Latest news

23:46Брозович "Интер" билан шартномасини узайтириши мумкин0 23:46Брозович может продлить контракт с «Интером» до 2021 года0 23:16Хамес дам олиш куни "Реал" машғулот базасида бир ўзи шуғулланди11 23:16Хамес в одиночку тренировался в выходной день, на тренировочной базе «Реала»0 23:14Расмий хабар: «Шапекоэнсе» Судамерикан кубоги соҳиби деб эълон қилинди11 23:14«Шапекоэнсе» признан победителем Кубка Судамерикана0 23:08Россия. «Краснодар»да дуранг, «Оренбург»да мағлубият5 23:08Чемпионат России. «Краснодар» сыграл вничью с «Крыльями Советов»0 23:00Сўнгги қаҳрамонлар. ЕЧЛ финалида "Милан"ни мағлуб этган "Ливерпуль" ҳозир қаерда?11 22:46Пьянич: "Игуаин ўзи вазият яратиб, ўзи гол уриши мумкин - унга ассистент керак эмас"2 22:46Миралем Пьянич: «Игуаин может сам создавать моменты и забивать — ему не нужен ассистент»0 22:30Спортчилар ижтимоий тармоқларда12 22:15"Лацио" ярим ҳимоячиси 10 та учрашувга дисквалификация қилиниши мумкин1 22:15Полузащитник «Лацио» Лулич может быть дисквалифицирован на 10 матчей0 21:44Левандовски Янги йилгача "Бавария" билан шартномасини узайтириши мумкин0

02 oct 09:19
News

Илҳом Қурбонов: “Академияни янада кучайтириш учун лойиҳалар ишлаб чиқдик”

Юртимизда биринчилардан бўлиб, ўз академиясига эга бўлган Муборакнинг “Машъал” жамоаси охирги йилларда инқирозга юз тутиб, рейтингини пасайтириб юборди.
Ўз вақтида ОЧЛда иштирок этган “Машъал”ни мухлислар яхши билишса керак, жамоа Ўзбекистон Кубоги финалига ҳам чиққанди. Ўша вақтдаги академия тарбияланувчилари мана бугунги кунга келиб, бўй кўрсатмоқда. Бу эса жамоанинг трансфер бозоридаги сарф-ҳаражатларини бирмунча тежалишига хизмат қилаётгани табиий. Ўтган ҳафтада “Машъал” биринчи лига доирасида “Андижон” билан ўйнаш учун водийга сафар уюштирди. Фурсатдан фойдаланиб, ўйиндан олдин муборакликлар истиқомат қилган “Элита” меҳмонхонасига бордик. У ерда дастлаб катта мураббий Марат Мифтахуддиновни учратдик ва кейинроқ жамоа бошлиғи Илҳом Қурбонов билан кўришдик. 

- Илҳом Абдуғаниевич, сизни охирги икки йилдан буён “Машъал”да ишлаётганингизни яхши биламиз. Лекин бундан олдинги йилларда қайси соҳада фаолият юритганингиз тўғрисида, маълумот йўқ.
- “Машъал”га келишдан олдин ҳам асосан футбол соҳасида ишлаганман. Ўзи умуман олганда, бошқа соҳаларда ишлаб кўрмаганман. Асосан футбол соҳада меҳнат қиляпман. Бир сўз билан айтганда, футболчиликни тугатгач, ўзимни бошқа соҳаларда тасаввур қила олмадим ва футболда қолишга қарор қилдим. Ўз севган касбинг билан ишлашга нима етсин.

- Шу ўринда илгари қайси жамоаларда тўп сурганингизни айтиб ўтсангиз?
- Футболчилик фаолиятим асосан иккинчи лига жамоасида ўтган. Яъни “Машъал”нинг иккинчи лигадаги жамоасида ўйнаганман. Бош мураббийимиз Дилшод Андаев бўлган. У пайтда анча ёш эдик. Эндигина профессионал клубларга ўтиш арафасида турганимизда, тўсатдан жиддий жароҳат олганман. Ўнг оёғимнинг тиззаси синганди. Афсуски шунда бутсаларимни михга илишга мажбур бўлганман. Бу 1998 йилга тўғри келади. Мен билан бирга шуғулланганлардан таниқлиси Константин Боев бўлган. Қолганларини унчалик номи чиқмади. Кўпчилиги, мен каби кейинчалик тўп тепишни бас қилди.

- Ўша пайтларда сизларга яратиб берилган шароитлар қандай бўлган?
- Бу борада мақтана олмасдик. Ҳозирги академия тарбияланувчиларига эса хавасим келади. Кийим бош, овқатланиш, тўп ва майдон... Бу борада ҳозир ҳеч қандай муаммо йўқ.

- Футболчиликни тугатганингиздан сўнг, қандай юмушлар билан банд бўлгансиз?
- Футболчиликни якунлаганимдан кейин, орадан маълум муддат ўтгач, “Насаф”да маъмур сифатида ишладим. Мен ишлаган йилларда жамоани Баҳром Ҳакимов, Олег Морозов ҳамда Зоир Тўрақулов каби мураббийлар бошқарган. У ерда вазифам ташкилий масалаларни ҳал этишдан иборат эди. Кейинчалик “Шўртан”га ҳам бу борада ёрдам бердим. 2006 йилга келиб эса, Баҳром ака Давлатов мени “Машъал”га таклиф этди. Ўзим Муборакда туғилиб ўсганим учун бунга лаббай дея жавоб бердим. Муборакда дастлаб 4-5 ой академияда Владимир Фомичёвга кўмаклашдим. Машғулотларни ўтказиш чоғида қозоғистонлик мураббийга яқиндан ёрдам берардим. Кейинчалик мени асосий жамоага маъмур сифатида ишга ўтказишди. Бунда ҳам асосан ташкилий ишларни бажардим. Вазифамни адо этиш учун, ишимга сидқидилдан ёндошдим. Ва шу тариқа тажрибамни ошириб бордим. 2011 йилнинг охирларида эса раҳбарият мени жамоа бошлиғи этиб тайинлади. Ҳозирча шу лавозимда ишлаб келмоқдаман.

- Маъмур сифатида анча эрта иш бошлаган экансиз, бу борада кимларни ўзингизга устоз сифатида кўрсата оласиз?
- Шубҳасиз, Алишер ака Турдиқуловни айтган бўлардим. Сабаби Алишер ака “Насаф”да 1996 йилдан буён ишлаб келмоқда. Тажрибаси катта. Менга ҳам ўз навбатида кўп нарсаларни ўргатган. Қашқадарёда бу инсоннинг ҳурмати юқори.

- Сизни “Машъал”га Давлатов таклиф қилган экан. Ўз навбатида у кишидан ҳам маслаҳатлар олиб турасизми?
- Баҳром Бойжонович бизнинг устозимиз бўлади. Бу мутахассисга ортиқча мақтов ёки таъриф бермасангиз ҳам Ўзбек футболи жамоатчилиги жуда яхши билади. Афсуски у кишининг охирги йилларда соғлиги билан боғлиқ муаммолар қийнаб келмоқда. Германияга бориб, операция столига ётишга ҳам мажбур бўлди. Бундай пайтда у кишини ортиқча безовта қилишни маъқул кўрмаймиз. Лекин керак пайтда гаплашиб, маслаҳат сўраймиз. Тажрибасига таянамиз. Муборакда академияни ташкил этган шахс ҳам айнан Баҳром ака бўлади. Қашқадарё футболи ривожи учун кўп меҳнати сингган инсондир.

- “Машъал” турнир жадвалида биринчи ўриндан пастламаяпти. Клуб раҳбари сифатида жамоанинг бу йилги иштирокига қандай баҳо берасиз?
- Йил бошида ўз олдимизга биринчи ўринни эгаллаб, яна кучлилар сафига чиқишни вазифа қилиб қўйгандик. Бунинг учун футболчиларга ва мураббийларга имкон қадар шароитларни яратиб беришга ҳаракат қилмоқдамиз. Шароит ва потенциал борасида жамоамизга 2-3та клуб рақобатчилик қилиш мумкин. Лекин ҳамма клубни бу борада кўрсатиш қийин.

- “Машъал”ни деярли олий лигада деса ҳам бўлади. Тўғрими?
- Ҳа, бир оёғимиз элитада десак адашмаган бўламиз. Деярли чиқдик ҳам. Лекин биз юқорида айтиб ўтганимдек, биринчи ўринни эгаллашимиз лозим. Яъни кичик олтин медалларни қўлга киритимишиз керак. Бунинг учун астойдил курашамиз.

- “Машъал” ва “Андижон”ни ҳисобга олмаганда, гўёки бошқаларга олий лига керак эмасдек туюлмоқда. Бу борада қандай фикрдасиз?
- Ҳа, чиндан ҳам бошқа жамоалар ўз олдига олий лигага чиқиш вазифасини қўймаган. Агарда “Зарафшон-НЦЗ”нинг ўйинчилари иккинчи даврада ёппасига “Қизилқум”га кўчиб ўтмаганида, аминманки жамоа элитага чиқиш учун курашарди. Ўзаро ўйинларимиз бундан-да кескин кўриниш олиши табиий эди. Аммо кўриб турганингиздек, иккинчи даврадаги ўзгаришлардан кейин “Зарафшон-НЦЗ”га барқарорлик етишмаяпти. Бунга таркибдаги янгиланишлар ҳам албатта ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. “Қўқон-1912” эса билишимча олий лигага чиқишни кейинги йилга қолдирган. Жамоа ўйини ёмон эмас. Айниқса марказий ярим ҳимояси кучли ўйин кўрсатмоқда. Шахсан менга “Андижон”дан кўра, “Қўқон-1912”нинг ўйини ёқди. “Андижон”ни сафарда “Аланга”га қарши кечган ўйинини бевосита стадионда кузатдим. Футболчиларни ўйини чиқмадими ёки бошқа сабабми, жамоа ўзини кўрсата олмади ва атига битта автогол эвазига сафардан ғалаба билан қайтишга эришди.

- “Зарафшон-НЦЗ” билан “Қўқон-1912”ни солиштирганда қайси бири кучли кўринмоқда?
- Юқорида айтганимдек, “Зарафшон-НЦЗ”даги ўзгаришлар жамоа ўйинини пасайишига олиб келди. Лекин бу жамоа биринчи босқичда жуда кучли эди. Айниқса навоийликларни ўз майдонида ютиш жуда мураккаб бўлган. Қўқон жамоаси ҳам ёмон эмас. Лекин кейинги йилга олий лигага чиқишни режалаштираётган экан, жамоа таркибини кучайтирмаса қийин бўлади. “Қўқон-1912”нинг ҳозирги таркибида ёши катта ўйинчилар кўп экан. Дейлик улар билан элитага чиқди. Кейин яна футболчи олиб келишга тўғри келади. Шу боис биринчи лигадан бошлаб пойдеворни мустаҳкамлаб бориш лозим.

- “Машъал”нинг бу йилги Ўзбекистон Кубогидаги юриши ҳам узоқ давом этди. Бу кўрсаткич ҳам раҳбариятни қониқтирган бўлса керак?
- Албатта, йигитлар астойдил ўйнашди. Бунинг учун уларга миннатдорчилик билдираман. Кубок беллашувларида олий лига вакиллари бўлмиш, “Бухоро” “Навбаҳор” ҳамда “Бунёдкор” каби жамоаларга қарши ўйнаб, футболчиларимиз ўз кучларини билиб олишди деб ўйлайман. Бу ўйинлар орқали биз жамоамизнинг имкониятларини янада яхши билиб олдик. “Бунёдкор”ни ҳам ютиб, кейинги босқичга чиқишимиз мумкин эди. Аммо футболчиларимизда етарлича тажриба йўқлиги ва йўл қўйилган кичик хатолар эвазига мағлубиятга учрадик. Шундай бўлсада, бу жамоага қарши кечган ўйинимиз мухлисларга ёқди деб ўйлайман.

- Жорий мавсум ҳакамлар ҳақида жуда кўп ва ҳўп гапирилмоқда. Айниқса биринчи лигада очиқдан-очиқ ён босишлар бўлаётганини футболчи ва мураббийлар билан ўтган ўзаро суҳбатларимизда кўп эшитамиз.
- Ҳақиқатдан ҳам бу мавзуда кўп гапирилмоқда. Лекин шуни сизга айта оламанки, ҳакамлар “Машъал” иштирокидаги ўйинларда жиддий хатоларга йўл қўймади. Шунинг учун бу борада уларга эътироз йўқ дея оламан. Бу гапларни турнир жадвалида биринчи ўринда кетаётганимиз учун айтмаяпман. Масалан жамоамиз сафарда “Чуст-Пахтакор”га имкониятни бой берди. Шундай бўлсада, айбни ҳакамлар гуруҳига ағдара олмаймиз. Ўзимизнинг хатоларимиз эвазига имкониятни бой бердик. Ҳакамлар ҳам инсон, ҳадеб уларни айблайвериш ҳам тўғри бўлмайди. Уларга қарши шундай курашиш керакки, зўр ўйин намойиш этинг, сиздан хато топа олмасин. Шахсан мен келишилган ўйинларга қаршиман. Биринчи ўринни эгаллаш бу – ҳамма ўйинни пулга сотиб олиш дегани эмас. Ахир ҳамма ўйинни пулга сотиб олсак, ўзимизни алдаган бўламиз.

- Жамоада бугунги кунда молиявий жиҳат қандай?
- Бу борада имкониятларимиз жуда зўр эмас, лекин ёмон ҳам деб бўлмайди. Футболчиларга август ойи учун маош беришимиз керак. Лекин йигитларимиз ҳозир пулни эмас, биринчи ўринга футбол ўйнашни қўйишаётгани бизни қувонтирмоқда. Бунга жавобан биз ҳам ўз навбатида имкон қадар маошларни тезроқ бериб боришга ҳаракат қилмоқдамиз.

- “Машъал” ҳозирги таркиби билан олий лигада ҳам қатнаша оладими?
- Йўқ, бунга ҳали футболчилар тайёр эмас. Олти нафар ўйинчимиз ўз имконияти даражасида ўйнаб кетиши мумкин. Лекин ҳамма йигитларни бундай деб бўлмайди.

- Ҳар холда кейинги йил таркибда у қадар катта ўзгариш қилинмаса керак? Кўпроқ қайси позицияларни кучайтириш лозим деб ўйлайсиз?
- (Кулиб) Олдин мавсумни тугатиб олайлик. Бу борада ҳали бери жиддий ўйлаб кўрмадик. Мавсум поёнига етгач, мураббийлар билан кейинги йил учун режалар тузиб чиқамиз. Қайси чизиқларга ўйинчи олишни аввало мураббий ҳал қилади. Менимча шу таркибимизга қўшимча равишда саккиз нафар маҳоратли ўйинчи олиб келинса керак. Дарвозабон таклиф этилмайди. Чунки Санжар Қувватов ва Ўткир Юсупов олий лигада ўйнашга тайёр.

- Охирги йилларда Муборакдаги академиянинг рейтинги пастлаб кетаётгандек, назаримизда...
- Йўқ, нега энди? Ҳаммаси яхши.

- Демоқчимизки, водий ёки пойтахтдан академияга бўлган қизиқиш аввалгидек юқори эмасдек туюлмоқда.
- Ундай деб ўйламайман. Наманганга борсак ҳам, Тошкентга борсак ҳам ота-оналар олдимизга келиб, фарзандларини “Машъал” академиясида таҳсил олишини исташаётганини айтишмоқда. Кўплаб болаларни тавсия қилишмоқда. Бундан хулоса қилиш мумкинки, академиямизнинг обрўси ҳануз юқори бўлиб турибди. Бундан кейин ҳам янада юқорига интилишга ҳаракат қиламиз. Чунки академиямиз бўлмаса, бу дегани “Машъал”нинг чемпионатда иштирок этиши тўхтатилди демакдир. Биз айнан ушбу академиямиз тарбияланувчилари эвазига кун кечирамиз. Академия тарбияланувчилари бўлмаса, Тошкент ёки водийдан ўйинчи олиб келиб, ўйнатишимиз керак бўлади. Бу эса бизга жуда қимматга тушишини жуда яхши биласиз.

- Илгари академияда хорижлик мутахассислар ҳам фаолият юритган. Ўша пайтдаги тизимни ҳозир ҳам ушлаб қолганмиз дея оласизми?
- Тўғри таъкидлаб ўтдингиз, ҳақиқатдан ҳам бунгача Муборакдаги академияда россиялик, туркманистонлик, украиналик ва қозоғистонлик бўлган тажрибали мураббийлар келиб ишлаган. Бу академиядаги тизимнинг тўғри йўлга тушишига хизмат қилган. Ҳозир академияда хорижлик мутахассислар аввалгидек кўп эмас. Асосан маҳаллий мураббийлар ишламоқда. Академияни янада кучайтириш учун бир қатор лойихалар ишлаб чиққанмиз. Босқичма-босқич янада ривожланишни амалга ошириб бораверамиз. Насиб қилса, вақт ўтган сари академия ўз мевасини бериб боради.

- Бугунги кунда академия директори сифатида ким фаолият юритмоқда?
- Абдураҳмон Юмангулов. Бу инсоннинг ҳам Қашқадарё футболига меҳнати сингган. Бир қатор жамоаларда ишлади. Ҳатто аёллар жамоаси бўлмиш, “Севинч”ни ҳам маълум муддат бошқарди. Тажрибаси катта. Шунинг учун ҳам Абдураҳмон Рафаэловични академияга директор этиб тайинладик.

- “Машъал-W” аёллар футбол жамоасидан бир нечта футболчилар терма жамоа йиғинларига жалб этилганини кўрмоқдамиз. Бундан кўриниб турибдики, “Машъал” аёллар футболига ҳам катта этибор қаратмоқда?
- Терма жамоага таклиф этилган қизларни мавсум бошида “Севинч”дан ижарага олганмиз. Шунинг учун уларни ўзимизнинг футболчилар деб мақтаниб бўлмайди. “Севинч”дан ўйинчи олишимиздан мақсад, ўзимизнинг футболчиларни ҳам улар каби ўстириб боришдир ва келажакда ўз профессионал аёллар жамоамизга эга бўлишдир. Бу борада ҳам керакли ишларни амалга оширмоқдамиз.

- Муборакдек кичик шаҳарчада қизларни миллионлар ўйинига жалб этишнинг ўзи осон бўлмаса керак?
- Албатта, қийин бўлмоқда. Лекин биз қўл қовуштириб ўтирмаяпмиз. Аёлларни футболга бўлган қизиқишини ошириш учун ҳар нарса қилмоқдамиз. Аввало уларга юқори даражада шароитлар яратиб беришга уриняпмиз. Бугунги кунда аёллар футболи учун ҳам Муборакда тўгарак очганмиз. Ёш қизлар келиб, футбол сирларини ўрганмоқда. Насиб қилса кейинчалик, Косон туманида ҳам шундай тўгарак ташкил этмоқчимиз. Уларнинг нечтаси келажакда, футболчи бўлишини ҳеч ким аниқ билмайди. Лекин бешта ёки ўнта футболчи етишиб чиқадими, барибир бунга жиддий қараймиз ва келажакда аёллар футболида ҳам ўз ўрнимизни топишга ҳаракат қиламиз.

- Баъзида ёшини кичрайтириб, сунъий равишда ўсишга интилаётганлар ҳақида эшитиб қоламиз.
- Ҳа, соҳта йўл билан футболчи бўлишни ўйлаётганлар ҳам бор. Лекин уларни номма-ном қайсилар эканлигини аниқ айтиш қийин. Чунки факт йўқ, қўлимизда. Шахсан мен бунга қаршиман. Бундай тоифадагилар узоғи билан 5-6 йил юқори савияда ўйнаши мумкин. Лекин ўша “юлдуз” жуда тезда сўниб боради. Бизнинг академияга ҳам кўплаб ота-оналар болаларини олиб келади. Улар пасспорт олиш ёшига тўлмагани учун, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси билан ташриф буюради. Тўғриси, инсонни ичидагисини ҳеч ким билмайди. Баъзида шундайлари ҳам бўлдики, ёшини 3-4 ёшга кичрайтириб келишди. Пасспорт оладиган пайти келганида, босар тусарини билмай қолишади. Бундай қинғир ишларни билган заҳотимиз, ўша бола ким бўлишидан қатъий назар, жавобини берамиз. Чунки ўша ўзини-ўзи алдаётган болакайга клуб масалан йилига 10 миллион сўм сарф-харажат қилади. Кийим бош, овқат-озиқ деганларидек. Афсуски ҳирмонни кўтарадиган пайтга келганда, ишлар сунъий олиб борилганини билсангиз, ҳуноб бўласиз. Бундан ёмони бўлмайди. Шу пайтда пулни шунчаки хавога учиргандек бўласиз. Шу боис ёшларга маслаҳатим шуки, ўз ёшида футболчи бўлишга интилсин. Бунинг учун ҳар қандай қийинчиликни бошидан ўтказсин, келажакда ўзига енгил бўлади.

Исломбек Рустамбеков суҳбатлашди.
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook