01 jun 10:02
News

Мираброр Усмонов: «Навбаҳор»нинг ўйинига мафтун бўлиб қолдим»

Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол федерацияси Мираброр Усмонов Наманган шаҳрига қилган сафари давомида «Навбаҳор» футбол клуби раҳбарияти, мураббийлар, футболчилар ҳамда жамоа мухлислари билан учрашди.
Ишқибозлар билан ўтказилган учрашувда ОАВ вакилларини ҳам қатнашганликларини эътироф этиш жоиз. Усмоновни «Навбаҳор» футбол клубига бундай эҳтиром кўрсатиши нафақат жамоа мухлислари балки мураббий ҳамда футболчиларнинг ҳам кайфиятини кўтарди.

Мухлислар билан ўтказилган учрашув чоғида, «Навбаҳор» ишқибозлар клуби раиси А.Аҳмедов, мухлислардан А.Юнусов, И.Дедашев, А.Абдуллаев, Н.Абдуғаниев, А.Тўрақуловлар сўзга чиқиб, таклифлар ва ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди. Шу билан биргаликда, Мираброр Усмоновга келгуси фаолиятида омад ва муваффақиятлар ёр бўлишига тилак билдириб, футболимиз ривожига қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдиришди. Шунингдек, мамлакат чемпионатининг 9-туридан ўрин олган «Пахтакор» - «Навбаҳор» жамоалари ўртасидаги ўйин ҳақида ҳам савол берилди. Хабарингиз бўлса, мазкур баҳс турли баҳсли ҳолатларни юзага келишига сабаб бўлганди. Мираброр Зуфарович билдирилган таклифларни инобатга олишини билдириб, саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

ЎФФ президенти дастлаб футболимизнинг бугунги куни ҳақида сўз юритди
: «Бугунги кунда футболимиз ривожланиб бормоқда. Эътибор беринг олдин, қандай эди-ю, ҳозир қандайлигига. Федерацияда иш бошлаган дастлабки кезларимда ЎФФни ўз биноси ҳам йўқ эди. Эндиликда федерация ўзининг муҳташам биносига эга. Ҳозирда ҳар бир федерация бир йил давомида 20 миллиард сўм миқдорида пул айланмасини амалга ошириши лозим. Шу билан биргаликда йил якунида ҳисоб-рақамида камида ана шунча маблағга эга бўлмоғи керак. Акс ҳолда қатор қийинчиликлар юзага келади. Футболимизга хукумат даражасида эътибор қаратилиши самараси ўлароқ, шу кунга қадар 12 та барча шароитларга ва замонавий талабларга жавоб берадиган футбол мактаблари очилди.

Олдинлари юртимизда халқаро талабларга жавоб берадиган ўйингоҳлар йўқ эди. Бугунги кунда эса бундай ўйингоҳларимиз сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Мана Наманганда ҳам ана шундай ўйингоҳ қайта барпо этилди. Яқин кунларда Фарғонада ҳам замонавий ўйингоҳ фойдаланишга топширилади. Шунингдек, терма жамоалар базасини ҳам яхшиладик. Авваллари терма жамоалар ихтиёрида бўлган қароргоҳ кўримсиз бўлганди. Йиллар давомида бу каби муаммолар ҳам бартараф этилиб, футболчиларимизга барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Айни пайтда 14 та ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз фаолият юритишмоқда. Буларнинг барчаси ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Футболимизга хукумат даражасида эътибор қаратилишига кўплаб мамлакатларда ҳавас қилишади. ФИФА мутасаддилари ҳам юртимизда амалга оширилаётган ишларга қойил қолишмоқда. Негаки, футболимизни ривожланиши ва унинг пойдевори учун ўтган вақт давомида жуда катта маблағ сарфланди».

Учрашув давомида мухлислардан бири олдинлари ҳакамларни баҳоси матбуотда ҳам эълон қилинишини айтиб, кейинги пайтларда бу ҳол сир сақланаётганлигини билдирди. Ишқибозлар ўртасида турли хил тушунмовчиликларни олдини олиш мақсадида ҳакамларга қўйиладиган баҳоларни имкон бўлса яна барчага эълон қилинса деган таклифни ўртага ташлади. Бу борада ва умуман ҳакамлик хусусида М.Усмонов қуйидагиларни гапирди:
«Федерация президенти сифатида иш бошлаган пайтимда, ҳакамлик масаласи жуда ачинарли даражада эди. Ўша йиллари чемпионат бошиданоқ совринли ўринларни қайси жамоаларга насиб этишига ойдинлик киритиб бўлинар экан. Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда биринчи навбатда ҳакамлар билан учрашиб, уларнинг масаласини муҳокама қилдик. Қачонки, чемпионатда 3-4-ўринлар учун кураш сўнгги турларгача давом этиб, кураш кескин тус олсагина ўсиш кузатилади. Майдонга тушган жамоалар сўнгги сонияларгача кескин тарзда курашишсагина мухлислар бундан завқ олишади.

Авваллари ҳакамлар битта ўйинни бошқарганликлари учун кам миқдорда ҳақ олишарди. Бугунги кунда эса битта баҳсни бошқарган ҳакам 1 400 000 сўм пул олишмоқда. Агарда бир мавсум давомида 10 та учрашувда ишлайдиган бўлса яхшигина даромад қилиши мумкин. Ҳакамларни қайсидир жамоага сотилганидан хабар топсак, дарҳол у ким бўлишидан қатъий назар бу соҳада ортиқ ишламайди. Шу билан биргаликда, ўша жамоага ва унинг раҳбарларига тегишли чоралар кўрамиз. Бугунги кунда ҳакамлик борасида бир қатор ютуқларни ҳам қўлга киритмоқдамиз. Бунинг самараси ўлароқ юртимизда ФИФА ҳакамларининг сони ортиб бормоқда. Ҳозирда уларнинг сони 10 нафарга етган. Булар орасида Равшан Эрматовни алоҳида тилга олиш мумкин. Эрматовни жаҳон чемпионатининг очилиш учрашувини бошқаришга эришганлигини ўзиёқ меҳнатларимиз самарасидан дарак бериб турибди. Ахир, сўнгги пайтларда қайси МДҲ давлатларининг ҳакамлари бу каби натижани қайд этишди?

Ҳакамларнинг баҳоси хусусида жуда яхши таклиф билдирилди. Бу ҳақда гапирадиган бўлсам, ҳакамлар баҳосини ҳеч ким билмаслиги рост. Кейинги ўйинлардан бошлаб ҳакамлар хужжатидан кўчирмага уларни назоратчи томонидан қандай баҳога лойиқ кўрилганликларини ҳам эълон қиламиз» (залда гулдурос қарсаклар янгради).
Усмонов «Навбаҳор» жамоасининг иштироки ва бугунги куни ҳақида ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди: «Навбаҳор» масаласи юзасидан вилоят ҳокими билан суҳбатлашдик.

Қанчалик аччиқ бўлмасин, сўнгги етти-саккиз йилда «Навбаҳор» энг бечора жамоалардан бири бўлиб қолди. Бунга турли хил салбий ҳолатлар сабаб бўлди. Биринчи навбатда раҳбарларни бир сўзли бўлмаганликларини эътироф этиш жоиз. Яъни бугун битта гапни айтса эртасига бошқа гапни айтарди. Хуллас жамоада бир сўзли раҳбарни ва мураббийни топиш мушкул эди. Бугунги кунда эса вазият бироз ўзгаргандек. Ёрқин мисол сифатида «Пахтакор» ва «Навбаҳор» учрашувини келтириб ўтишим мумкин.

«Навбаҳор» футболчилари Тошкентда шундай яхши ўйин кўрсатишди. Улар намойиш этган ўйинни ҳали терма жамоаларимиз ҳам кўрсатишганича йўқ. Футболчилар майдонда бутун вужудлари билан Наманган фарзандиман, «Навбаҳор» футболчисиман, таслим бўлмайман дея охиргигача бор кучлари билан тўп суришди. Сўнгги дақиқаларгача борини бериб ўйнайдиган жамоалар кам. Ўша куни ҳар бир футболчини юзига қараб, уларни ёниб кетаётганлигини пайқаш қийин бўлмади. Футболни муносиб тарзда таҳлил қилиш ва баҳо бериш учун ўйинни телевизор орқали томоша қилиш лозим. Ўйингоҳда таҳлил қилиш ёки баҳо бериш учун имконият бўлмайди. Ўша учрашувни томоша қилиб, «Навбаҳор» ўйинчиларига мафтун бўлиб қолдим. Шу 93-дақиқада рўй берган вазият ҳаммасини ўзгартириб юборди. Бу ерда гап ҳакамда ҳам эмас, белгиланган пенальтида ҳам эмас. Негаки, буларни махсус комиссия кўриб чиқиб баҳо беради.

Эртасига кўриб ҳам чиқилди. Эсда қоларли вазият шундаки, «Навбаҳор» футболчиларига ўша куни рухсат берилганида, ҳакамни еб қўйишар ёки калтаклашарди. Гап калтакда ҳам эмас, асосийси футболчилар ичларидан ёниб кетишаётганди. Демак, бу болаларда бир нарса бор ва улардан нимадир чиқади. Ана шуни кўриб туриб биринчи навбатда Ашурматовни яхши жамоани тузганига амин бўлдим. Бахтиёр яхши футболчи бўлган. Мураббийлик борасида ҳам яхши натижаларга эришмоқда. Мисол учун ўтган йили «Гулистон»да ҳам яхшигина жамоани шакллантирганди. Бир қатор жамоалар бундан чўчиб ҳам қолишди.

Лекин, маблағ масаласи кўнгилдагидек бўлмаганлиги боис вазият кўнгилдагидек бўлмади. Ҳозирги кунда битта жамоани сақлаб туриш учун йиллик смета камида 10 миллиардни ташкил этиши лозим. Айни пайтда «Навбаҳор»ни на автобуси бўлса ва на қароргоҳи бор, шу билан биргаликда катта миқдорда қарздор бўлса бундай шароитда қани айтингларчи қандай натижани талаб қилиш мумкин. Қони қайнаб турган футболчиларга эътибор берилса, «Навбаҳор»ни бу йил энг камида 3-ўринни олишга кучи етади. Ҳозирда Ашурматовни миллий терма жамоага ёрдамчи мураббий бўлганидан хабардорсизлар. Авваламбор, Бахтиёр одобли ва узоқни кўрадиган мураббийлардан саналади. Энг яхши фазилати эса жамоадаги футболчилар билан бир оила бўлиб олади. Бунинг натижасида кўпчиликни ҳурматига сазовор бўлади. Бундай мураббийлар футболимизга керак.

 Мавсум бошида яхшигина таркибни йиғибди. Шу ўринда «Навбаҳор» мухлисларига ҳам раҳмат айтмоқчиман. «Пахтакор»га қарши учрашувни бевосита ўйингоҳда томоша қилган ишқибозлар жамоани муносиб тарзда қўллаб-қувватлашди. Турли хил бақир-чақирларни ўрнига футболчиларни олқишлаганлари учун минг раҳмат. Фидоиий мухлис, мураббий ва футболчига эга бўлган жамоани фақат олқишлаш мумкин. Айнан шу сабабли ҳам ишқибозлар билан учрашишни лозим топдим».

Ўзбекистон футбол федерацияси президенти «Навбаҳор» жамоасининг бугунги кундаги молиявий аҳволи ва ҳомийлик хусусида ҳам фикр юритди: «Айни пайтда вилоят ҳокимига ҳам осон тутиб бўлмайди. У киши ҳам имконият даражасида жамоани юксалиши учун ҳаракат қилмоқда. Ҳозирда «Навбаҳор»га Ўзбекистон «Озиқ овқат саноати» корхоналари уюшмаси ва «Ўзвино саноат» холдинг компанияси ҳомий этиб тайинланиб, ушбу уюшмаларнинг ҳар бири бир йилда жамоага бир миллиард сўмдан ҳомийлик ёрдамини кўрсатишар экан. Вилоят ҳокимияти эса йиллик сметани олти миллиард қилиб белгиласада, нари борса 2,5 миллиард сўм пул топиб бермоқда холос.

Ахир тўрт миллиард сўмлик смета билан қандай қилиб юқорига интилиш мумкин. Бу жуда мушкул вазифа. «Пахтакор»га қарши ўйиндан бошлаб, «Навбаҳор»га қандай қилиб ёрдам берса бўлади деб ўйлай бошладим. Шу кунларда ФИФАнинг конгрессида иштирок этиш мақсадида хорижга жўнаб кетаман. Бу каби анжуманларда дунёнинг турли чеккаларидан бойваччалар ташриф буюришади. Худо хоҳласа, уларнинг бирортасини июнь ойи охирларида юртимизга «Навбаҳор» футбол клубини таъсисчиси сифатида олиб келишга ҳаракат қиламан. Улар футболдан йироқ бўлишсада, маблағ бериш орқали ФИФАга ва футболни ривожланишига ҳисса қўшиб келишади. Айнан шу ўйлаган режамизни амалга ошириш орқали юзага келган бир қатор муаммоларни ечиш имкони юзага келади» (залда яна гулдурос қарсаклар янгради).

«Навбаҳор» клуби раҳбарияти, мураббийлар ва футболчилар билан бўлиб ўтган учрашув якунига етгач, бош мураббий Бахтиёр Ашурматов ҳамда маҳоратли ҳимоячи Юрий Рижколар «Навбаҳор» жамоаси аъзолари номидан ЎФФ президентига футболчилар имзоси туширилган тўп ҳамда Усмонов фамиляси ёзилган «Навбаҳор» футболкасини совға қилишди. Шу билан биргаликда, жамоа ишқибозлари ҳам ўз номларидан Мираброр Усмоновга махсус совғаларини ва ташаккурномани тақдим этишди.

Шавкат Содиқов.
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook