Latest news

23:46Брозович "Интер" билан шартномасини узайтириши мумкин0 23:46Брозович может продлить контракт с «Интером» до 2021 года0 23:16Хамес дам олиш куни "Реал" машғулот базасида бир ўзи шуғулланди11 23:16Хамес в одиночку тренировался в выходной день, на тренировочной базе «Реала»0 23:14Расмий хабар: «Шапекоэнсе» Судамерикан кубоги соҳиби деб эълон қилинди12 23:14«Шапекоэнсе» признан победителем Кубка Судамерикана0 23:08Россия. «Краснодар»да дуранг, «Оренбург»да мағлубият5 23:08Чемпионат России. «Краснодар» сыграл вничью с «Крыльями Советов»0 23:00Сўнгги қаҳрамонлар. ЕЧЛ финалида "Милан"ни мағлуб этган "Ливерпуль" ҳозир қаерда?12 22:46Пьянич: "Игуаин ўзи вазият яратиб, ўзи гол уриши мумкин - унга ассистент керак эмас"2 22:46Миралем Пьянич: «Игуаин может сам создавать моменты и забивать — ему не нужен ассистент»0 22:30Спортчилар ижтимоий тармоқларда12 22:15"Лацио" ярим ҳимоячиси 10 та учрашувга дисквалификация қилиниши мумкин1 22:15Полузащитник «Лацио» Лулич может быть дисквалифицирован на 10 матчей0 21:44Левандовски Янги йилгача "Бавария" билан шартномасини узайтириши мумкин0

24 dec 20:00
News

“Эвергранд” ва “Бурирам”нинг намунали бошқарув йўли

Осиё Чемпионлар лигасининг жорий мавсумида ғолиб чиққан “Гуанчжоу Эвергранд” жорий мавсумда кўпчиликнинг меҳрини қозонди.
Тўғри, бу жамоада молиявий имкониятлар жуда яхши, лекин улар пулдан қандай фойдаланиш, ўзи пул ишлаб топиш борасида ҳам қолганларга ўрнак бўлишди. Шунингдек, Таиланднинг “Бурирам Юнайтед” клуби олиб бораётган ишлар тўғрисида илиқ фикрлар билдириш мумкин. Биз ҳар икки жамоанинг пул топишдаги сиёсати ҳамда маблағдан тўғри фойдаланишаётгани ҳақида батафсил тўхталиб ўтмоқчимиз. Бу сафар Осиё клубларини ўз жамоаларимизга намуна сифатида келтирамиз.

2010 йил 21 февраль. Шу санада Хитой футбол ассоциацияси “Гуанчжоу Фармасьютикелз” ҳамда “Ченгду Блейдс”ни суперлигадан тушириб юборди. Улар келишилган ўйинларда иштирок этгани сабабли шундай жазога лойиқ кўрилди. Орадан 4 йил ўтмади. Гуанчжоуликлар клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ярим финалида “Бавария”га қарши финал йўлланмаси учун майдонга тушдилар. Ҳайрон қоларли ҳолат, тўғрими? Шу қисқа муддат ичида “Гуанчжоу” ўзига келишга, келганда ҳам Осиёдаги қолган клубларга ўрнак бўларли даражада қайтишни уддалади. Буни қандай амалга оширишгани тўғрисида атрофлича маълумот берамиз.

Бир мавсумдан кейин суперлигага қайтган жамоани шаҳарда жойлашган “Эвергранд Реал Истейт гуруҳи” сотиб олди. Шартнома қиймати 15 миллион АҚШ долларига яқин бўлган. Клубнинг янги раҳбари Ксю Жиайин жаҳоннинг энг бой 200 инсони қаторидан жой олганди. Шу билан бирга жамоа ўта шов-шувли трансферларни амалга оширмади. Фақат бир футболчи ва мураббийлар штабини таклиф қилишда клуб хўжайини майдалашиб ўтирмади. Жамоада тўпланиб қолган 3 миллион доллар миқдорида қарзлар тўлангач, хитойлик иқтидорли ва тажрибали футболчилар клубга таклиф этилди. “Атлетико Минейро”дан Мурики 3,5 миллион доллар эвазига харид қилинди. 2011 йил учун жамоа бюджети 70 миллион АҚШ доллари миқдорида бўлишини клуб хўжайини эълон қилди. Трансферлар учун 15 миллионча пул ажратилди. Клуб олдига бошқа жамоалардан фарқли ўлароқ профессионал тарзда ривожланиш вазифаси қўйилди. Шунча пул ишлатаётгани билан бирга йилдан-йилга “Эвергранд” ўз ҳаражатларини кўпроқ миқдорда қоплаб бориши зарур эди. Шу тарафлама гуанчжоуликлар Хитойдаги бошқа клублардан ўзиб кетишди. Шу билан бирга Хитой терма жамоасида ўйнайдиган футболчиларга ўртача 1, хорижликларга эса 3-8 миллион доллар миқдорида маош тайинланди. Кўпчилик пуллар билан муваффақиятларни сотиб олиб бўлмаслиги ҳақида гапиришга тушганди. Бироқ жамоа бошқарувига Марчелло Липпини таклиф қилган гуанчжоуликлар адашишмади. Италиялик мураббий 1,5 йил вақт ичида жамоага 5та соврин ютишга ёрдам берди, айни пайтда “Эвергранд”ни бутун жаҳонда билишади. Липпи маҳаллий ўйинчиларнинг ўсишига ҳар тарафлама ҳисса қўшди.

ОЧЛда ғалаба қозонишни бош мақсад қилиб қўйган “Эвергранд” бу турнирдаги ҳар бир ғалаба учун 600, дуранг учун 300 минг фунт мукофот пули тўлашни йўлга қўйди. Кейинчалик ҳар бир босқичда мукофот миқдори 600 минг фунтга ўсиб бориши белгилаб қўйилди. 2013 йилнинг ўзида мукофотлар учун 20 миллион фунт миқдорида пул кетди. Лекин бу ҳавога учмади. Жамоа олдига қўйилган мақсадни қисқа вақт ичида уддалади. Марчелло Липпи маҳаллий футболчиларнинг имкониятларини ўстирди, уларга футбол ўйнашни ўргатди. Акс ҳолда, фақат легионерларнинг кучи ёрдамида “Гуанчжоу” ОЧЛда муваффақиятга эриша олмасди. Мураббийлар штаби ва футболчиларни таклиф қилиш борасида “Эвергранд” Хитойдаги бошқа жамоаларга, шунингдек, Чемпионлар лигасини ютиш йўлида катта пуллар сарфлаган, бироқ бунга эришмаган жамоаларга ўрнак бўлди. Айтайлик, Саудия Арабистони, БАА ёки Қатар клублари ҳам ўтган йиллар мобайнида катта ҳаражатларга қўл уришган. Лекин мувозанат нуқтасини топиш уларга насиб қилмаганди.

Пулни сарфлаш билан бирга “Гуанчжоу Эвергранд” уни ишлаб топишда катта фаоллик кўрсатди. Миллий чемпионатда энг кўп мухлислар ташрифига эга бўлган гуанчжоуликлар мухлислар оқимини кўпайтириш мақсадида чипталарни анча арзон нархда белгилашган. 15 учрашувда умумий ҳисобда 600 мингдан кўпроқ томошабин йиққан “Эвергранд” (ўртача ҳар бир ўйинда 41 мингга яқин) мухлислар ташрифидан 3 млн долларча ишлади. ОЧЛ, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ва Хитой суперлигасидан мукофот пуллари 5 млн доллардан кўпроқ бўлди. Осиё Чемпионлар лигасида эса ўйин кунги тушумлар миқдори жами 15 млн доллардан ортиқроқ суммани ташкил қилди. Умумий ҳисобда гуанчжоуликлар 30 млн долларча маблағни ўзлари топишгани эътиборга молик. Ҳомийлик шартномаларидан ҳам маълум миқдорда пул ҳисоб рақамига келиб тушади. Қолган маблағ эса бош ҳомий “Эвергранд” компанияси томонидан қопланади. Ҳозирча Хитойда клублар тахминан 13 фоиз даромадларини ўйин кунги тушумлардан ишлаб топишади.

Гуанчжоу шаҳри клуби асосий ҳаражатларни мураббийлар штаби ва футболчиларнинг маошига сарфлайди. ОЧЛда ғолиб чиққан жамоани тузиш учун трансферларга жами 45 млн долларга яқин сарфланган холос. Айтиш мумкинки, бу катта сумма эмас. 2011 йилдан ҳар бир мавсумга тақсимласак, ўртача 15 млн долларга тўғри келади. Ҳаражатларнинг асосий қисми Дарио Конка ҳамда мураббийлар штаби маошини тўлаш учун кетади. Конка мукофотлар билан 10, Липпи эса 12 млн евро маош олади. Унинг штабидаги 10дан ортиқ мутахассис ҳам камида 5 миллионга ишлайди. Демак, уларнинг ўзига умумий 30 млнга яқин маблағ сарфланади.

Жамоа хўжайини бир йиллик бюджет миқдорини 85 миллион доллар атрофида деб эълон қилган. Яъни, “Эвергранд” компанияси жамоа ишлаб топган пуллардан ташқари юқоридаги суммага етмаган маблағни топиб беради. Тан олиш керак, Хитойдаги футбол клуби учун бир йилда 30 млн долларга яқин пул ишлаб топиш жуда яхши кўрсаткич. Чипта нархларини ошира олмаслик, трансляция ва ассоциациядан эгаллаган ўрни учун катта маблағга эга бўлмасдан туриб, шундай натижага эришиш учун катта меҳнат талаб қилинади. Бундан аввал Хитойда бир қатор жамоалар шундай ўсишга ҳаракат қилишган, бироқ улар деярли пул ишлаб топишмагани сабабли тез орада бош ҳомийларнинг эътибори сусайиб кетганди. “Гуанчжоу” эса ғолиблик одимини яна давом эттириш илинжида. Трансферларга сарфланган 45 миллион долларнинг маълум қисми футболчиларни сотиш орқали ҳам қопланган. Айтайлик, шу йилнинг ўзида Лукас Барриос “Спартак”ка 7 млн долларга пулланди. Олдинги мавсумларда ҳам жамоа легионерлари сотиб юборилган ёки бошқа клубларга ижарага берилганди. Замонавий футболда фақат катта пулга эга бўлиш эмас, балки уни ўрнида сарфлаш ҳам катта аҳамиятга эга. Буни “Гуанчжоу Эвергранд” мисолида кўриб турибмиз. Марчелло Липпи шогирдлари клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Африка Чемпионлар лигаси ғолиби саналган “Ал Аҳли”ни осонлик билан доғда қолдиришди. Бу эса жамоанинг ўйин савияси анча яхшилигини исботлайди. Демак, жамоага сарфланган пуллар ҳавога учмаган. Энг муҳими, жамоа олдига аниқ вазифа ва мақсад қўйилган, унга қараб интилиш ўз-ўзидан ривожланишга олиб келади.

“Бурирам Юнайтед” эса биз у қадар менсимайдиган Таиланд чемпионати иштирокчиси саналади. 2013 йил жамоа ички мусобақаларда барча совринларга эга чиқди, ОЧЛда чорак финалгача етиб борди. Бурирамликларнинг нимчорак финалда “Бунёдкор”дан устун келганини мухлислар ҳалигача яхши эслашса керак. Невин Чидчоб президентликни қўлга олгач, Таиландда ҳақиқий профессионал клуб шакллантиришни истади. Бу йўлда дастлаб жамоа стадиони қуриб битказилди. Стадион худди Европада майдонга яқин жойлашган трибуналари билан ишқибозларга маъқул келади. Жамоа бошқарувига яқиндагина испаниялик мутахассис таклиф этилди. Бу билан Чидчоб жамоани шакллантириб, ўзининг орзуси ҳисобланган ОЧЛни ютиш сари яна бир муҳим қадамни ташлади дейиш мумкин. Вақт ўтиши билан Таиланднинг оддийгина клуби Осиёда ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Шу йилнинг ўзида чемпионат, Қирол Кубоги, ФА Кубоги ва “Тойота Лига” Кубогида ғолиб чиқди. Фақат ОЧЛда ярим финалгача чиқиш вазифаси бажарилмади. Бунда уларга Эроннинг “Истиқлол” клуби тўсқинлик қилди. “Бурирам” кейинги 3 йил ичида Осиёда тенгсиз жамоага айланиши мумкинлигини таиландликлар эътироф этишмоқда. Бунга жамоанинг ривожланиш модели сабаб қилиб кўрсатиляпти. Тўғри, буни уддалаш осон бўлмайди, лекин клубни қитъада грандлар сафига қўшиш жамоага насиб этмоқда. Шахсий стадионига эга бўлган “Бурирам” ҳомийлар билан ишлаш, ўйин кунги тушумлардан пул ишлаб топиш ва мерчандайзингдан Таиланд футболи учун юқори саналган миқдорда маблағ топди. Ҳомийлардан 150, мерчандайзингдан 120 ва ўйин кунги тушумлардан 30 миллион бахт миқдорида пул ишлаб топган. Буни АҚШ долларига айлантирсак, деярли 10 миллион доллар келиб чиқади. Шунингдек, Таиланд чемпионлиги ва ОЧЛда чорак финалгача етиб келгани учун олинган мукофот пуллари умумий миқдорда 600 минг доллардан ортади. Демак, деярли 11 миллион миқдорида маблағни бурирамликлар ўзлари ишлаб топишни уддалашган. Таркибда юлдузлар йўқлигини ҳисобга олсак, “Юнайтед” бюджетининг камида 50 фоиз қисмини ўзи жамғарган. 11 миллион доллар катта миқдор. Олий лигада иштирок этаётган етакчи клубларимизнинг бир йиллик бюджети шунча рақамга етиб бормайди. Шу туфайли Таиланд чемпионати ёки клубларини менсимайдиган ишқибозларимиз дастлаб ушбу давлатда футбол жамоалари қандай иш олиб боришаётганини таҳлил қилиб ўтишса, яхши бўларди. “Бурирам”нинг уй ўйинларига ўртача ташриф миқдори деярли 19 минг нафарни ташкил қиляпти. Ўтган йилга нисбатан ўсиш миқдори 23 фоиздан иборат бўлди. Таиланд чемпионатининг умумий ташрифи эса 6095 нафар бўлиб турибди. Бу эса биздаги кўрсаткичдан анча яхшироқ. Ҳозир бизда ўртача ташриф 19 минг бўлишини тасаввур қилиш ҳам қийин. Чемпионатимизда қатнашаётган клубларнинг ҳеч бўлмаганда ўз бюджетларининг ярмини ўзлари ишлаб топишганда бу бизни жуда хурсанд этган бўларди. Чунки жамоа ўзи пул ишлаб топган тақдирда уни ақл билан сарфлашга ҳаракат қилади, беҳуда ҳаражатларни амалга оширмайди. Эҳтимол, шунда “откат”лар йўқолиб, клублар менежерлик учун иқтидори бор шахсларни тайинлашга чақиришармиди. Бизда жамоа раҳбарларини тайинлаш одат тусига кирган. Уларнинг футбол ёки бошқарувни, менежерлик билимларини тушуниши билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Камида 10 клубнинг раҳбари фақат пулни сарфлашни билади холос. 3 қоп пулни сарфлашни ҳар қандай лаёқатсиз одам ҳам уддалай олади. Ҳукуматимиз ажратаётган маблағлардан клублар унумли фойдаланишмаётгани бизни ўйга толдиради. Бу футболимиздаги энг муаммоли ҳолатлардан бири ҳисобланади. Жамоаларда ўсиш кузатилмаётгани, инфратузилмани ривожлантириш учун зарур ишлар қилинмаётгани туфайли замонавий футбол стандартларидан анча вақтга ортда қолиб кетдик. Янги стадионлар қуриб битирилганини бунга мисол қилиб бўлмайди. Чунки стадионлар ҳам бевосита ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаши остида бунёд этилди. ЎФФ Президенти Мираброр Усмонов бу ҳақида ҳисобот-сайлов конференциясида тўхталиб ўтганди. Стадионлар қурилиши учун ҳукуматимиз жами 500 миллион АҚШ долларига тенг маблағ ажратган. Бундан келиб чиқяптики, охирги йилларда клубларнинг ўзлари инфратузилма ёки клуб бошқарувини яхшилаш мақсадида фойдали ишларга деярли қўл уришмаяпти. Энг афсусланарли ҳолат шунда.

“Бурирам” мисолни давом эттирадиган бўлсак, бу клуб Chang, Thai AirAsiaб King Power, Coca-Cola, Samart I-Mobile, CP, Yamaha, Carabao Dang, Hello Bangkok, Euro Food, Bento сингари йирик компаниялар билан ҳамкорлик шартномаларига эга. Таиландликлар ҳали миллий терма жамоа ёки чемпионатнинг умумий савияси борасида қитъада етакчилар билан беллаша олишмас, лекин профессионалликка интилиш, жамоани ривожлантириш мақсадида қилинаётган ишлар бўйича ўзларидан етакчи ҳисобланган бошқа мамлакат жамоаларидан илгарилаб кетишмоқда. Бизда жамоалар ўзларининг алоҳида ажратилган ҳомийга эга эканликлари сабабли олдинга интилишга унчалик ҳаракат қилишмаяпти. Трансфер ва ўйин кунги тушумлардан пул топиш тўғрисида гапирмасаям бўлаверади. Трансферлардан сўнгги йилларда “Пахтакор” ва “Бунёдкор” маълум миқдорда пул ишлаб топиш имкониятига эга бўлишди. Бошқа клублар эса ўз тарбияланувчиларини ҳам шартнома муддати тугагач, бошқа клубга ўтишини жимгина кузатиб қолишга мажбур бўлишяпти. Бундай пайтда шартнома якунланишига бир йил қолганда футболчини маълум сумма эвазига сотиб юбориш мақбул йўл саналади. Бунинг сабаби жамоа раҳбарларининг футбол клубида иш юритишни яхши билмаслиги, жамоанинг эртаси учун қайғурмаслигидан келиб чиқади. Ҳеч қандай режа ва мақсадсиз жамоа бошқарувига тайинланган шахсдан бошқа ишни кутиш ҳам қийин.


Беҳзод НАЗАРОВ.
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook