Latest news

15:45Лингард МЮда кўпроқ пул ишлаб топишни истамоқда1 15:45Лингард хочет получать по новому контракту больше, чем ему предлагают в МЮ0 15:36ФОТО. Смоляченко ва Сичев Малайзия клубида кўрикдан ўтмоқда4 15:28Знаете ли вы?! Огнен Красич покинет "Насаф"0 15:21Расмга изоҳ беринг №339 15:10“Локомотив” футбол клуби логотип эволюцияси (+Фото)3 15:10Свен-Еран Эрикссон Хитой жамоасида иш бошлади1 15:10Свен-Еран Эрикссон сменил Кларенса Зеедорфа на посту тренера в китайском "Шэньчжэне"0 15:06ОЧЛ-2017да қайси клублар иштирок этишади?7 14:47Суҳроб Бердиев: “Айни дамда битта жамоадан таклиф бор”2 14:40Торрес жароҳатидан қутилди ва "Бавария" билан ўйинга тайёр2 14:35Эшитдик-да! Огнен Красич "Насаф"дан кетади15 14:14Поль Погба: "Ювентус" - фаолиятимдаги энг муҳим жамоа"3 14:14Поль Погба: "Ювентус" - самый важный клуб в моей карьере"0 14:12ОЧЛ-2017. Қуръа жараёни 13 декабрь куни соат 13:00да бошланади2

05 nov 16:58
News

Луиз Фелипе Сколари: «Ўзбекистон термасининг Бразилияга келишига тўла ишонгандим...»

2009 йилнинг 9 июнь куни «Бунёдкор» билан 1,5 йиллик шартнома имзолаб, дунё футболида ўзига хос шов-шув кўтарган Луиз Фелипе Сколари айни пайт Бразилия терма жамоасини ЖЧ-2014га тайёрламоқда.

Табиийки, ўз халқи олдида бўлиб ўтадиган мундиал мутахассис зиммасига каттагина масъулият юклайди. «Пентакампеонлар»ни қабул қилиб олишдан аввал Сколари маҳаллий «Палмейрас» клубида ҳам маълум муддат ишлади. Аммо қониқарсиз натижалар сабаб жамоа раҳбарияти мураббийни истеъфога чиқарди. «Палмейрас» 24та ўйинда бор-йўғи 20 очко тўплаб, турнир жадвалининг охирги ўринларидан жой олди. Шундай бўлсада, «Сержант» узоқ вақт ишсиз қолмади. «Пахмоқ қизнинг бахти», дегандек, унга бир йўла Бразилия терма жамоаси бош мураббийи лавозими топширилди. Аввалига маҳаллий матбуот ва мухлислар мутахассисга ишонч билдиришмади. Лекин натижалар ижобий чиқа бошлагач, Сколарига кўникишди. Айниқса, Конфедерация­лар кубоги-2013даги ғалаба Луизга яхшигина «очко» олиб келди. Куни кеча 2002 йили дунёнинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилган мутахассис билан телефон орқали боғланиб, эксклюзив интервью олдик.

- Жаноб Сколари, суҳбатимиз аввалида Ўзбекистон миллий жамоаси ҳақида гаплашсак. Аввалги суҳбатимизда бош жамоамизнинг ЖЧ-2014 финал босқичига чиқишига ишонч билдиргандингиз. Бироқ...

- Аввало, серқуёш Ўзбекистон хал­қига соғинчли саломимни йўллайман. Бу юрт мен учун бегона эмас. Бир йил давомида шу давлатда яшадим, озми-кўп урф-одатларига амал қилдим, яхши кунларида меҳмон бўлдим. Шундай экан, Ўзбекистон терма жамоаси тақдирига қандай бефарқ қарашим мумкин? Албатта, интернет орқали гуруҳ бос­қичининг ҳар бир турида қайд этилган натижаларни кузатиб, таҳлил қилиб бордим. Ҳа, аввалги интервьюмда шахсан ўзим Ўзбекистон делегациясини аэропортга чиқиб кутиб олишимни айтгандим. Афсуски, бу истагим амалга ошмайдиган бўлди. Очиғини айтаман, жамоангизни ЖЧ финал босқичига чиқишига 200 фоиз ишонгандим. Зеро, гуруҳда юзага келган вазият шу сўзларни қатъий айтишимга замин яратганди. Қандай қилиб қулай имконият бой берилди, ҳайронман... Боз устига, 14 очко тўплаб, фақат тўплар нисбатига кўрагина мундиал чиптасидан маҳрум бўлиш... Бу жуда аламли ҳолат. 

- Муваффақиятсизликда кўпчилик бош мураббий Миржалол Қосимовни айблаяпти. Тўғри, сиз океан ортидасиз, аммо Қосимовнинг имкониятлари ва иш услубидан яхши хабардорсиз. Бу борада шахсий фикрингиз қандай?

- Биласизми, натижа чиқмагач, ҳамиша мураббийни айблашади. Аслида муваффақиятсизлик замирида бош­қа омиллар ҳам бўлади. Кўп йиллик фаолиятим давомида бу каби ҳолатларга кўп бора дуч келдим. Баъзида клуб раҳбарлари керакли шароитларни яратиб беришмайди, аммо натижа талаб қилишади. Ҳеч қачон бошдан баланд сакраб бўлмайди-ку, ахир. Жамоа ғалаба қозонса, футболчиларни кўкка кўтаришади. Мураббий эса бир четда қолиб кетади. Мен Жалолни жуда яхши биламан. Ёш, истеъдодли йигит. Қийин вазиятда уни қўллаб-қувватлаш керак. Ёш мураббийлар бундай пайт тан­қидларни кўтаролмай, «синиб» қолишлари мумкин. Ўйлайманки, ЖЧ-2014 саралаш ўйинлари Қосимов учун яхшигина мактаб бўлди. Шу ўринда шахсий фикримни билдираман. Таомнинг ширин чиқиши масаллиққа боғлиқ. Гўштли таом ҳамиша мазали бўлади. Бу бироз қўпол ўхшатиш, аммо ҳозирги мавзуга мос келади. «Бунёдкор»да ишлаган пайтим маҳаллий футболчилар масаласида қийинчиликларга дуч келардик. Юқори савия­даги ўйинчилар бармоқ билан санарли эди. Эҳтимол, ҳозир ҳам шундай ҳолатдир... Аслида мураббий номзодлар кўплигидан довдираб қолиши лозим. Назаримда, Ўзбекистон клублари, хусусан, миллий терма жамоасида шундай камчилик бор. Бунинг юзага келмаслиги учун болалар футбол мактаблари бўлмоғи лозим. 3-4та мактаб билан иш битмайди. Мактаблар кўп бўлиши ва улар орасида кучли рақобат юзага келиши шарт. Шу мактабларда тарбия олган футболчилар олий лига клублари сафини тўлдиришади. Клублар кучли бўлса, мамлакат термаси ҳам шунга монанд ривожланади. Сизларда футбол пирамидаси яхши ишламаяпти, чоғи...

- Энди Ўзбекистон терма жамоасига хориждан мураббий чақириш ҳақида гапириляпти. Хорижлик мутахассис сифатида бунга қандай қарайсиз?

- Хорижлик мураббий сеҳргар эмаски, йўқдан бор қила олса? Юқорида айтдим, масаллиққа қараб таом тайёрланади. Хорижлик мутахассис аввал қаерга бораётганини ўрганиб чиқади. Ҳозирги шароитда Ўзбекистон жамоасида маҳаллий ёки русийзабон мутахассиснинг ишлагани фойдалироқ, менимча. Хорижлик мураббий ҳеч қачон ўзи ўйлаётган нарсани футболчиларга юз фоиз тушунтиролмайди. Бунга тил муаммоси йўл қўймайди. Ўзим Тошкентда ишлаган пайт худди шундай муаммога дуч келганман. Таржимон ҳеч қачон сиз ўйлаётган нарса, ҳис-ҳаяжонларингизни ўйинчиларга етказолмайди. Кейин менталитет тушунчаси бор. Мураббийда футболчиларни танлаш имкониятлари кўп бўлмас экан, ким ишлашининг фар­қи йўқ. Бугунги кунда ўзбек футболига нима етишмаяпти? Биринчи галда, футбол рекламаси йўқ. Нега европалик агентлар Ўзбекистон чемпионатини кузатишмайди? Чунки уларда тасаввур ва маълумот йўқ. Қачон миллий жамоа ЖЧда иштирок этса, ўшандагина бутун дунё Ўзбекистон футболи ҳақида тасаввурга эга бўлади. Мамлакатингиз ўсмир ва ёшлар жамоаларининг мунтазам кичик мундиалларда қатнашаётганидан хабарим бор. Лекин миллий жамоа ЖЧга чиқмагунча, олдинга силжиш қийин. Япония, Ж. Корея, Австралия терма жамоалари мунтазам ЖЧда қатнашаётгани учун шу давлат футболчиларини Европанинг кучли клубларида кўряпмиз. Дунё тан олишини кутиш эмас, шунга ҳаракат қилиш керак.

- Мана, ЖЧ-2014га йўлланма олган аксарият жамоаларнинг номи маълум бўлди. Хулосаларингиз қандай?

- Кўпчиликнинг диққат-эътибори Европага қаратилгани бор гап. Бу қитъа­дан бугунги кунда ҳақиқатан ҳам, кучли бўлган терма жамоалар ЖЧга тўғридан-тўғри йўлланма олишди. «Плей-офф»да ўйнайдиган жуфтликлар ҳам муносиб. Ўз қитъамизда эса, Уругвай терма жамоасининг тўртталикка киролмагани бироз ҳайратлантирди. Бу ерда Ўзбекистон ва Ж. Корея ҳолати кузатилди. Эквадор тўплар нисбатига кўра, Бразилия чиптасини қўлга киритди. Уругвай эса «плей-офф»­да ўйнайди. Ўйлайманки, Суарес жамоадошлари энди Ўзбекистон учун Иордания­дан реванш олишади. 

- «Бунёдкор»дан кетганингиздан сўнг «Палмейрас»да маълум муддат ишладингиз. Лекин Сан-Паулу клубида узоқ вақт қолмадингиз. Бунга нима сабаб бўлди?

- «Палмейрас» раҳбарияти билан баъзи масалаларда фикримиз бир жойдан чиқмади. Келишмовчиликлар юзага келди. Таркибни кучайтириш учун кўзга кўринган футболчиларни харид қилиш лозимлигини айтдим. Бироқ раҳбарият бу сўровни қабул қилмади. Мавжуд таркиб эса кучли жамоаларга қарши ўйинларга дош беролмади...

- Бу орада сизни Бразилия термаси жамоасига таклиф қилишди...

- Ўзи «Бунёдкор»да ишлаб юрган кезлар ҳам бир-икки қўнғироқ бўлиб, Бразилия термасида ишлашга чақиришганди. Ўша пайт бу чорловни қабул қилолмасдим. Мана, тақдир экан, ҳозир дунёнинг энг кучли жамоа­ларидан бирига мураббийлик қиляпман.

- Бразилияда бўлажак футбол форумига тайёргарлик қандай кетмоқда? «Пентакампеонлар»ни қабул қилиб олган илк кунларингизда сизга нисбатан танқидлар янграганди. Бу нарсалар ўтиб кетдими?

- Ўртоқлик учрашувларидаги ишонч­ли ғалабаларимиз, энг муҳими, Конфедерациялар кубогидаги муваффақиятли иштирокимиз танқидларга муносиб жавоб бўлди. Ҳал қилувчи учрашувда жаҳон чемпиони - Испанияни 3:0 ҳисобида мағлуб этдик. Қандайдир бир ой ичида жаҳон чемпионлари ҳисобланган - Франция, Италия, Уругвай ва Испания жамоаларини мағлубиятга учратдик. Ғалабаларимиз билан таҳлилчилар, мухлислар ва матбуотга муносиб жавоб бердик, деб ўйлайман. Лекин қиладиган ишларимиз ва исботлайдиган нарсаларимиз ҳали кўп. Бу шунчаки, нурли йўлимизнинг бошланиши. Стадионда «Чемпионлар қайтишяпти», деган сўзларни эшитганимда, баданимда чумоли юриб кетгандек бўлди. Бу каби сўзларнинг маҳаллий трибуналарда янг­раши жуда ёқимли.

- Демак, танқидларга дош бера олдингиз...

- Биласизми, маҳаллий матбуот ўзига ёққан мураббийни олиб келишни истаганди. Бу ерда манфаатлар тўқнашуви ҳам бўлди. Қўйиб берсангиз, нималарни ёзишмайди. Таркибга янги футболчиларни жалб этганимда, чунонам танқид қилишди. Кейин ўзгаришлар ўз фойдасини бера бошлагач, жимиб қолишди. Ёрдамчим Муртоза билан катта ҳажмдаги ишларни амалга оширяпмиз. Оскар, Неймар сингари ёшлардан умидим катта. Ўйиндан ўйин­га ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Аммо кўнглим ҳали юз фоиз тўқ эмас. Ўйинимизни янада кучайтиришимиз керак. 

- Бразилия терма жамоаси олдига чемпионлик вазифаси қўйилиши табиий. Ҳозирги таркиб билан буни уддалаш мумкинми?

- Албатта. Конфедерациялар кубогидаги иштирокимиз орқали чемпионлик учун кураша олишимизни исботладик. Энди ҳамма нарса ўша пайтда жамоанинг қандай ҳолатда бўлиши, ЖЧга жароҳатларсиз етиб боришга боғлиқ. Бугунги кундаги жамоанинг ҳолатидан қониқ­япман. Умид қиламанки, мундиал арафасида ҳам бизда муаммолар туғилмайди.

- Умуман, бўлажак жаҳон чемпионатидан нималар кутяпсиз?

- ЖЧ-2014 Бразилия тарихида унутилмас воқейлик сифатида қолиши керак. Бунинг учун ўз мухлисларимиз кўз ўнгида ғолиб чиқишимиз шарт. Шундай мураккаб вазиятда масъулиятли вазифани менга топширишган экан, ишончни оқлашга астойдил ҳаракат қиламан. Юртимизда сўнгги бор жаҳон чемпионати ўтган асрнинг 50-йили бўлганди. Орадан шунча йил ўтиб, Бразилияга яна катта футбол қайтмоқда. Уни муносиб қарши олишимиз шарт. Ҳар доимгидек, Европа ва Африка қитъаси жамоалари ҳам совринли ўринлар учун кураш олиб боришса керак. Шунингдек, Ж. Америка жамоалари ҳам қараб туришмайди. Ҳа, меҳмондўстликни бир четга суриб қўямиз (кулади).

- Жаноб Сколари, суҳбатимиз охирида «Бунёдкор»даги фаолиятингизни бир ёдга олсак...

- Ўзбекистонда ўтган бир йиллик фаолиятим бутун умрга татигулик таассуротларни қолдирган. 2009 йилнинг июнь ойида Тошкентга борганман. Ўзбекистондаги дебютим омадли чиқди. Илк ўйинда «Насаф»ни мағлубиятга учратгандик. Лекин мамлакат кубоги финалида мағлубиятга учраганмиз. Сентябрь ойида ОЧЛнинг чорак финалида Кореянинг «Поханг Стилерс» клубига имкониятни бой бериб, мусобақани тарк этгандик. Ўшанда турнирда ғолиб чиқиш орқали Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қатнашишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйгандик, аслида...

- Саволларимизга батафсил жавоб берганингиз учун миннатдорчилик билдирамиз. Шунингдек, яқинлашиб келаётган таваллуд айёмингиз билан табриклаймиз...

- Сизларга ҳам раҳмат. Афсуски, Ўзбекистон терма жамоасини кутиб олиш насиб қилмаган экан. Аммо ўйлайманки, катта футбол байрамида юртингиздан албатта, вакил бўлади. Кимни назарда тутаётганим аниқ. Ҳа, рефери Эрматов. Умид қиламанки, у ЖЧ ўйинларини бошқарадиган ҳакамлар қаторидан жой олади.

 

Маълумот учун

Луиз Фелипе Сколари - 1948 йилнинг 9 ноябрь куни Бразилиянинг Пасу-Фунду шаҳрида туғилган. Футболчилик фао­лиятида ҳимояда ўйнаган. Мураббийликни 1982 йили маҳаллий ССА клубида бошлаган. Ўтган йиллар давомида «Жувентуде», «Бразил ди Пелотас», «Ал-Шабаб» (Саудия Арабистони), «Гремио Бразил», «Гремио», «Гояс», «Ал-Қодисия» (Қувайт), «Крисиума», «Ал-Аҳли» (Саудия Арабистони), «Жубило Ивата» (Япония), «Палмейрас», «Крузейро», «Челси» (Англия), «Бунёдкор» клублари, шунинг­дек, Португалия ва Қувайт терма жамоаларида ишлаган. 1999 ва 2002 йилда Жанубий Американинг энг яхши мураббийи бўлган. Айнан 2002 йили ФИФА тас­нифи бўйича дунёнинг энг яхши мураббийи, деб топилган. Унинг қўл остида «Крисиума» (1991), «Гремио» (1994) ҳамда «Палмейрас» (1998) клублари Бразилия кубогида ғолиб чиқишган. 1995 йили «Гремио» билан Либертадорес кубогида бош мукофотни қўлга киритган. 1999 йили эса «Палмейрас» билан худди шу совринга эга чиққан. Бундан ташқари, 1996 йили «Гремио»ни Бразилия чемпио­нига айлантирган. «Бунёдкор»даги натижалари эса барчамизга маълум.

Сколари кичик оила бошлиғи. Унинг рафиқаси бразилиялик машҳур рассом Ольга. Улар икки фарзандни тарбиялаб, вояга етказишган. Катта ўғли Леонардо, кенжаси эса Фабрицио. Луиз Фелипе Бразилиядан ташқари, Италия фуқаролигига ҳам эга. Италия паспортини 2002 йили олган. Сколарининг лақаби - «Катта Фил» (Big Phil). Шунингдек, уни «Сержант», деб ҳам аташади.

Камолиддин АЛИМОВ ва Миродилла АЛИМБОЕВ суҳбатлашишди
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook