UZ

Сўнгги янгиликлар

17:43Винченцо Итальяно мавсум охирида клубдан кетади  0 17:25Альфонсо Дэвис "Бавария" билан янги шартнома имзоламайди  0 17:01"Бунёдкор" янги бош мураббий номини эълон қилди  9 16:20"Евро-2024"да ҳеч ким Англия билан тенглаша олмайди"  7 15:57"Қизилқум" "Локомотив" билан ўйин учун қайдномасини эълон қилди  0 15:44ПРО-Лига. Турнинг марказий учрашуви асосий таркиблари маълум  5 15:26Суперлига. 4-тур учрашувларини ўтказиб юборадиган футболчилар  3 15:10Маркус Рэшфорд Евро-2024га бора олмаслиги мумкин  1 14:38Парехо Винисиус ҳақида: "Ажойиб спортчи, аммо ўйинчилар ўзини футболга бағишлаши керак. Мени пиёниста дейишарди, лекин бунга эътибор бермаганман ва жавоб қайтармаганман – бундай одамлардан юқорироқ бўлиш зарур"  1 13:47Суперлига. 9та клуб дастлабки 3та турда фақат бир хил формадан фойдаланди. Бунга сабаб нима?  5 13:44"Манчестер Юнайтед" "Реал" футболчисини сотиб олмоқчи  1 13:23Хавининг дисквалификацияси бўйича апелляция рад этилди   1 12:50Ўзбекистон кубогининг саралаш босқичига қуръа ташланди  5 12:15Месси: "ЖЧ-2022да ғолиб бўлмаганимизда, мен терма жамоадан кетардим"  8 11:53Начо ва Васкес "Реал" билан шартномасини узайтиради  2

Биринчи лига. Иккинчи босқич. 1-тур статистикаси Янгиликлар

Биринчи лига. Иккинчи босқич. 1-тур статистикаси

Кеча биринчи лиганинг иккинчи босқич ўйинлари старт олди.
Эндиликда 16та жамоа кураш олиб борадиган лигадаги айрим ўйинлар мухлисларга кутилмаган натижаларини кўрсатди. Одатдагидек, сайтимиз орқали турнинг эътиборга молик жиҳатларига тўхталиб, статистик маълумотлар билан сизларни таништириб ўтамиз.

“ҚЎҚОН-1912” МУХЛИСЛАРИНИ УЯЛТИРИБ ҚЎЙДИ ЁХУД “ЗАРАФШОН-НЦЗ”НИНГ ШАШТИ БАЛАНД!


Кеча режага кўра, мамлакатимизнинг турли шаҳар ва туманларида биринчи лиганинг иккинчи босқич, 1-туридан ўрин олган жами 8та ўйин бўлиб ўтди. Унда 5та мезбон жамоа муваффақият қозонган бўлса, яна 3та ўйинда меҳмонлар зафар қучди.

«Истиқлол»  – «Регистон» 4:1.
Иккинчи босқич ўйинларида иштирок этиши сўнгги лаҳзаларда расман маълум бўлган, “Истиқлол” шунга қарамай, таркибини бир нечта футболчилар билан кучайтириб олишга муваффақ бўлди. Унинг биринчи турдаги рақиби “Регистон” ҳам ўз имкониятидан келиб чиқиб, иккинчи босқичга тайёгарлик кўрди. Мазкур ўйинда тўлиқ устунлик мезбонлар томонида бўлганлигини англаш қийин эмас. Боз устига “Истиқлол” биринчи бўлимда рақиб дарвозасига жавобсиз учта тўп киритиб, ғалабани таъминлаб қўйганди.

«НБУ-Осиё»  – «Зарафшон-НЦЗ» 0:4.
Биринчи босқичда ўз минтақаларида етакчиларга жиддий қаршилик кўрсатган бу икки жамоа кеча бир-бирига рўбарў келди. Очиғи, оралиқ танаффусда “Зарафшон-НЦЗ”да юз берган сезиларли ўзгаришлар ва “НБУ-Осиё”нинг бу ўйинда ўз майдонида тўп суриши қайсидир маънода тошкентликларнинг бироз устунлигини таъминлаганди. Аммо футболда таҳминлар ҳамиша ўзини оқламашини “Зарафшон-НЦЗ” футболчилари амалда исботлаб қўйди. Шу куни кўпроқ ёш ўйинчиларини туширган “банкирлар” қаттиқ тарсаки еди. Навоийликлар биринчи бўлимнинг ўзидаёқ ҳаммасини узил-кесил ҳал этиб бўлганди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, “Зарафшон-НЦЗ” таркибида катта ўзгариш кузатилди. Шундан сўнг кўпчилик бу жамоани олий лига учун кураш олиб борадиган клублар рўйхатидан олиб ташлашганди. Лекин мана кўриб турганингиздек, жамоада кучлилар сафига чиқиш учун иштиёқ юқори. Қолганини вақт кўрсатади.

«Пахтакор-2» – «Машъал» 0:4.
“Пахтакор-2” биринчи турдаёқ жиддий рақибга рўбарў келди. Унинг қаршисида чемпионат пешқадами “Машъал” эди. Бошқача айтганда, мухлислар иштиёқ ва тажриба қарама-қаршилигига гувоҳ бўлишди. Шунинг учун тан олиш керак, учрашув фаворити меҳмонлар эди. “Газчилар”нинг бугунги кунда қандай кучга эга эканлигини барча яхши билади. “Пахтакор-2” эса асосан академия тарбияланувчилари эвазига иштирок этиб келмоқда. Шу боис Муборак жамоаси кеча рақибини аяб ўтирмади. Ҳар бир бўлимда иккитадан гол ва “Машъал”нинг йирик ғалабаси!   

«Оқ-тепа» – «Спартак» 2:0.
Биринчи турнинг энг кеч бошланган ўйини 2:0 ҳисобида якун топди. Бир сўз билан айтганда, “Ғарб” минтақасида кўплаб клубларни очко йўқотишига мажбур қила олган “Спартак” кеча Тошкент жамоаси қаршисида ип эша олмади. Ваҳоланки, таркиб борасида бухороликлар мезбонлардан қолишмасди. Лекин ўз майдонингда деворлар ҳам ёрдам беради деганларидек, “Оқ-тепа” шу куни ўз ҳисобига уч очко ёздириб қўйди.

«Андижон» – «Орол» 7:1.

Олий лига чиқиш учун астойдил курашаётган “Андижон” иккинчи босқични йирик ғалаба билан бошлади. Гарчи учрашувда биринчи ҳисобни Орол” футболчилари очган бўлсада, улар якунда киритган битта тўпига 7та жавоб олди (!). Биринчи бўлим 1:1 ҳисоби билан якунланганидан сўнг, ҳисобни ўзгартириш мақсадида “бургутлар” бош мураббийи Азамат Абдураимов етакчиларни биринч кетин тушира бошлади. Бу эса ўз самарасини келтирди ва иккинчи бўлимда “Андижон” рақиб дарвозасига яна олтита тўп (!) киритишга муваффақ бўлди. Таркиби асосан маҳаллий ёшлардан ташкил топган “Орол” энди пайшанба куни “Қўқон-1912” меҳмони бўлади.

«Қўқон -1912» – «Хоразм» 1:2.
Олий лигага чиқишга давогарлардан бири сифатида номи тилга олинаётган “Қўқон-1912” кеча ўз майдонида мухлисларини уялтириб қўйди. Аввалига ҳаммаси қўқонликлар учун яхши кетаётганди. Аммо иккинчи бўлимда, дастлаб пенальтидан ҳисобни тенглаштирган “Хоразм” футболчилари кейинчалик яна рақиб дарвозасига йўл топа олди. Ва сафардан уч очко билан қайтишга муваффақ бўлди. Дарвоқе, қўқонликларнинг олий лига чиқиши учун асосий рақибларидан бири “Андижон” эканлигини инобатга олсак, ПФЛ ҳакамлар департаменти бўлим негадир кеча “Қўқон-1912” – “Хоразм” баҳсига андижонлик ҳакамни тайинлаган!

«Косонсой» – «Аланга» 1:0.
Меҳмонларнинг сафардан камида бир очко билан қайтиши ҳам мумкин эди. Аммо сўнгги дақиқалар “Аланга”га ҳиёнат қилди. Боиси учрашувнинг асосий вақтларида дуранг қайд этилди. Аммо иккинчи бўлим тўхталишлари учун қўшиб берилган сўнгги сонияларида, аниқроғи 90+2-дақиқада “Косонсой”нинг янги хариди Мақсуд Ҳайитов рақиб дарвозасини ишғол этиб, жамоасининг ғалабасини таъминлади.

«Чуст-Пахтакор» – «Шердор» 4:2.
Иккинчи босқични янги мураббий билан бошлаган чустликлар кеча “Шердор” билан ўйинда ғалабани ўз томонларига оғдира олишди. Биринчи бўлимнинг 7-дақиқасида ҳисобни очишга эришган меҳмонлар эса ғалабани сақлаб қола билмади.

33ТА ГОЛ. 8ТА ДУБЛ. 2ТА ПЕНАЛЬТИ.

1-тур голларга бой тарзда ўтди десак муболаға бўлмайди. Боиси кеча бўлиб ўтган 8та ўйинда жами 33та гол қайд этилди!  Бу ҳар бир учрашувга 4,125тадан гол демакдир. Мазкур турда энг кўп голни “Андижон” киритди – 7та! Ўз дарвозасидан энг кўп тўп ўтказиб юборган жамоа эса табиийки “бургутлар”нинг кечаги рақиби “Орол” бўлди.

1-турда киритилган 33та голнинг 16таси биринчи бўлимда киритилди. Иккинчи таймда эса мухлислар яна 17та голга гувоҳ бўлишди. Турнинг энг тезкор голи – муаллифлари иккита бўлди. “Машъал” ҳужумчиси Виктор Клишин ва “Орол” аъзоси Ислом Сейтназаров баҳснинг 5-дақиқасидаёқ рақиб дарвозасини ишғол этишга муваффақ бўлди. Турнинг энг сўнгги голи деб эса, “Косонсой” ҳимоячиси Мақсуд Ҳайитовнинг 90+2-дақиқада киритган тўпини айтиш мумкин.

Мазкур турда 8та футболчи дублга эришди. Эътиборлиси уларнинг 4таси иккита ўйинда қайд этилди. Андижонда кечган “Андижон” – “Орол” баҳсида мезбонларнинг икки аъзоси Даврон Турсунов билан Алишер Тўхтасинов ўз ҳисобларига 2тадан гол ёздириб қўйишга эришди.

“Чуст-Пахтакор” – “Шердор” баҳсида ҳам икита футболчи дублга эришди. Мезбонлардан Акрам Гуллабоев ва меҳмонлардан Турғун Қобилов рақиб дарвозасига икки бор йўл топа олишди.

“Оқ-тепа”нинг тўпурар ҳужумчиси Маъруф Аҳмаджонов ҳам кечаги ўйинда жамоасининг иккала голига ҳам ўзи муаллифлик қилди.

“Истиқлол” аъзоси Жамолиддин Қўчқоров ҳам бу турда иккита гол урганлар қаторида бўлди.

Шунингдек “Зарафшон-НЦЗ” янги аъзоси Абдураҳмон Абдулҳақов ҳам “НБУ-Осиё” билан кечган ўйинда дублга эришди. Ўз ўрнида шуни айтиб ўтиш керакки, ушбу футболчи биринчи босқич ўйинларида “Пахтакор-2” таркибида ҳаракат қилганди.

Ўз вақтида олий лигада тўпурарлик маҳоратини намойиш этган Виктор Клишиннинг бу йил биринчи лигада “Машъал” шарафини ҳимоя қилаётганини мухлислар яхши билса керак. Кеча “Пахтакор-2” билан кечган ўйинда Клишин биринчи бўлимнинг ўзидаёқ рақиб дарвозасига иккита тўп киритиб, жамоасининг ғалабасига катта ҳисса қўшди.
Кечаги ўйинларда ҳакамлар икки бор пенальти кўрсатди. Темур Тўхтасинов (Андижон) “Қўқон-1912” – “Хоразм” баҳсида мезбонлар дарвозасига 11 метрлик тўпи белгилади. Бундан урганчликлар сардори Марс Қуранбоев унумли фойдаланди.

Яна бир пенальти “Чуст-Пахтакор” – “Шердор” ўйинида кузатилди. Бош ҳакам Дилшод Каримов (Тошкент) мезбонлар фойдасига иккинчи бўлимда пенальти белгилади ва уни чустлик Элдор Норматов аниқ амалга ошира олди.

34ТА САРИҚ ВА 1ТА ҚИЗИЛ КАРТОЧКА
Якунига етган 1-турда адолат посбонлари футболчиларга жами 34та сариқ ва 1та қизил карточка кўрсатишган. Бу ҳар бир ўйинга 4,25тадан сариқ карточка демакдир! Сариқларнинг 11таси мезбонларга, қолган 23таси эса меҳмон жамоа футболчиларига кўрсатилган!

Биринчи бўлимда 13та сариқ карточка кузатилди. Иккинчи бўлимда эса огоҳлантиришлар сони 21та бўлди!  

Энг кўп сариқ карточка “Андижон” – “Орол” баҳсида кузатилди. Учрашув бош ҳаками Шуҳрат Бозоров (Наманган) шу куни мезбонлардан 4та футболчига, мезбонларнинг эса 2та футболчисини сариқ карточка билан сийлади.

Гарчи “НБУ-Осиё” ва “Пахтакор-2” ушбу турда бир хил йирик ҳисобда мағлубиятга учраган бўлсада, ушбу жамоа футболчилари ҳеч қандай карточка олмай, бошқаларга интизомли ўйнаш борасида намуна бўлди!

Мазкур турда қайд этилган ягона қизил карточка “Қўқон-1912” – “Хоразм” баҳсида кузатилди. Учрашув бош ҳаками Темур Тўхтасинов шу куни мезбонлар ҳимоячиси Азиз Мадалиевнинг 54-дақиқадаги ҳаракатларини тўғридан-тўғри қизил карточка лойиқ деб ҳисоблади. Бу эса мезбонларга якунда қимматга тушди.

8ТА ЎЙИНДА ЖАМИ 8081 ТОМОШАБИН!

Футболимиздаги оғриқли муаммолардан бири бу – мухлисларнинг стадионларга ташрифи кескин тарзда қисқариб кетаётганидир. Тан олиш керак, бугунги кунда хаттоки олий лига ўйинларига ҳам томошабинлар меҳри у қадар юқори эмас. Биринчи лигада ҳам бу борадаги холатни ижобий дейиш қийин. Сўзимизнинг исботи тариқасида кеча бўлиб ўтган ўйинлардан келиб чиқиб ҳам айтиш мумкин.

1-турда бўлиб ўтган учрашувларнинг қайдномасига эътиборар қаратар эканмиз, унда биринчи лигага бўлган қизиқиш  деярли йўқ эканлигини англаб етдик. Футбол аввало мухлислар учун дейилади одатда. Лекин бунинг қанчалик амалга оширилаётганини барчамиз кўрмоқдамиз. Чемпионат бошида ПФЛдан бошқа стадионга рухсат олган жамоа мавсумнинг ўртасига келиб, бошқа бир ўйингоҳда уй учрашувларини ўтказиб келаётганини қандай тушуниш мумкин?! Очиғи бунга одам ўрганиб кетди.

Хуллас, кеча бўлиб ўтган 8та ўйинда жами 8081 томошабин ташриф буюрганлиги қайд этилган! Бу ҳар бир ўйинга ўртача миқдорда, 1010,125тадан мухлис дегандир! Мухлислар ташрифи ошириб ёзилаётганини ҳам инкор этиб бўлмайди. Шунинг учун бунга ҳеч ким аниқ кафолао бермайди. 1-турда йирик ҳисобда ғалаба қозонган “Андижон”нинг ўйинига кеча 926та томошабин кирганлиги ўйин қайдномасига ёзилган. Биринчи босқичда мухлис йиғиш борасида бошқаларга ўрнак бўлган жамоанинг балки бошқа стдионда ўйнагани учун ҳам шундай ёзилган бўлса керак. Сабаби олдин хабар бериб ўтганимиздек, “Андижон”нинг уй стадиони бўлмиш “Соғлом авлод” ўйингоҳида мустақиллик байрами ўтказилиши муносабати билан айни пайтда у ерда байрамга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Шу боис жамоа иккинчи босқичдаги дастлабки иккита ўйинини Шўрбулоқ даҳасидаги Ихтисослаштирилган футбол мактаб-интернатидаги сунъий қопламали стадионда ўтказадиган бўлди. У ерда трибунадаги ўриндиқлар кўп эмаслигини айтиб ўтиш керак.

Мухлисларда катта қизиқиш уйғотган ўйин деб “Қўқон-1912” – “Хоразм” баҳсини айтиш мумкин. Сабаби Қўқонда кечган ўйинда 3532та томошабин қадам ранжида қилганлиги маълум бўлди. Бу бошқаларга нисбатан энг юқори кўрсаткич бўлди.

Энг кам мухлис яна Тошкент жамоаларининг уй баҳсларида кузатилди. Аниқроғи, “НБУ-Осиё” ва “Пахтакор-2”нинг уй ўйинларига 67тадан мухлис киргани учрашув қайдномасида ёзилган!

Мухлислар ташрифи кимда қандай?
«Истиқлол»  – «Регистон» 4:1. Тошкент. 107 томошабин.
«НБУ-Осиё»  – «Зарафшон-ПФК» 0:4. Тошкент. 67 томошабин.
«Пахтакор-2» – «Машъал» 0:4. Тошкент. 67 томошабин.
«Оқтепа» – «Спартак» 2:0. Тошкент. 167 томошабин.
«Андижон» – «Орол» 7:1. Андижон. 926 томошабин.
« Қўқон -1912» – «Хоразм» 1:2. Қўқон. 3532 томошабин.
«Косонсой» – «Аланга» 1:0. Косонсой. 1112 томошабин
«Чуст-Пахтакор» – «Шердор» 4:2. Чуст. 2103 томошабин.

КЕЙИНГИ ТУРДА УЧРАШАДИЛАР
2-тур. 15 август (пайшанба)
«Истиқлол» - «Зарафшон-НЦЗ»
«НБУ-Осиё» - «Регистон»
«Пахтакор-2» - «Спартак»
«Оқтепа» - «Машъал»
«Андижон» - «Хоразм»
«Қўқон-1912» - «Орол»
«Косонсой» - «Шердор»
«Чуст-Пахтакор» - «Аланга»

Исломбек Рустамбеков тайёрлади.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
Яндекс.Метрика