрта бошланяпти. Боиси, канал ҳар бир ўйинни тўғридан-тўғри эфирга бериши керак. Пулини тўлаяпти.

Биздан фарқли равишда телеканал журналистлари, ўзлари шарҳламаган ўйинларга ҳам келиб стаиондан жонли томоша қилишни маъқул кўришади. Улар орасида Андронов, Черданцев ва Рабинер каби машҳурларни ҳар ўйинда учратишингиз мумкин.

“Арена Химки”га Москвадан чамаси бир-бир ярим соатларда етиб борасиз. Бугунги кунда ЦСКА мазкур аренани ижарага олган ҳолда уй ўйинларини ўтказяпти. Майдон майсаси идеал ҳолатга келиб улгурибди.

Худди “Спартак”да бўлгани каби бу ерда ҳам ёйма бозорни кўришимиз мумкин эди. Ҳар сафар мухлислар янги шарфларни харид қилишга пулларини қизғанмайдилар. Боиси оддий, клуб фақат мухлис учун ишлайди, буни яхши тушунган мухлис эса шу йўл билан клуб фаолиятига ўз ҳиссасини қўшади. Стадион тўлиқлигича футбол учун мослаштирилган, фақат ва фақат футболга. Энг аввало эътибор ОАВга қаратилган. Биринчи қават ОАВ учун ажратилган бўлиб, статистика билан шуғулланувчилар ТВ орқали кўриб томоша қилишлари мумкин. Бунинг учун алоҳида хона бор. “Наш Футбол” канали учун ҳам алоҳида хоналар ажратилган бўлиб, унда ўйинга жавобгар журналистлар ишлашлари мумкин. Истасангиз медиа трибунага чиқиб кетасиз. Фотомухбирлар учун эса мен шу кунгача кўрган энг аъло даражадаги шароит “Химки Арена”да. Эшикни очиб, расм олиш учун ажратилган қатордан жой оласиз. Бу эса ҳеч қандай регламентни бузмаган ҳолда, ўйиннинг истаган вақтида майдон чеккасидан жой олишингизга имконият беради.

Ҳар бир учрашувнинг биринчи бўлими якунига етганидан сўнг икки жамоа аъзоларидан бири, албатта, “Наш Футбол” учун биринчи бўлимга оид фикрини билдириши керак. Агар бу иш асосий таркиб аъзоларидан бири билан амалга ошмаса, захира футболчиси ҳам бўлаверади.

Танаффус пайтида раққоса қизлар ўз санъатларини намойиш этишди. Маскот эса ўйинга қадар стадион атрофида, ўйин пайтида эса гоҳ сайдон атрофида, гоҳ трибуналарда мухлислар билан суратга тушиб юради. Ёдингизда бўлса, БААдаги жаҳон чемпионатида япониялик мутахассис билан суҳбатлашган эдим. (манба) Ўшанда Масаюки Конеко менга, маскотларни мухлисларни стадионга жалб этишдаги роли катта бўлганлигини айтган эди.

Ўйин тугаганидан кейин бизга таниш бўлган кетма-кетликда ишлайсиз. Истасангиз матбуот анжуманига киринг, истасангиз микст зонага. Микст зонадаги иш ҳаддан ташқари профессионал тарзда йўлга қўйилган. Мағлубиятга учраган жамоа футболчиси ҳам ОАВ олдида ўзини профессионал тарзда тутади. Кимдир ўйин учун чиқарилган дастурларга футболчиларидан дастхат олади. Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозим, бизнинг жамоаларимиз раҳбарга ёқиш учунгина чиқарадиган дастурларни (программка)ни бу ерда чиптага қўшиб, харид қилишингиз мумкин. Бизнинг олий лига жамоаларимиз аслида ОАВга тарқатиш керак бўлган дастурларни аввал раҳбарларига, кейин ёқиш учун футболчиларига тарқатиб чиқадилар ва ОАВга ҳеч нима қолмайди. Қолган битта-иккитани эса, агар керак бўлса ксеронусха қилиб олишлари мумкин.

Микст зонада 1991 йилнинг сўнггида “Пахтакор”да фаолият олиб борган Александр Тарханов билан кўришдик.

-   Ассалому алайкум, Сизни таниган мухлислар номидан салом!
-   Тошкент... Менинг севимли шаҳарларимдан бири. Жуда соғиндим, кўплаб ёрқин хотиралар қолган мамлакатингиздан.

Музейимиз учун дастхат йиғилаётган тарихий китобимизнинг Пшеничниковга ажратилган саҳифаси учун Акинфеевни кутдик. Ҳамма чиқиб бўлди ҳам-ки, ундан дарак йўқ. Балки допинг назоратига кирган. Хуллас, ярим соатдан сўнг биз кутган посбонимиз микст зонага чиқди, бу пайтга келиб аренада биздан ташқари чамаси 10 ёшлардаги болакай онаси билан турган эди. Кейин билсам у Акинфеевни расмини ўхшатиб чизган, ўзи эса футбол мактабларидан бирида дарвозабон амплуасида ҳаракат қилар экан.
Шу ерига премьер-лига футболчиларига қойил қолмасдан иложим йўқ. Биронтасида юлдузликни кўрмайсиз. Майдон ташқарисида улар оддий одамлар. Муомала ҳам ажойиб тарзда. Масалан, Акинфеев суратини чизиб келган болакай билан суҳбатлашяпти:

Акинфеев: - Нега бунчалик ҳаяжонланяпсан?
Она (йигитчанинг ўрнига онаси гапирди): У Сиз билан кўришишни анчадан бери орзу қиларди, асосий таркибда илк маротаба тушганида ҳам бунчалик ҳаяжонланмаган.
Акинфеев: - Биз ҳам сендек инсонмиз. Муҳими, ўзингни ҳаётда қўлга ола билишинг. Йиллар ўтиб, сен мени ўрнимда ўзинг каби ёшларга дастхат қўясан. Аммо бунинг учун тинмай меҳнат қилишинг керак!

Болакай эса уялиб кулишдан бошқа чора топа олмас эди. Биздачи? Баъзи футболчиларга беш кетвораман. Терма жамоадан адашиб чақирув олиб қолса тамом, “одноклассники”даги қизларни қармоққа илдирсам дейди. Ҳали асосий таркибни мунтазам иштироки бўлмай туриб келаси мавсумни кўтарма пулини ўйлайди. Аслида инсон аввал майдонда эмас, ҳаётда чемпион бўлиши керак. Шундагина ишига сидқидилдан ёндашади, хонадонига файз киради.

Шу тариқа “Химки Арена”ни тарк этдим...

Нодирхўжа Юлдашев
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook