UZ

Сўнгги янгиликлар

03:36ЕКЛ. Ярим финал иштирокичилари маълум  0 02:01Европа лигаси. "Милан" ва "Ливерпуль" мусобақани тарк этди, "Байер" ва "Рома" эса ярим финал иштирокчисига айланди  10 01:17Мартинес ўйин давомида икки марта сариқ карточка олди, аммо майдондан четлатилмади. Бу қоидаларга зид эмасми? Йўқ!   9 00:53Аршавин: "Ливерпул"га қарши тўртта гол урган ўйиним фаолиятимдаги энг яхшиси эмас"  2 00:36Машариповнинг жамоадоши мухлисини бағрига босгани учун жазоланди  4 23:54"Барселона" мухлислари ПСЖга учралган мағлубиятдан илгари ўз жамоаси автобусига ҳужум қилишди  3 23:37Эрон Про лигаси. Ўрунов 77 дақиқа ҳаракат қилган ўйинда "Персеполис" йирик ғалабага эришди  0 23:20Футзал бўйича Осиё кубоги. Тожикистон - Жанубий Корея 2:0   0 23:10Футзал бўйича Осиё кубоги. Япония - Қирғиз Республикаси 2:3   2 23:08АПЛда дебют қилган 19 ёшли футболчи майдонга тушганидан 3 дақиқа ўтгач, ҳушидан кетди   0 22:41U-23 Осиё кубоги. Қатар ҳакам томонидан қўшиб берилган 13-дақиқада Иордания дарвозасига ғалаба тўпини киритди  15 22:22Мессини немис грандлари ўз сафига қўшиб олмоқчи  9 21:54"Барселона"да Хавининг ўрнини ким эгаллаши деярли маълум  7 21:38Жасур Жалолиддинов: "Олимпиада йўлланмаси бериладиган мусобақада қандай ҳолатда бўлишимизга қарамай, натижа кўрсатишимиз керак"   4 21:17Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этадиган навбатдаги клублар маълум, улардан бири — "Зальцбург"  1

Марко Блажич: “Ўзбекистонда жон деб қолган бўлардим!” Янгиликлар

Марко Блажич: “Ўзбекистонда жон деб қолган бўлардим!”

Ривалдо, Вильянуэва, Ристич, Денилсон, Трифунович каби легионерлардан кейин “Бунёдкор”га ташриф буюрган ҳорижликларга осон бўлмаслиги аниқ.

Сабаби, уларни юқоридаги юлдузларга қиёслаш бошланади ва тарози янгилар томонга оғиши мушкул. Ўтган йили ҳам легионерлар клубга катта ёрдам бергани йўқ: Эмиль Кенжисариевга биринчи давра тугамасдан жавоб бериб юборилди, Дэвид Карни даврлар оралиғида кетди, Славолюб Жоржевич заҳирага михланди, Ян Козак ўзимизникилардан юқори ўйин кўсатгани йўқ. Аниқроғи, ўзимизникилар юксак шижоат намоён этдилар ва Миржалол Қосимов жамоаси асосан маҳаллий йигитларга таяниб, Осиё чемпионлар лигаси ярим финалига етиб борди, Ўзбекистон Кубогини қўлга киритди ва миллий биринчиликда вице-чемпион унвонига сазовор бўлди.

Бу йил ҳам клуб легионерлар ҳизматига муҳтож эмасдек кўринганди, сабаби қишки ўқув-йиғинларда ҳорижликлардан бир нечтаси кўрикдан ўтган бўлса-да, улар билан шартнома имзолашга шошилинмади. Фақатгина ОЧЛга юбориладиган рўйҳатнинг якуний қисмида 2 легионер номи қайд этилди: сербиялик ярим ҳимоячи Марко Блажич ҳамда украиналик ҳужумчи Олександр Пишур. Украиналик ҳужумчи биринчи даврада асосий иши, яъни тўпурарлик қобилиятини намоён этди. У миллий чемпионатнинг 13та ўйинида майдонга тушиб, 12 гол муаллифига айланди ҳамда жамоанинг биринчи давра бўйича тўпурари мақомини қўлга киритди. Блажич эса икки томонлама таассурот қолдирди. Вақтида асосий таркибнинг ажралмас қисмига айланди, баъзида эса хатто заҳирадан бўлса ҳам майдонга туширилмади. “Бунёдкор”нинг сўнгги, кубок баҳсидаги Муборакдаги ўйинда Блажич асосий таркибда майдонга тушди, Олег Зотеевни голлик пас билан таъминлади ва учрашувнинг энг фаол ўйинчиларидан бири бўлди. Муборак-Бухоро-Тошкент йўналишида клубнинг сербиялик легионери билан дилдан суҳбатлашиш имконияти пайдо бўлди.

“ТАН ЖОНИНГИЗ СОҒ БЎЛСИН!”

Марко билан илк марта кўришганимда, юқоридаги жумлалар билан мурожаат қилганида, қулоқларимга ишонмаганман. Кейин жамоадошларининг “Қалай, зўр ўрганиб олибдими?” деган ҳазиломуз сўзларидан кейин, гап нимадалигини тушунганман. “Бунёдкор” асосий жамоасида дарвозабонлар мураббийи Абдусаттор Рахимов, ким билан кўришишидан қатъий назар, “Тан-жонингиз соғ бўлсин!” деб сўрашишини барча билади. Яхшими-ёмонми, танишми-бегонами, катта одамми-ёш болами фарқи йўқ, қўлини кўксига қўйиб “Тан-жонингиз соғ бўлсин” дейди. Унинг бу одатни канда қилмаслигини кўрган Блажич, ушбу жумланинг маъноси билан қизиқибди. Унга сўзма-сўз таржима қилиб беришгач, бир зумда ёдлаб олиб, ким билан кўришса, шуни такрорлайдиган бўлган экан.

“ФУТБОЛ ЎЙНАБ, ПУЛ ТОПИШГА МАҲКУМ ҚИЛИНГАНМАН...”

“Мен Белграддан унча узоқда бўлмаган Младеновац шаҳрида таваллуд топганман” дея ҳикоя қилишни бошлади Марко. “Шаҳримиз кичкинагина, 50 мингга яқин ахолиси бор холос. Оилада 4 киши бўлганмиз: ота-онам, опам ва мен. Бундан 18 йил олдин, 38 ёшларида онам бедаво дардга мубтало бўлдилар: қаттиқ қон босимидан мия қон томирлари ёрилиб кетди. Шифокорлар волидамнинг ҳаётини сақлаб қолган бўлсалар-да, тўшакка михланиб қолдилар. Уй ичида харакатлана оладилар, бироқ ташқаридаги оддий қуёш нури ҳам уларга хавфли. Ўша пайтда мен 10 ёшда эдим ва маҳаллий футбол мактабида шуғулланардим. Ота-онамнинг кичик ресторани бор эди ва оиламиз рўзғори ўшанинг ҳисобига тебратиларди. Кейинчалик опам турмушга узатилди ва отам ресторанни сотиб, онамга ўзлари қарай бошладилар.

Менинг қўлимдан футбол ўйнашдан бошқа нарса келмасди ва шукр қиламан, айнан шу сохада пул топадиган бўлдим ва бахоли-қудрат отамга ёрдам бера бошладим. Онамга қиммат дорилар билан муложа қилшга тўғри келарди. Отам ресторанни сотгач, маблағ масаласида қийинчиликка дуч келар ва хар сафар мен уйга пул олиб келганимда икковимиздан бахтли одам бўлмасди. 20 ёшимда маҳаллий “Младеновац” клубига қабул қилиндим. 2 йил давомида 33 мартта майдонга тушиб, 6 гол муаллифига айландим. Кейинги 2 йил “Чукарички” шарафини ҳимоя қилдим ва кўрсаткичларим 2 баравар ошди: 64 ўйин, 11 гол. Ва ниҳоят болаликдаги орзуим ушалди – менга Белграднинг “Црвена Звезда” клубидан таклиф тушди...

“БЛАЖИЧНИНГ НАРҲИ – 3 ЯРИМ МИЛЛИОН ЕВРО!”

“Црвена Звезда” клуби еврокубокларда қатнашгани учун ҳам, у ерда мамлакатнинг бошқа жамоаларига қараганда яхши маош тўланарди. Ундан ҳам яхши томони, клуб трансфер бозорида фаол ишларди ва ўзини кўрсатган ўйинчиларга ҳориждан яхши таклифлар чиқиб турарди. Бу борада бир куни менинг ҳам омадим чопишига ишонардим. Ва ўша кун келди! Швейцариянинг “Сьон” клуби билан муросасиз ўйин 3:3 ҳисобида якунланди. Мен ўша куни “Црвена Звезда”нинг 2 голига муаллифлик қилдим. Ўйин тугаши билан, швейцарияликлар менинг трансферим учун 1 миллион евро тўлашга рози эканликларини билдиришди. Бунга жавобан “Црвена Звезда” президенти “3 ярим миллион тўланглар ва Марко сизники” дея жавоб қайтарди. “Сьон” ўз таклифига яна ярим миллион қўшди – мен учун 1 ярим миллион евро таклиф қилинди!
Афсуски, юртдошларим менинг тақдиримдан кўра ўз чўнтакларини афзал билишди ва 3 ярим миллиондан пастига кўнишмади. Мен дарғазаб бўлиб, клуб президентига ўз эътирозларимни билдирдим. Эвазига заҳира ўриндиғига михландим ва кўп ўтмай Словакиянинг “Ружомберок” клуби ихтиёрига ўтдим. Шу тариқа бахт қуши бошимга қўнмай учиб кетди, хасис раҳбар эса 1 ярим миллион евродан қуруқ қолди...

“БАХТИМНИ ТОПДИМ – ЎРНИМНИ ЙЎҚОТДИМ...”

Словакиядаги бир йиллик фаолиятимдан сўнг, мени Россиянинг “Амкар” клуби ўз сафига қўшиб олди. Пермликларнинг ўша пайтдаги мураббийи Рашид Рахимов менга унча ишонқирамай қараганди. Лекин жамони Миодраг Божович қабул қилиб олгандан кейин, ҳаммаси ўз ўрнига тушди. Мен асосий таркибнинг ажралмас қисмига айландим! Ҳаётим ҳам ўз изига туша бошлади: уйга юбораётган пулларим миқдори ошди, бўлажак умр йўлдошимни топдим ва ёзги давралар оралиғига тўй кунини белгиладик. “Амкар” билан шартномам йил сўнггида ниҳоясига етиши керак эди. Клуб раҳбарияти Божович тавсиясига биноан ярим йил олдиндан менга яна 2 йиллик шартнома таклиф қилди. Мен Белграддаги тўй ва асал ойидан қайтиб келгач, бу масалага алоҳида қайтишимизни айтдим. Сабаби, бундан кейинги ҳаётим фақат ўзимга эмас, иккинчи ярмимга ҳам тегишли эди.

Хар бир инсон учун севган кишиси билан висол оқшоми энг унутилмас лаҳзалардан бири бўлиши табиий. Мен ҳам ана шундай онларни бошдан ўтказганим учун шукр қиламан. Лекин Пермга қайтганимда яна ҳаммаси остин-устун бўлиб кетди. Давралар оралиғида клубда мураббийлар штаби алмашган, Божович жамоани тарк этган, янги мураббий Рустем Хузин эса янги жамоа тузишга киришганди. Клубдагиларга янги шартнома ҳақидаги таклифни эслатсам, янги мураббий тавсия берсагина деган илтифотли жавоб билан чекланишди. Бу орада Россия футболида легионерларга чеклов ҳақидаги қоида кучга кирди ва яна заҳира ўйинчисига айландим...

“БРАЗИЛИЯДА МЕНГА НИМА БОР?”

2012 йилни кузатиш ва 2013 ни кутиб олиш қандайдир мавҳумликда кечди. Бир томондан рафиқам менга фарзанд ҳадя қилиб, дунёдаги энг бахтли оталар қаторига қўшди. Бошқа томондан, бундан кейинги фаолиятим қандай кечади, энди қаерда ўйнайман деган саволлар хавода муаллақ турарди. “Амкар” билан барибир келиша олмадим ва шу йил бошида клуб мени трансферга қўйди. Энди ўзим билмаган ва тасаввур ҳам қила олмайдиган таклифларни ўрганишимга тўғри келганди. Шунинг учун ҳам танишларимдан бири "Зико ва Сколари ишлаган, Ривалдо ўйнаган жамоага ўтишни истайсанми?” деб сўраганида, “Бразилияда менга нима бор?” деб саволга савол билан жавоб қайтарганман. Чунки уларни фақатгина Бразилиянинг қандайдир клуби боғлаган бўлса керак деб таҳмин қилгандим. Вахоланки, гап “Бунёдкор” ҳақида борган экан. Кечаси билан интернетда Ўзбекистон ҳақида маълумотлар тўпладим. Бир вақтлар “Црвена Звезда”да бирга тўп сурган ҳамюртим, ҳозирда Тошкентнинг “Пахтакор” клуби шарафини ҳимоя қилаётган Боян Миладиновичнинг телефонини топдим ва барча саволларимга жавоб олдим. Энди энг асосийси қолганди – “Бунёдкор” мени танлаши лозим эди...

Тошкентликлар сафига Туркиядаги сўнгги йиғинда бориб қўшилдим. Хали шартнома тўғрисда гап ҳам йўқ, мен 1-2 назорат ўйинида ўзимни кўрсатишим ва шундан сўнггина шартнома шартлари тўғрисида мавзу кўтарилиши олдиндан маълум эди. Мен машғулотлар ва ўйинларда шижоат билан харакат қилдим, хар бир тўп учун жон-жаҳдим билан курашдим. Лекин аввалги йиғинларда иштирок этмаганим сабабли, жисмоний холатим қониқарли ахволда эмасди. Шукрки, Миржалол Қўшоқович менга ишонч билдирди, лекин шарт қўйди: ”Сени ОЧЛга рўйҳатдан ўтказамиз, лекин барқарор ўйин кўрсатмасанг, бу ерда ҳам заҳира ўйинчисига айланасан...”

ТОШКЕНТДАГИ СЕРБЛАР УЮШМАСИ ВА РАСУЛНИНГ ОШИ

Тошкент менга жуда ҳам ёқди. Ватаним хали ҳам нотинч, уюшган жиноятчилик авж олган. Пермь шаҳри тинч бўлса ҳам, қандайдир совуқ нигоҳлар ва ҳар ким ўз қобиғига ўраниб олган эди. Тошкентда эса мутлақо бошқача кайфият ҳукмрон. Кишилар бир-бирига меҳрибон ва хушмуомилали. Тинчликсевар эл ва файзли мамлакат. Жамоадошларим очиқкўнгил йигитлар, лекин улар билан кунига узоғи билан 3 соат биргаман. Қолган вақтларда зерикиб қолмаслик учун, кунни юртдошларим билан бирга ўтказаман. Боян Миладинович билан деярли хар куни, “Олмалиқ” аъзолари Дарко Станоевич ва Игорь Петковичлар билан имкон бўлди дегунча учрашиб турамиз. Бу ерда ўзига хос серблар уюшмаси тузганмиз. Тўғри, Сербия тамомларига ихтисослашган ресторанни учратмадик, лекин муҳими бу эмас. Биринчидан, Тошкентда танлов жуда кўп: Италия ва Франция ресторанлари, Турк ошхонаси ва ўзбек миллий таомлари. Иккинчидан биз бирга овқатланиш учун тўпланмаймиз, балки бир пиёла чой устида гурунг қилгани.

Ўзбек миллий таомлари ранг-баранглиги ва бир-бирига ўхшамаслиги билан ажралиб туради. Ош ҳақида алоҳида гапирмоқчиман. “Бунёдкор”да ўйиндан бир кун олдин кечқурун албатта ош қилиниши анъанага айланган экан. Очиғини айтсам, бошида роса қийналдим. Организмим ўрганмагани учун ҳазм бўлиши қийин кечди ва анчагача ухлолмасдим. Кейин эса нафақат ўргандим, балки ош энг севимли таомларимдан бирига айланди. Қизиғи, палов хар хил жойларда турлича тайёрланаркан, уларнинг ҳаммаси мазали. Лекин менга клуб ошпази Расулнинг оши жуда ёқади. Расул бизга сафар ўйинларида ҳамрохлик қилгани учун ҳам, қаерга бормайлик, ўзимизнинг таниш ош дастурхонга тортилади. Шунинг учун ҳам мен ўйиндан олдинги кечки таомни интизорлик билан кутишга одатландим...

МЕН АЛБАТТА “БУНЁДКОР”ДА ҚОЛИШИМ КЕРАК!

Давралар оралиғида бизга 5 кунлик таътил беришди ва мен бу орада Ватанимга бориб келаман. Оиламни жуда соғиндим. Онамнинг ёнларида бир кун ўтираман. Шунча зўрласам ҳам, ота-онам менинг Белграддаги квартирамга кўчиб келишмади ва Младеновацдаги қадрдон уйларида қолишди. Майли, қаерда бўлишса ҳам умрлари узоқ бўлсин. Белим ва оёқларимда кучим бор экан, уларни хеч нарсага муҳтож қилмайман. Мен ёлғиз ўғилман ва бунинг масъулиятини жуда яхши англайман. Рафиқам қизалоғим билан яқинда Тошкентга келиб кетишди. Қизалоғим 10 ойлик бўлгани учун ҳам меҳмонхонада кичкинтойларга овқат тайёрлаш бир мунча қийин кечди. Лекин оиламга Тошкент жуда ҳам ёқди. Энди Ўзбекистонга қайтгач, “Бунёдкор” билан тоғдаги машғулотларни давом эттираман. Машғулотлар Тошкентга кўчгач, ижарага квартира оламан ва оилам билан ўша ерда яшайман.

“Бунёдкор”даги фаолиятимдан жуда ҳам қониқдим деб айта олмайман. Онамнинг оғирлашиб қолганлари ва аёлимни дард тутаётган пайтида қаттиқ руҳий сиқилдим ва бу майдонда ҳам таъсирини кўрсатди. Лекин буларни баҳона учун келтираётганим йўқ. Мен профессионалман ва ҳар қандай вазиятда ҳам ўзлигимни сақлаб қолишим керак. Оилам бу ерга кўчиб келгач, ҳаммаси изга тушиб кетишига ишонаман. Мен ўзимнинг энг яхши ўйинларимни “Бунёдкор” сафида кўрсатишим ва мураббийлар ишончини қозониб, шартномам муддатини узайтиришим лозим. Сўнгги 3 йилда 4 жамоани алмаштирдим ва бу ижобий ҳолат эмас. Энди “Бунёдкор”да муқим ўрнашиб олиш учун бор имкониятларимни ишга солишим керак. Миржалол Қўшоқович самимий инсон ва маҳоратли мураббий. Биринчи бор уни кўрганимда бу ёш мураббий менга нимани ўргатиши мумкин деган савол ҳам фикримдан кечганди. Билишимча, у ўз ишининг устаси ва касбининг фидойиси. Шундай мутахассис қўл остида ўйнашни ўзимга шараф деб биламан. Мени заҳирада қолдирганида ундан эмас, ўзимдан ҳафа бўламан - мураббий ишончини қозона олмаётганим учун. Лекин яна такрор айтаман, мен ҳали ўз сўзимни айтаман, “Бунёдкор”нинг ёрқин ғалабаларига ўз ҳиссамни қўшаман! “Бунёдкор” – йиллар давомида мен излаган жамоа ва мен бундан-буён ҳам унинг бир қисми бўлиб қолишни истайман!”

Аброр ИМОМХЎЖАЕВ ёзиб олди.

Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
Яндекс.Метрика