UZ

Сўнгги янгиликлар

12:05Неймар ижтимоий тармоқларда Мбаппени ҳақорат қилди  1 11:43Ўзбекистон футзал терма жамоасининг Ироққа қарши учрашувини баҳрайнлик рефери бошқаради  1 11:22"Пахтакор-79" ПФЛ талабини бажармагани учун Биринчи лигадан четлаштирилиши мумкин  0 10:47Шерзод Эсанов: «Биз Андижон халқи ва »Андижон« мухлислари учун бор кучимизни майдонда берамиз»  6 10:20«Манчестер Сити»нинг ёзги асосий трансфер мақсади маълум  6 09:52Англия клублари 9 йил аввалги нохуш натижани такрорлашди  5 09:26Иброҳимҳалил Йўлдошев: «Осиё кубогига келишим жуда қийин бўлди»  4 09:01Клопп жамоасини Европа лигасидан чиқиб кетгани ҳақида фикр билдирди  3 08:36Ўзбекистон кубоги. Бугун 2-турга старт берилади  0 08:10Футзал. Бугун терма жамоамиз 2-турда майдонга тушади  0 07:47«Байер» навбатдаги рекордни ўрнатди   6 07:05U-23 Осиё кубоги. Иордания - Қатар 1:2   0 07:00U-23 Осиё кубоги. Индонезия - Австралия 1:0   0 06:55Европа лигаси. "Марсель" - "Бенфика" 1:0 (Пенальтилар 4:2)   0 06:50Европа лигаси. "Рома" - "Милан" 2:1   0

Катта тафовут футболчилар савиясига салбий таъсир этадими? Янгиликлар

Катта тафовут футболчилар савиясига салбий таъсир этадими?

Футбол ҳозир катта таъсир кучига айланган. Жаҳонда бу спорт турига эътиборнинг кескин ортиши туфайли АҚШдек футбол ўйнамайдиган юртда ҳам қисқа йилларда футбол ривожланиб улгурди.
Аввал крикет ўйнаб юрган ҳиндлар болалар футболига катта маблағ сарфлашмоқда. Европа ва Жанубий Американинг тараққий этган мамлакатларида ҳам миллионлар ўйинини кучайтириш учун ташкил этилаётган ишлар кўлами йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Шу сабабли бундай вазиятда футболи тараққий этмай қолган давлатлар худди ривожланишдан тўхтаб қолгандек кўринади. Чунки бошқалар кучайгандан кейин ўша жамоа кучсизланади ва футболнинг савиясизлиги вужудга келади. Муваффақиятларга эришиш учун дастлаб ўша ҳудудда футболни ривожлантиришга ҳаракат қилиш керак. Шундагина терма жамоа ва миллий чемпионат ҳам кучаяди. Футболнинг янада тараққиётга эришишида мамлакат лигалари ўртасидаги фарқнинг ўта катта бўлмаслиги муҳим ўрин тутади.

Европанинг футболи ривожланган давлатларига назар ташласак, олий ва ундан кейинги дивизион ўртасида катта фарқ йўқлигини кўрамиз. “Верона”, “Вильярреал”, “Герта”, “Саутгемптон” сингари клублар юқори дивизонга энди қайтишган ёки унда иккинчи мавсумини ўтказаётган бўлсалар ҳам бемалол етакчиларга жиддий қаршилик туғдиришяпти. Японияда эса таркибни деярли ўзгартирмасдан туриб биринчи дивизиондан чиққан 2 жамоа кейинги йилларда мамлакат чемпиони бўлишга эришди. Бизда эса биринчи лигадан чиққан жамоа таркибни кучайтирмаса, қандай аҳволга тушиб қолишини кўриб борамиз. Тўғри, ҳозирча ушбу мавсумда дебютантларнинг ҳар иккиси олий лигада ўрнини сақлаб қолиш имкониятига эга. Бу ҳолат бизни хурсанд бўлишга ундайди. Лекин барибир олий ва биринчи лига ўртасида жуда катта фарқ борлигини ҳеч ким инкор этмайди.

Эътибор қилинг, сўнгги йилларда олий лигага биринчи лигадан чиққан қайси жамоа ўзининг аввалги таркибининг ўзагини сақлаб қолган ҳолда юқори лигада қолишни уддалади ёки ўртамиёна ўринлардан бирини банд этди? Бизда хориждагидек таркибни ўзгартирмасдан ҳеч олий лигада иштирок этмайди. Охирги мавсумларда биринчи лигадан чиққан жамоалар ўз таркибларини камида саксон фоизга ўзгартиришмоқда. Бундай рақам Европа ёки Жанубий америкалик, наинки Осиёнинг бир неча мамлакатларидаги футбол мутахассислари ва ишқибозларини ажаблантириши мумкин. Ўша давлатларда юқори лига билан ундан пастки лига орасидаги фарқ катта ёки сезиларли даражада эмас. Ҳар ҳолда, пастки лиганинг дастлабки олти-етти жамоаси юқори дивизионнинг ўртамиёналари билан бемалол жиддий кураш олиб бора олади. Бизда эса сўнгги пайтларда бундай воқеаларга умуман гувоҳ бўлмаяпмиз. Бемалол айтишимиз мумкинки, агар олий лиганинг ўртамиёна жамоаси биринчи лиганинг пешқадамига қарши ўйнаса, қийинчиликсиз йирик ҳисобда ғалаба қозона олади. Шундай ҳолатлар қуйи лигада футбол савиясининг юқори эмаслигидан дарак беради. Бундан ташқари, мана шундай вазият нималарга салбий таъсир қилишини алоҳида мисолларда кўриб ўтамиз.

ЮҚОРИ САВИЯЛИ ФУТБОЛЧИЛАР ИНҚИРОЗИ
Аввало, тафовут катта бўлган ҳолларда футболчиларнинг икки гуруҳга яққол ажралиб қолишини айтиш мумкин. Мисол учун, ўзимизда аксарият вазиятларда олий лига йўлланмасини қўлга киритган клублар таркибларини тубдан ўзгартиришга ва ўз сафига олий лигада тўп сурган футболчиларни қўшиб олишга ҳаракат қилишади. Натижада ўйинчилар икки тоифага ажралиб қолади - олий ва биринчи лига футболчилари. Эътибор қилсак, олий лигадан тушиб кетган жамоа футболчилари келаси йилни яна юқори лигада ўтказишмоқда. Демак, орадаги савия жуда катта фарқни ташкил этяпти. Ёки мураббийлар биринчи лигада ўйнаганларга ишонч билдиришни исташмаяпти. Яқиндагина “Машъал” клуби раҳбарларидан бири газетамизга интервью бериш асносида келаси йил камида 8 нафар футболчи билан шартнома имзоланиши ҳақида гапирганди. Демак, келаси йил мубораклик тарбияланувчиларга имконият кам берилади. Бу гапдан шундай хулоса чиқариш мумкин. Шу сабабли бўлса керак, биринчи лигада тўпурарлар қаторида юрган ҳужумчилар ҳам, ишончли ўйин намойиш қилаётган бошқа футболчилар ҳам олий лига клубларидан ўрин ола билишмаяпти. Албатта, аксарият ҳолларда. Ўтган мавсумда биринчи лигадан олий лига жамоасига ўтган футболчилар бўлди, бироқ у қадар кўп миқдорда эмас. Бу борада Европанинг энг кучли чемпионатларида вазият юқори даражада. Япониядаги мисолни эса келтириб ўтдик. У ерда имкон борича футболчилар ўртасидаги тафовутни уларнинг ёшлигидан йўққа чиқаришга уринишади. Натижада бу кейинчалик жамоаларнинг кучайишига ижобий таъсир қилади. Миллий терма жамоалар таркибларига кўз ташласак, Италия, Франция, Германияда ўртамиёна ва аутсайдер клублардан бош жамоага футболчилар таклиф этилишини кўрамиз. Японияда эса биринчи дивизиондан ҳам баъзида ўйинчилар синаб кўрилади.

Биздаги бундай аҳволга жамоаларнинг иқтисодий кўрсаткичлари орасидаги фарқ ҳам сезиларли даражада таъсир кўрсатади. Пул йўқ жойда яхши жамоа тузиш қийин. Тузса бўлади, аммо бунинг учун катта ҳаракат ва интилиш зарур. Ҳозирча интилишлар талаб даражасида эмас. Айнан мана шундай ҳолатлар кейинчалик мавсум оралиғида ўтишларнинг, яъни трансферларнинг ҳаддан зиёд кўп миқдорда қайд этилишига сабабчи бўлади. Бунга бир тарафдан клублар футбол академияларининг ҳеч бўлмаганда қониқарли ишламаслигини билдирса, иккинчи томондан лигалар ва футболчилар ўртасидаги фарқ худди ер билан осмонча эканлигини исботлаб туради. Ҳатто, таркибини кучайтираётган дебютантлар ҳам анча қийналиб қолишяпти. Бошқа жамоалар ўз етакчиларини қўйиб юборишга рози бўлишмайди. Ўртамиёна ёки захирада ўтирган футболчилар олий лигада ўртамиёна поғоналарни таъминлашга имконсиз бўлиб қолишган. Деярли ҳар йили олий лигадан тушиб кетган жамоа ўйинчилари кейинги йилни олий лигага чиққан жамоалар сафида бошлашига ҳам кўникиб қолганмиз. Биринчи лигадан олий лигага кўникиб кетган ўйинчилар сони бармоқ билан санарли даражада оз. Юқори савияга кўникиб кетгани эса деярли йўқ. Бу жуда катта муаммо. Турли йиллар мобайнида "Вобкент", "Цементчи", "Гулистон" ва бошқа клублар таркибда кўп ўзгаришлар қилмасдан яна қуйи лигага равона бўлганлар. Мисол учун, Англия ёки Германияда юқори лигага қўшилган жамоалар ўзларининг аввалги таркиблари билан анча кучли ўйин намойиш этиб беришади. Афсуски, ҳозиргача биз бундай воқеага деярли гувоҳ бўлмадик. 1997 йилда эса Германияда йигирманчи энг кутилмаган ҳолатлардан бири рўй берганди. Ўшанда иккинчи бундеслигадан бундеслигага йўлланма олган "Кайзерслаутерн" "Бавария", "Боруссия" ҳамда "Вердер" сингари етакчиларни ортда қолдириб, мамлакат чемпионлигига эришганди. Демак, бу ерда лигалар орасидаги фарқ жуда сезиларли даражада эмас. Айни пайтгача эса юртимизда бундай жамоалар бўлмаган. "Самарқанд-Динамо", "Академия" сингари клублар бир уринишда бешинчи ўринни забт этишган, лекин уларнинг таркиби саксон фоизга ўзгариб кетган. Бир йилдаёқ халқаро мусобақаларда қатнашишни уддалаб бўлган "Бунёдкор" тўғрисида ҳам шундай дейиш мумкин. Тўғри, жамоа дебютант эди, бироқ футболчилар эмас. Биз бу билан олий лигага йўл олган жамоаларнинг ўз таркибларини маҳоратли ёки тажрибали футболчилар билан кучайтириб олишига қаршилигимизни айтмоқчи эмасмиз. Бу каби воқеалар клуб ҳал қиладиган ишлар саналади. Лекин бунда футболдан кўра жамоа кучайиши кўпроқ бўлади. Бизда айнан жамоа ўйин савиясининг ўзи ўсиши ортидан ижобий натижага эришганлар йўқ. “Локомотив” ҳам таркибини тажрибали футболчилар билан тўлдириб олгани эвазига ўтган мавсумда бронза медалларига эга чиққанди.

Лига ва футболчилар ўртасидаги фарқнинг ошиши олий лигага эндигина чиққан жамоаларга иқтисодий жиҳатдан қўшимча муаммолар ҳам туғдиради. Янги ўйинчиларни сотиб олиш ёки таркибни тубдан янгилаш арзонга тушмаслиги барчага маълум. Эҳтимол, дебютантлар юқоридаги сабаб туфайли шундай йўл тутишаётгандир. Таркибнинг янгиланавериши эса жамоанинг характери йўқолишига, аниқроғи бундай характернинг умуман пайдо бўлмаслигига олиб келади. Хориж терма жамоалари ёки клублари ҳақида суҳбатлашар экансиз, уларнинг номи айтилиши билан биринчи навбатда кўз олдингизга ўша жамоа намойиш этадиган ўйин услуби, характери, етакчи футболчилари кўз олдингизга келади. Ўзимизнинг олий лигада эса бундай жамоалар сони нари борса, беш ёки олтитани ташкил этади. Ундан ортиқ эмас. Масалан, "Милан" деганда дарвозаси дахлсизлигини сақлашга катта эътибор берадиган, майдонда кенг ўйин намойиш этишга интиладиган, ҳар қандай қийин вазиятлардан чиқиб кета оладиган жамоа кўз олдингизда гавдаланади. Ўзбекистонда ҳозирча “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Насаф”, “Нефтчи”, “Олмалиқ” сингари жамоаларда шундай хусусиятлар мавжуд. “Навбаҳор” ва “Андижон” футболчиларни ҳаддан зиёд алмаштиравериши оқибатида ўзига хос бўлган ўйин услуби ва характерини йўқотиб қўйди.

КУБОККА ҚИЗИҚИШНИНГ ЙЎҚОЛИШИ
Лигалар орасидаги фарқдан энг катта зарар кўрадиган яна бир мусобақа - ўша мамлакат кубоги турнири. Европада қуйи дивизион вакили ёки аутсайдерларнинг ҳал қилувчи босқичларга етиб келишини кузатамиз. “Уиган” қуйи дивизионга тушиб кетаётган ҳолда Англия Кубогини қўлга киритди. Бизда эса бир неча йиллардан буён фақат олий лиганинг етакчилари ярим финалга етиб келиши одатга айланган. Ҳар йили камида кучли олтиликдаги жамоалар бу мусобақада ўзаро беллашувларда ярим финалда тўқнаш келишади. Тан олиш керак, Ўзбекистон Кубогида йилдан-йилга интрига йўқолиб бораяпти. Жамоалар учун кубокдаги ҳал қилувчи ўйинлар қизиқдир, лекин ишқибозлар учун эмас. Охирги марта қачон сенсация юз берганини ҳам унутиб юборганмиз. Агар биринчи лига жамоалари ҳам кубокка жиддий эътибор қаратиб, бор кучлари билан тўп суришганда, балки мухлислар худди Европада бўлгани каби кўплаб кутилмаган натижаларга гувоҳ бўлишлари ва кубок ўйинларини орзиқиб кутишлари мумкин эди. Эҳтимол, биринчи лига жамоалари Ўзбекистон Кубогида муваффақиятли ўйнашга ҳаракат қилаётган бўлишлари мумкиндир, аммо лигалар ўртасидаги катта тафовут бунинг натижаларда акс этишига умуман йўл қолдирмаяпти. Натижада нимчорак финалдан бошлаб учрашувлар олий лига клубларининг ўзаро баҳсларига айланиб қолмоқда. Бу қизиқишни тушириб юборади деб, юз фоиз ишонч билан фикр билдириш ҳам нотўғри бўлар, шунга қарамай қуйи лига жамоаларининг унда яхшироқ иштирок этишлари мусобақа савиясини оширишини ҳеч ким инкор этмаса керак. Россияда аввал лигалар савияси бир-биридан катта фарқ масофада эмаслигини кузатардик, бироқ охирги пайтларда юқори лигадаги жамоалар бюджетининг сезиларли ортиши ва таркибга кучли легионерларнинг жалб этилиши туфайли бу тафовут ортгандек туюлмоқда. Лекин жамоалар кубокдаги биргина ўйинда буни билдирмаслик учун имконлари борича ҳаракат қилишяпти. Айнан шу омил кўплаб давлатларда кубок ўйинлари алоҳида қадрланишига сабаб бўлади. Бироқ бизда асло бундай эмас. Охирги йилларда аксарият ишқибозлар кубокка фақат ярим финал босқичидан эътибор қаратмоқда. Улар олдинги босқичларни кўрмасдан ҳеч нарса йўқотмасликларини жуда яхши билишмоқда.

ФУТБОЛ ВА ТЕРМА ЖАМОАГА ТАЪСИРИ
Бунинг энг сўнгги ва энг катта салбий таъсири, шубҳасиз, ўша мамлакат футболи ҳамда терма жамоага бўлади. Япония ва Эронда жамоалар савияси катта фарқ қилмайди. Эронда ҳозир ҳам аниқ гранд номини айтиш қийин, Японияда эса чемпион жамоа келаси мавсумда зўр-базўр ўз ўрнини "J" лигада сақлаб қолишига гувоҳ бўламиз. Энг муҳими, мана шундай ҳолатда футболчилар ўртасида терма жамоага номзод бўлишга ва асосий таркибдан жой олишга бўлган кураш анча кескин тус олади. Рақобат катта бўлган жойда ўсиш юзага келиши ўз-ўзидан тушунарли. Лигалар ўртасидаги фарқ қисқаргач, юқори дивизионда ўйнаётган клублар орасидаги фарқ ҳам қисқаради. Бу табиий ҳол, чунки юқорига ҳаракат қилган пайтда кимдир яққол равишда бошқалардан ўзиб кета олмайди. Ўзиб кета олса ҳам, бунга осонлик билан эриша олмайди. Бизда бундай вазият юз бергудек бўлса, футболимиз ва терма жамоаларимиз улкан фойда кўришади. Биринчидан, футболимизда ривожланиш кўпроқ намоён бўла бошлайди. Иккинчидан эса, термаларимиз, айниқса миллий терма жамоамиз қитъада тезроқ етакчи жамоалардан бирига айланиш имкониятига эга бўлади. Қолгани мураббийларнинг фаолиятига боғлиқ бўлган ишга айланади. Бунга чора сифатида академияларда ишлаш тизимини ўзгартириш зарур. Эҳтимол, бу борада бир неча сон аввал ёзиб ўтганимиз Япония тизимидан ўрнак олишимиз лозимдир.


Беҳзод НАЗАРОВ.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
Яндекс.Метрика