Latest news

06 dec 11:07
News

“Манчестер Юнайтед”: Пул топишнинг инглизча санъати

Клубларимизда маркетинг ва бизнес салоҳиятининг йўқлиги охирги йилларда кўпроқ тилга олинмоқда.
Чунки хориж жамоалари олиб бораётган ишлаш тизимидан бугунда ҳаммамиз хабардор бўлиб улгурганмиз. Ўзбек клубларига намуна сифатида келтириш мумкин бўлган жамоалар сони Европада жуда кўп. Тўғри, бизда ҳали барча шароитларни таққосласак, ўшандай пул ишлаб топишимизга кўп вақт бор. Бироқ ҳаракатни ҳозирдан бошлаганлар бунинг мевасини кўришлари табиий ҳол. Жаҳон бўйлаб энг кўп мухлислардан бирига эга бўлган жамоа сифатида “Манчестер Юнайтед”ни келтириб ўтиш мумкин. Ушбу жамоа қай тариқа ҳисоб рақамини катта миқдордаги сумма билан тўлдириши ҳақида ушбу мақолада маълумот бериб ўтамиз.

ГЛОБАЛ БРЕНД

Бугунги кунда “Манчестер Юнайтед” глобал бренд ҳисобланади. 2009 йилдан бошлаб жамоа номланиши туфайли ишлаб топилаётган маблағ миқдори ААА кўрсаткичига етган, бу энг юқори миқдор дегани. Ҳозир эса энг кўп пул ишлаб топаётган клублар рўйхатида учинчи ўринда бормоқда. Кўп йиллар мобайнида пешқадамликни ўзида сақлаб келган. Бунинг илк таъсири деб 1960-йилларда амалга оширилган ишларни кўрсатиш мумкин. Мэтт Басби қўл остида Бобби Чарльтон, Нобби Стайлз, Денис Лоу ва Жорж Бест сингари машҳур футболчилар тўп тепишган. Улар турли совринларга эга чиқиб, ҳужумкор футбол намойиш этиш орқали клуб номини мухлислар томонидан бошқача тилга олинишига сабабчи бўлганлар. Бест эса нафақат футбол майдони, балки ундан ташқаридаги ҳаётда ҳам юлдузлик даражасига эришиб, клубга бўлган қизиқишни янада оширган.

«Юнайтед» 1991 йил акцияларини Лондон фонд биржасига чиқарган ҳолда шундай ишга қўл урган биринчи инглиз жамоасига айланган. Бу эса клубга сезиларли миқдорда қўшимча капитал келтирган. Бу эса ҳозирда жаҳон грандларидан бирига айланган жамоанинг шу мақомга етишишида қўйилган илк қадамлардан бири эди. Кейинчалик бренд мавқеини ошириш учун футболчилардан фойдаланиш йўлга қўйилди. Дэвид Бекхэм ва Криштиану Роналду бу борада энг кўп фойда келтирган ўйинчилар қаторида эътироф этилади. Бекхэмнинг Осиёда ўта машҳур эканлиги қитъамизда клуб тижорий муваффақиятлар қайд этишида катта ўрин тутган. Шунингдек, охирги 10 йил ичида Хитой, Жанубий Корея ва Япониядан таркибга футболчини жалб қилган манчестерликлар футболга қизиқиш ўта юқори ва жамоа учун пул сарфлаши мумкин бўлган мухлислар оқимини ўзларига қарата олишди.

Энди жамоа қайси жиҳатлар бўйича кўп ишлаб топишига эътибор қаратсак. Биринчи навбатда бу телетрансляциялардан тушадиган пуллар билан боғлиқ. Англияда жамоалар эгаллаган ўринларига қараб тегишли миқдорда суммага эга чиқишади. 1992 йилдан буён “МЮ” “Бритиш Скай”дан энг кўп олган жамоага айланган. Тижорий фаолиятдан пул ишлаб топиш борасида маникунианлар бошқалардан олдинда боришмоқда. Мухлислар учун эса клуб икки хил дастурни ишга туширган: “Manchester United Finance” ҳамда “One United”. Ундаги аъзоликка қараб ишқибозлар хизмат ва маҳсулотлардан фойдаланади. Асосий ҳомий саналган “Nike” шартнома тузилганидан бошлаб ўтган дастлабки 22 ой ичида клуб рамзи туширилган 3,8 миллион дона футболкаларни сотишга улгурган. Бу эса жамоанинг ишқибозлар орасида қанчалик машҳурлигини кўрсатиб турибди.



ҲОМИЙЛАРИ

Клуб жуда кўплаб компаниялар билан ҳомийлик ва ҳамкорлик шартномаларига эга. Бунинг учун компаниялар эътиборига турли пакетлар ҳавола этилади. Масалан, асосий ҳомийлар қаторидан ўрин олишни истаганлар учун алоҳида шартлар, оддий ҳомий ёки ҳамкорлар учун бошқа шартлар. Ўзига таклиф билан чиқадиган компанияларни ранжитиб қўймаслик учун манчестерликлар барча имкониятларни ишга солишади. Машғулотлар базаси, академия ва бошқа йўналишларда клубнинг алоҳида ҳомийлари мавжуд. Ҳаттоки, академия ва базага озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берувчи турли компаниялар билан шартнома имзоланган. Бунда жамоа пул ишлаб топмаслиги мумкин, лекин қанчадир миқдорда маблағни иқтисод қилади. Турли хил шартномаларга кўз ташласак, “МЮ” бир пайтнинг ўзида 100га яқин катта-кичик компаниялар билан иш олиб боришини кўришимиз мумкин. Энди эса катта миқдорда пул тўлайдиган ёки хизматларни амалга оширадиган компаниялар рўйхатига назар ташлаб ўтамиз.

Клуб тарихида учрашувларда майдонга тушадиган футболкаларда қайд этилган тўрт компания номи бўлган холос. Яъни, жамоа кўпинча узоқ муддатли шартномалардан фойдаланади. 1982 йилдан 2000 йилгача асосий ҳомий сифатида “Sharp” эътирофда бўлган. Ўша пайтларда жамоа рекорд даражадаги пулга ишлаган. Кейин 4 йил давомида “Vodafone” “МЮ”га 30 миллион фунт тўлади. Кейин муддат 2 йилга узайтирилди. 2006 йилдан эса “AIG” номи туширилган футболкалар жамоанинг расмий либосига айланди. 4 йил учун 56,5 миллион фунт олган маникунианлар 2009 йилдан “Aon” биан ҳамкорлик қилиб келишмоқда. 4 йиллик шартнома миқдори 80 миллион фунтни ташкил қилади. Бу эса рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Яъни, бу компаниялар фақат ўз номлари жамоа либосига туширилгани учун шунча миқдорда пул тўлашади, улар ўртасида бошқа мажбуриятлар мавжуд эмас.

Спорт маҳсулотлари етказиб бериш бўйича ҳам “Манчестер Юнайтед” шу пайтгача 4 компания хизматидан фойдаланган. “Umbro”, “Admiral”, “Adidas”, “Umbro” ва 2002 йилдан бошлаб “Nike”. 13 йилга тузилган шартнома муддати 2015 йил тугайди.



Расмий ҳомийлари рўйхати

«Аэрофлот» - жамоанинг расмий ташувчиси
AON Corporation – бош ҳомий. Жаҳондаги иккинчи йирик суғурта компанияси
Nike – эпикировкалар тайёрловчи. Спорт маҳсулотлари сотишда энг йирик компаниялардан бири
Chevrolet – клубнинг автомобиллар бўйича ҳамкори
DHL – маҳсулот ва бошқа нарсаларни етказиб берувчи ҳамкор
Epson Corporation – офис жиҳозлари ишлаб чиқарувчи фирма
MTN Group – клубнинг расмий телекоммуникация бўйича ҳамкори
Bharti Airtel Limited – Ҳиндистон телекоммуникация фирмаси, расмий ҳамкор
Turkish Airlines – жамоанинг сафар ўйинларига хизматини тақдим этади
Telekom Malaysia Berhad – Малайзия телекоммуникация компанияси, расмий ҳамкор
Thomas Cook Airlines – Манчестерда жойлашган авиакомпания
Smirnoff – алкогол маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компания
BWIN – букмекерлик контораси
Singha – пиво ишлаб чиқарувчи компания
Casillero Del Diablo – вино ишлаб чиқарувчи компания
Mister Potato – газак маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи фирма
STC – клубнинг Саудия Арабистонидаги расмий телекоммуникацион ҳамкори
PCCW – клубнинг Гонконгдаги расмий телекоммуникацион ҳамкори
Globacom – клубнинг Нигерия, Гана ва Бениндаги расмий телекоммуникацион ҳамкори
VIVA – клубнинг Баҳрайн ва Қувайтдаги расмий телекоммуникацион ҳамкори
Turk Telekom – клубнинг Туркиядаги расмий телекоммуникацион ҳамкори
A.P. Honda – Таиланд мотоцикл ишлаб чиқарувчи ҳамкори
Zong – клубнинг Покистондаги расмий телекоммуникацион ҳамкори
Beeline – клубнинг Вьетнам, Камбоджа ва Лаосдаги расмий телекоммуникацион ҳамкори
Globul – клубнинг Болгариядаги расмий телекоммуникацион ҳамкори
Mamee – хамир маҳсулотлари тайёрловчи компания

Аввалги мавсумда “МЮ” ўйин кунги тушумлардан 122, телетрансляциялар ҳуқувидан 128,5 ва тижорий фаолиятдан 145,4 миллион евро ишлаб топди. Жами 395,9 миллион евро миқдорида сумма клуб ҳисоб рақамига келиб тушди. Бу “Реал” ва “Барселона”дан кейин жаҳондаги учинчи кўрсаткич саналади. Агар Англияда трансляциялардан тушаётган пулларнинг тақсимланиши адолатли тарзда бўлмаганда манчестерликлар бундан ҳам кўпроқ маблағга эгалик қилишлари мумкин эди. Шунга қарамай, Манчестер шаҳри жамоаси пул ишлаб топишда жаҳонда етакчилардан бири бўлиб келишни уддаламоқда. Клуб раҳбариятининг жамоани ривожлантиришда қўллаган сиёсатига қойил қолмасдан бошқа илож йўқ.

Мухлислар одатда футбол клуби деганда нари борса футболчилар, ёшлар жамоаси ва бошқа ходимларни тушунишади. Лекин “МЮ” мисолида клуб деярли каттагина корпорация эканлигини кўрамиз. “Қизиб иблислар” учун доимий равишда ишловчи инсонлар рўйхати билан танишинг:

- 71 футболчи;
- 70 техник ва мураббийлар штаби ходими;
- 53 тижорий фаолият билан шуғулланувчи менежер;
- 65 ҳар қандай алоқаларга жавоб берувчи ходимлар;
- 369 маъмурий ва бошқарув ходимлар;
- 2000 нафар вақтинчалик ходимлар, улар аниқ бир вазифани уддалаш, уй ва сафар ўйинларида турли ишларни қилиш учун ёлланади.

Уларнинг барчасига йилига 150 миллион фунт миқдорида маош тўланади. Яна бир неча миллион фунт стадион ва базани сақлаб туриш, футболчиларни харид қилиш учун сарфланади. Юқоридаги уч соҳадан “МЮ” ишлаб топадиган пуллар шу ерда асқотади. “Олд Траффорд”га мухлислар ташрифи ўсмайди, чунки 99 фоизга тўлиш анъанаси кўп йиллардан бери сақланиб келмоқда. ЕЧЛ, премьер-лига ва кубоклардаги учрашувни ҳисобласак, бир мавсумда ўртача 28-30 ўйин “Олд Траффорд”да ўтказилади. Бундан эса жамоа 122 миллион евро ишлаб топган. Ўз майдонидаги ўйинларнинг ҳар бир дақиқасида манчестерликлар ўртача 40 минг фунт ишлаб топишар экан. Ўйин кунги тушумларнинг 53 фоизи чипталар сотишдан, 19 фоизи хизмат кўрсатиш ва 28 фоизи музейга ташриф буюрувчилар ҳисобига шаклланади.



Тижорий фаолият ҳам клуб ҳаётида муҳим ўрин тутади. Маҳсулотлар сотуви, мобил ва медиа хизматлар кўрсатиш борасида клуб катта фаоллик кўрсатади. “Nike”нинг ўзи клуб логотипи туширилган маҳсулотлар сотуви туфайли йилига камида 23-25 миллион фунт тўлайди. Шунингдек, турли спорт маҳсулот ва инвентарлари, сувенирлар сотиш эвазига яхшигина пулга ишланади. Жамоага ҳомийлик қилаётган компаниялар ҳақида тўлиқ маълумотни эса тақдим этиб ўтдик. Эътиборингизни мобил ва медиа хизматлари тақдим этиш жиҳатига қаратамиз. Бу борада клуб жаҳон бўйича 44та шартномага эга. Ўша компаниялар ўз мижозларига “МЮ”нинг махсус сим карталарини сотишади, у орқали клуб янгиликлари, видео, ўйин ва мусиқани юклаб олиш мумкин бўлади. Агар “МЮ” гол урган ёки ўйинни ютган тақдирда мижозларга турли совғалар тақдим қилинади. Ўтган мавсумда медиа хизмат кўрсатиш орқали клуб 20 миллион фунт миқдорда маблағга ишлади. Мана, ишни олиб бориш. Бизда эса клублар чипталар сотишни қойиллатиб эплай олишмаяпти.

Телетрансляцияларга келадиган бўлсак, ички бозордан “қизил иблислар”га 60 миллион фунт атрофида тегади. Шунингдек, ЕЧЛдаги иштирок этгани туфайли УЕФАдан ҳам трансляциялар учун катта суммадаги пулга эга бўлади. Бутун дунё бўйлаб эфирга чиқадиган клуб телеканали ҳам жамоага катта маблағ келтиради. Турли кўрсатувлар тайёрлаш, уларни сотиш орқали жамоа ҳисобига маълум сумма келиб тушади. ТВдан олинаётган даромаднинг 9 фоизи “МЮ ТВ”га тегишли экани бу борада ишлар кўнгилдагидек кетаётганини кўрсатади.

Яқиндагина “Chevrolet” компанияси логотипи футболкасида акс этиши учун “МЮ” шартномага қўл қўйди. Унга кўра, клуб 7 йил ичида 559 миллион доллар миқдорида маблағга эга бўлади. Бу жуда катта рақам. Энди яқин йиллар мобайнида клуб бемалол йирик трансферларни амалга ошириш имкониятига эга. Чунки сўнгги бир йил давомида тижорий фаолиятдан келган пуллар миқдори деярли 30 фоизга ортган. 7 глобал, 4 ҳудудий ва 9 молиявий ва телекомпаниялар билан шартномалар имзоланган. “Facebook” ва “Twitter” фойдаланувчилари сони кундан-кунга сезиларли миқдорда ошиб бормоқда. Бу эса жамоа мухлислар сонининг кўпайиши доимий тарзда давом этишини билдиради. Медиа хизматлардан ташқари жамоа журналини сотиш ҳам яхшигина фойда келтира бошлашига шубҳа йўқ. Чунки “МЮ” матбуот хизмати футболчилар билан бошқа ОАВ ходимларининг мулоқот қилишларига унчалик кўп рухсат бераверишмайди. Фақат катта тиражли газеталарнинг илтимоси қондирилади. Футболчилар билан эксклюзив интервьюлар бошқа газеталарда чоп этилмагач, аксарият мухлислар клуб расмий журналини харид қилишга мажбур бўлишади. Бу ҳам пул топишга қаратилган яна бир қадам дейиш мумкин. Телеинтервьюлар “МЮ ТВ”да эфирга узатилиши туфайли клуб телеканали мижозлари кўпаяди. Бу эса медиа хизматига бўлган талабни янада оширади. “Манчестер Юнайтед”нинг тутган йўлига қойил қолмасдан имконингиз қолмайди.

Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади.
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook