17 dec 10:50
News

Комил Мирзабоев: “Меметни олдига аниқ вазифа қўйилмаганди”

Жорий мавсум поёнига етгач, “Нефтчи” жамоасида узоқ йиллардан буён ўйнаб келаётган содиқ футболчилар бирин-кетин бошқа клубларга ўтиб кетишмоқда.
Ҳозирча жамоа сафига келиб қўшилаётганлардан кўра, таркибни тарк этаётганлар сони кўпчиликни ташкил этмоқда. Бу эса махаллий мухлисларда кейинги мавсум учун хадик уйғотмоқда. Асосий таркибнинг қарийб 9 нафар аъзоси сафни тарк этиши бу ҳақиқатдан ҳам кейинги йилда жамоага осон бўлмаслигини англатади.

Клубда юз бераётган ўзгаришлар ва мавсум тараддуди ҳақида билиш мақсадида, душанба куни Фарғона томон сафарга чиқдик ва “Нефтчи” ФК базасига бориб клуб раиси Комил Мирзабоев билан суҳбатлашдик.

- Комил ака, бошқарув постига Амет Мемет келгач, мураббий ўз интервьюларининг бирида “кучли олтиликка киришга ҳаракат қиламиз” деганди. Якунда “Нефтчи” чемпионатни 9-ўринда тугатди. Шундан сўнг кўпчилик ишқибозлар жамоага янги мураббий келишини таҳмин қилганди. Лекин Амет Абдуллаевич бош мураббийликда қолди. Буни қандай изоҳлаган бўлардингиз?
- Йўқ, биз Амет Мемет олдига аниқ бир вазифа қўймагандик. Лекин имкон қадар мавсумни юқори ўринда якунлашни истаганмиз. Биринчи даврадан кейин клуб турнир жадвалида нечанчи ўринда эди?! Ўша пайтда “Нефтчи” ҳисобида атига 7 очко бор эди. Эгаллаб турган ўрни эса 12 эди. Амет Абдуллаевич йигирма кун мобайнида жамоани тайёрлади. Бу осонликча бўладиган жараён эмас. Мураббий ўша пайтда ўйлардики, қандай қилиб футболчиларга машғулотларда “нагрузка” берсам. Тайёргарлиги жойида бўлмаганларни, тайёрлашга ҳаракат қилди. Шунинг учун айтиш мумкинки, мураббийга ортиқча эътироз йўқ.

- Демак, Меметнинг ишидан раҳбарият тўла қониқди. Шундайми?

- Эътибор беринг, иккинчи даврада жамоамиз ёмон натижа кўрсатмади. Август ойида фақатгина битта учрашувда имконият бой берилди. Сентябрда барча ўйинларни ғалаба билан якунладик. Октябрь ойида эса етакчи клублар билан ўйнадик. “Насаф”, “Пахтакор”, “Бунёдкор” каби жамоалар билан. Кейин шу ойда ўз майдонимизда кутилмаганда “Сўғдиёна”га имкониятни бой бердик. Бу учрашувда йигитлар ўз кучларига ортиқча ишониб юборишди шекилли, улар ўйиндан олдин ютиб бўлишган эди. Бу эса охир оқибат бизга қимматга тушди. Агар кўрган бўлсангиз, “Насаф” билан жамоамиз ёмон ўйин намойиш этмади. Кўриб турганингиздек, бу ерда Меметга ортиқча эътироз йўқ. Амет Абдуллаевич клубга келиб катта ишлар қилди. У иш бошлаган пайтда асосий таркибда олти нафар ўйинчи қолди-ку! Кейин иложсизликдан яна 5 нафар футболчи олиб келдик. Ҳозирча имконият беряпмиз. Қани кўрамиз, ким тўғри ишлаяпти ёки аксинча.

- Айтиб ўтганингиздек, иккинчи даврада жамоани кучайтириш учун Вячеслав Пономарёв, Зайниддин Тожиев, Ғулом Ўрунов, Мирзакамол Камолов, Павел Смоляченко каби ўйинчилар ҳарид қилинди. Ўша пайтда улар билан нега узоқроқ муддатга эмас, балки олти ойга битим имзоланди. Бунда келаси йилни ўйламагансизларми?
- Ўша пайтда бизни ўз йўналишимиз бор эди...

- Демак бундан келиб чиқдики, ўша пайтда нима қилиб бўлса ҳам мавсумни якунлаб олиш учун қилинган трансферлар бўлган эканда?

- Чемпионатни тугатишда ҳам, юқори ўринда тугатиш эди. Жамоада ўзгариш бўлишидан олдин, клубнинг ўша пайтда қандай натижа қайд этганига эътибор қаратинг: 7 очко билан 12-ўрин эди. Жамоа сафарда умуман ютмаганди ҳам. Якунда мавсумни 9-ўринда тугатдик. Шунинг учун мураббийлар штабига эътироз йўқ.

- Лекин шундай бўлсада, ўз тарихига эга бўлган “Нефтчи”дек клубга 9-ўрин ярашмайди. Фикримизга қўшиласизми?

- Ҳа, тўғри. Лекин паст баландликлар ҳам бўлади. Ҳамма кўриб турибдику, йигирма кунда Амет Мемет футболчиларни қандай қилиб тайёрлайди? Биз айрим клублар каби бир мавсумда уч маротаба мураббийни ўзгартирмоқчи эмасмиз. Агарда янги бош мураббий олиб келиш режамиздан ўрин олганида, худди “Бухоро” сингари ўйиндан кейиноқ, алмаштирардик. Кўриб турганингиздек, мураббийга яна ишонч билдирмоқдамиз. Йигитларни янги мавсумга айнан у бошчилигидаги мураббийлар штаби тайёрлайди. Раҳбарият томонидан клубни ривожлантириш дастури белгилаб берилган. Буни бир ой ёки бир йилда амалга ошириб бўлмайди. Маълум бир муддат керак бўлади. Очиғи биз бунга 10-15 йил вақт сўрамаяпмиз. Озгина имконият берилса, ишончни оқлашга ҳаракат қиламиз. Инфратузилма ва селекция ишларини кучайтирмоқдамиз. Хусусан яқинда вилоятимизда 1200 нафар истеъдодли ёшлардан энг яхшиларини саралаб олдик. Асли фарғоналик бўлиб четда ўйнаётган футболчиларни ҳам таклиф этиб имкониятларини кўряпмиз.

- 1200 нафар боладан нечта танлаб олинди?
- 60 нафар. Улар олдида яна бир нечта босқич турибди.

- Шундан ўзи нечтаси олинади?  
- Аниқ бир сонни айтиб бўлмайди. Дейлик шу 1200 нафар йигитдан 2-3та иқтидорлиларини тўғри танлаб, клубимизга жалб эта олсак, бу албатта бизнинг катта ютуғимиз бўлади. Ҳар бир чизиқ учун махсус селекция гуруҳи тузилган. Шунингдек ўринбосарлар жамоасидаги футболчиларимиз ҳам охирги пайтда ўсишга эришди.

- Етакчи ўйинчиларнинг жамоани тарк этишига нима сабаб бўлмоқда?
- Етакчи футболчи деганда кимни назарда тутяпсиз?

- Мансур Саидов, Иқбол Акрамов, Шукур Пўлатов, Сардор Мирзаев...
- Айтингчи 9-ўринни эгаллаган жамоада етакчи ўйинчи бўладими? Агар бизнинг жамоада сиз айтганингиздек, етакчи ўйинчилар бўлганида “Нефтчи” 1-2-ўринларни жой оларди. Шу боис етакчи эмас балки ўйинчиларнинг кетишига нима сабаб дейилса, савол тўғрироқ бўларди.

- Майли, келишдик. Унда асосий таркиб футболчиларининг жамоа билан хайрлашаётганининг сабаби нимада?
- Агарда жамоани тарк этаётганлар ҳақиқатдан ҳам кучли футболчилар бўлганида биз қандай қилиб улар билан 9-ўринни олардик?!

- Наҳотки асосий таркиб аъзоларининг клубда олиб қолишдан мано кўрмаган бўлсанглар?
- Йўқ, юқорида айтиб ўтганимдек клубни бошқа даражага олиб чиқиш керак-ку! Мансур Саидов неча ёшда?

- 30-31...
- Ҳа, тўғри. 30-32. Бу ёшдаги футболчилар билан ҳозир ҳамма хоҳлаётган тезкор футболни намойиш эта оламизми?

- Лекин йўқотишлар ўрнини тўлдириш учун, муносиб ўйинчиларни олиб келиш ҳам осон бўлмаса керак?
- Йўқ, биз нега олиб келишимиз керак. Ўринбосарлар таркибидан бир қатор ёшларимиз бўй кўрсатиб келишмоқда. Отабек Зокиров, Отабек Ҳайдаров, Умид, Сайдулло Раҳматов, Жавоҳир Расулов. Бу йигитларимиз яхшигина ўсишга эришди. Энди улар асосий таркибда ўйнаши керак. Бизда ҳозир аниқ ўйланган ва таҳлил қилинган иш бўйича кетмоқда ҳаммаси.

- Жамоани тарк этган футболчиларнинг олиб қолиш учун ҳаракат қилдингларми?

- Биз фақатгина Сардор Мирзаев билан Шукурали Пўлатовга шартномани узайтириш таклифи билан чиқдик холос. Лекин улар келаси йил ўзларини ОЧЛда иштирок этувчи клубларимиз сафида синаб кўришини айтди. Қолган футболчиларнинг эса кетишига қаршилик кўрсатмадик.

- Жамоани шу кунга қадар неча нафар футболчи расман тарк этди?
- Шартномаси тугаган ўйинчиларнинг кўпчилиги кетди.

- Зайниддин Тожиев билан Вячеслав Пономарёвнинг ҳам энди қайтиб келмаслиги тўғрисида маълумотлар бор?
- Пономарёв билан келишиб қўйдик. Иккинчи даврада “Нефтчи”нинг энг кучли футболчиларидан бири бўлди. Вячеслав шундай ўйнар эканки, ёшларни ўз ортидан эргаштиришни биларкан. Оғир ўйинларда кам хатога йўл қўяди. Тажрибаси катта. Бугун у ҳам йиғинга келиб қўшилади (суҳбат 16 декабрь куни бўлиб ўтган – И.Р).

- Санжар Асқаралиев тақдири ҳақида нима дейсиз? Унинг яқинда “Динамо”га ўтиши ҳақида хабарлар пайдо бўлганди?
- Санжарга ҳозирча ишонч билдирмоқдамиз. Бу футболчимиз Ўзбекистонда ўз позициясидаги энг яхшиларидан биридир.

- Шартномаси тугаган Ғулом Ўруновчи?
- Ғулом билан гаплашсак, яқинда кўричак касалига учрабди. Соғайиб оёққа тургач, яна у билан музокара ўтказишимиз ҳам мумкин.

- Бахтиёр Ёқубовнинг “Бухоро”га ўтиши ҳақида норасмий маълумотлар бор...?

- Йўқ Бахтиёр қолади. Ахир уни амалда шартномаси бор. Бундай ўйинчилар ўзимизга ҳам керак.  

- Жамоани келгуси мавсум учун йиллик бюджети аниқ бўлдими?
- Бизда бюджет билан бирга бошқа ҳаммаси аниқ.

- Молиявий томондан муаммо йўқми.  Чунки жамоага келадиган футболчи ҳозирги кунда аввало клуб моддий жиҳатига эътибор қаратмоқда?
- “Нефтчи”да илгари бу борада муаммо бўлмаган. Умид қиламанки, келаси йил ҳам бўлмайди.

- Клубга янги футболчиларни таклиф этаётганда, барчасини Амет Меметнинг ўзи ҳал этмоқдами ёки сиз ҳам унга маълум бир маслаҳатларни бериб турасизми?

- Аввало клубга футболчи таклиф этишдан олдин буни мураббийлар штабининг ўзи кўриб чиқади. Кейин менга айтишса, ўз фикримни билдираман. Чунки эртага натижа учун барибир раҳбарият олдида мен жавоб бераман. Ҳозир қўлимизда 30 дан ортиқ футболчининг рўйхати турибди. Уларни позициясига қараб таклиф қиламиз. Бунда Мемет ўз тактикасига тўғри келадиган ўйинчиларни олади. Амет Абдуллаевич олдида биринчи даврадан сўнг ўзи истаган ўйинчиларни олиб келиш имконияти йўқ эди. Мана бугунга келиб эса бу борада имкониятларимиз бироз ошди дейиш мумкин.

- “Нефтчи” келаси йил хорижлик футболчиларни ҳам ўз сафига қўшиб олиши мумкинми?
- Вазиятга қараймиз. Агарда кучайтирилиши лозим бўлган чизиқларга ўзимиздан ўйинчи топа олмасак, легионер лимитидан фойдаланишимиз ҳам мумкин. Лекин асосий эътибор маҳаллий футболчиларга қаратилади.  

- Жамоа олдига келаси йил қандай вазифа қўйилади?
- Мақсадимиз юқори ўринларни эгаллаш. Ҳозирча йил тугамагани учун, келаси йилга аниқ вазифа белигилангани йўқ.

- Дарвозабонларнинг барчаси қоладими? Чилматов, Ҳасанов, Турдиалиев.

- Голкиперларимиз ҳозирча биз билан бирга. Улардан ташқари яна бир нафар посбон олишимиз ҳам мумкин. Сабаби селекционерларимиз яқинда яна бир истеъдодли посбон топишган.

- “Нефтчи”да селекционер мураббий ким?
- Бу борада Губанов билан Павлов иш олиб бормоқда. Лекин улар бизнинг вилоятимиздаги селекционер мураббийларимиздир. Асосан ёшларни кузатишади. Олий лигада эса улар кимлар билан гаплашади? Лекин кейинчалик селекция бўлими ишга тушса, кўз остимиздаги футболчини бутун мавсум мобайнида кузатиб борамиз ва уни шу орқали клубга таклиф этамиз.

- Ўринбосарлар жамоасида ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаган Абдумажид Тоировнинг яна катта футболга қайтиш эхтимоли борлиги ҳақида эшитиб қолмоқдамиз...

- Тоиров масаласини яқин кунларда кўриб чиқамиз. Балки Абдумажидни мураббийлик курсларида ўқитармиз. Ўринбосарлар жамоаси январдан йиғинни бошлайди.

 - Жамоа мавсум тараддудини қандай ўтказади?
- 29 декабрга қадар ўз қароргоҳимизда машғулотлар олиб борилади. Шундан сўнг байрам муносабати билан футболчиларга 3 январга қадар таътил берамиз. Шу кундан бошлаб эса уларни яна ўз базамизда йиғамиз. Январь ойида хорижга чиқмасликка қарор қилдик. Чунки бу пайтда ўзимизда ҳам яхши шароитлар бўлади. Февралда эса Туркияга бориб йиғин ташкил қиламиз. Хорижда спарринг рақибларни топиш муаммо туғдирмаслигини инобатга олиб, у ерда асосий эътибор кўпроқ синов-назорат баҳсларини ўтказишга қаратилади.

Шу фурсатдан фойдаланиб, бу йилги мавсумда биз билан хамкорлик қилиб, жамоамизда тўп тепган барча футболчиларга ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан. Ўйинчиларимизнинг ҳар бири имкон қадар чемпионатни юқори ўринларнинг бирида якунлаш учун бор кучлари билан ҳаракат қилишганини айтиб ўтишим керак. Клуб сафини тарк этган йигитларга ҳам келгуси фаолиятларида омад тилаб қоламиз.

Исломбек РУСТАМБЕКОВ суҳбатлашди
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook