UZ

Сўнгги янгиликлар

07:43Осиё кубоги. Бугун Қувайтга қарши майдонга тушамиз  0 07:15U-23 Осиё кубоги. Хитой - Корея Республикаси 0:2  0 07:10U-23 Осиё кубоги. БАА - Япония 0:2  0 07:05U-23 Осиё кубоги. Таиланд - Саудия Арабистони 0:5   0 07:00U-23 Осиё кубоги. Тожикистон - Ироқ 2:4   0 06:55Серия А. "Кальяри" - "Ювентус" 2:2   1 06:50Саудия чемпионати. "Ал Насср" - "Ал Файҳа" 3:1   0 01:48А Серия. "Кальяри" "Ювентус"га қарши ўйинда охирги дақиқалардаги автогол сабаб ғалабани қўлдан чиқарди. Шомуродов 79-дақиқада алмаштирилди  41 01:40Каземиро: "Анчелотти МЮга ўтаётганимни билиб, йиғлаб юборганди"   4 01:15U-23 Осиё кубоги. Ироқ Тожикистонни ишончли тарзда мағлуб қилди  0 00:58Начо "Реал"га мавсум охирида жамоадан кетишини маълум қилди  7 00:40Ўзбекистон Қувайтга қарши ўйинда тўлиқ оқ либосда ҳаракат қилади  6 00:37Виталий Левченко: "Биз учун чемпионат ёки кубок учрашуви фарқланмайди"  2 00:25Иван Бошкович: "Ғалаба осонликча келмаслигини бугунги ўйин ҳам кўрсатиб берди"  1 00:10"Жиззах" бош мураббийи: "Таркибимиз фақат маҳаллий футболчилардан иборат экани мени хурсанд қилади"  2

Асқар Толибжонов: «Австрия, Шотландия, Греция бизга рад жавобини беришди» Янгиликлар

Асқар Толибжонов: «Австрия, Шотландия, Греция бизга рад жавобини беришди»

ЎФФ қошидаги «Терма жамоалар маркази» директори Асқар Толибжоновдан бу йилги мавсум якунлари ва янги йил режалари тўғрисида интервью олдик.
Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, марказ раҳбари миллий терма жамоа мавзусини қайта кўтармаслик шарти билан суҳбат уюштиришга рози бўлди. Мулоқотимиз терма жамоаларимиз иштирокидаги бўлажак мусобақалар хусусида бошланди.

- Келаси йили барча ёш тоифасидаги терма жамоаларимизни нуфузли мусобақалар кутиб турибди. Жумладан, миллий терма жамоамиз 5 март куни БАА термасига қарши Тошкентда Осиё кубоги-2015 саралаши гуруҳ босқичи доирасидаги сўнгги учрашувни ўтказади. Бўлажак ўйин натижасидан қатъий назар, биз гуруҳда 2-ўринни эгаллаб, финал босқичига чиқиб бўлганмиз. Шундан сўнг миллий жамоамиз Австралияда ўтказиладиган финал босқичига тайёргарликни бошлайди. Ёз фаслида эса ҳеч қандай ўйинимиз йўқ. Сентябрь, октябрь ва ноябрь ойларида ФИФА кунларидан унумли фойдаланиб, ўртоқлик учрашувлари ўтказиш ниятидамиз. Бу борада Европа ва Осиёнинг кўзга кўринган терма жамоаларига таклифларимизни жўнатганмиз. Уларнинг айримларидан жавоблар ҳам келди. Буни мураббийлар штаби билан ўрганиб чиққанимиздан сўнг бир қарорга келамиз. Шуниси аниқки, 1 март куни Тошкентда БАА термасига қарши кечадиган ўйин олдидан ўртоқлик учрашуви ўтказамиз. Бу борада музокара олиб борилган ва якуний қарорга келинган. Қўлимизга расмий шартнома тегиши билан бу ҳақда расман маълумот берамиз.

Янги мавсум учун марказнинг режалари тайёр. Биз уларни барча ёш тоифасидаги терма жамоа мураббийларига тақдим этамиз. Ўз ўрнида улар ҳам ўз таклифларини ёзиб, бизга беришади.

1993 йилда туғилган футболчилардан иборат терма жамоамиз июль ойи­да Осиё чемпионатининг саралаш босқичида иштирок этади. Бу жамоамизнинг ҳам йиллик иш режаси тайёр. Унга кўра, ҳар ойда бир маротаба ўқув-машғулот йиғинлари, хорижда ўртоқлик ўйинлари ўтказиш режалаштирилган. Жамоани бир нечта халқаро турнирларга таклиф этишган. Бу термага Шуҳрат Мақсудов бош мураббий этиб тайинланди. Унга ўзининг мураббийлар штабини шакллантириш бўйича топшириқ бердик. Алексей Евстафеевнинг катта мураббий бўлиши аниқ.

1998 йилда туғилган футболчилардан иборат терма жамоамизга эса Темур Олимхўжаев устозлик қилишда давом этади. Ушбу мутахассиснинг қўл остида ўсмирларимиз Осиё чемпионатининг финал босқичига йўлланма олишганди. Келаси йилнинг кузида энди қитъа чемпионатининг финал босқичида жаҳон чемпионати йўлланмалари учун кураш олиб боришади. Олимхўжаевнинг олдига шу вазифа қўйилди. Мураббийлар штабини қайта кўриб чиқиш бўйича ҳам топшириқ бердик. Бу терма жамоамиз учун ҳам йиллик тайёргарлик иш режасини тузиб чиқдик. Хорижда ўқув-маш­ғулот йиғинлари ташкил этиш баробарида Тошкентда шу ёшдаги терма жамоалар учун халқаро мини-турнир ўтказишни режалаштириб қўйганмиз. Ҳозир шу режа бўйича иш олиб бориляпти.

1995 йилда таваллуд топган футболчилардан таркиб топган термамизда ҳам бош мураббий ўзгармади. Жамоани Осиё чемпионатининг финал босқичига олиб чиққан мутахассис Алексей Евстафеев бош мураббийликка қайта тасдиқланди. Ушбу жамоа ва унинг устозлари олдига ЖЧга бериладиган йўлланмалардан бирини қўлга киритиш вазифаси қўйилди.

Футзал бўйича миллий терма жамоамизга эса Баҳодир Аҳмедов бош мураббий этиб тайинланди. Бу жамоамиз май ойида Вьетнамда ўтадиган Осиё чемпионатининг финал босқичида иштирок этади. Табиийки, футзалчиларимиз зиммасига ҳам мундиал йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси юклатилди.

- 2000 йилда туғилган футболчилардан иборат терма жамоада ҳам Темур Олимхўжаев ишлаётганди. Бу мутахассис иккала жамоада ҳам ўз фаолиятини давом эттирадими?
- Келаси йили ушбу терма жамоамиз учун ҳеч қандай расмий мусобақа йўқ. Шундай бўлса-да, бу жамоани янада шакллантириш мақсадида яқинда республика турнирини ташкил этдик. Унда 5та минтақавий терма жамоалар ҳамда Тошкентнинг «Спартак» клуби иштирок этди. Мусобақани ўтказишдан мақсад, айнан 2000 йилдаги терма жамоа учун муносиб номзодларни саралаб олиш эди. Мураббийлар штаби 100 нафардан зиёд болаларни кўрикдан ўтказди. Терма жамоанинг асоси бор. Шу ёшдаги терма жамоамизни халқаро турнирга таклиф этишса, бемалол жўнатиш имкониятига эгамиз. Айтмоқчиманки, расмий мусобақа бўлмаса-да, бу терма жамоани ҳам тайёрлаб борамиз.

- 2014 йил ҳисобидан дастлабки расмий мусобақа бу - Уммонда 22 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ўтказиладиган Осиё чемпионати. Ушбу қитъа биринчилигида қайси жамоамиз иштирок этади?
- Уммонга 1993 йилда таваллуд топган футболчилардан иборат терма жамоамиз боради. Биз асосий урғуни шу ёшдаги йигитларга қаратганмиз. Зеро, миллий термамизга энг яқин базавий жамоа ҳам айнан шу бўлади. Шунингдек, Уммонга борадиган таркибдан мамлакатимизнинг 1991-1992 йилларда туғилган ва «Бунёдкор», «Локомотив», «Пахтакор», «Насаф» ҳамда «Нефтчи» каби клубларнинг энг истеъдодли футболчилари ҳам жой олишади. Кенгайтирилган рўйхатда 50 нафарга яқин футболчи бор. Келаётган пайшанба куни улардан 23 нафарини тасдиқлаймиз. Унгача Шуҳрат Мақсудов бошчилигидаги мураббийлар штаби ана шу якуний рўйхатни аниқлаб олишлари керак. Режага кўра, 5 январь куни БААга жўнаб кетилади. У ерда бир ҳафта машғулот ўтказилади. Йиғин доирасида 2та ўртоқлик учрашуви ташкил этилади ва 11 январь куни Уммонга йўл олинади.

- Осиё чемпионати бошланишига бир ойча вақт қолганидагина тайёргарликлар бошланяпти. Ҳали таркиб ҳам аниқ эмас. Бош мураббий ҳам эндигина тасдиқланди. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бу жамоа олдига Уммондаги турнирда аниқ вазифа қўйилмайдими?
- Ҳар қандай ҳолатда ҳам ушбу терма жамоамиз Осиё чемпионатида юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Мақсад шунчаки бориб-келиш бўлганида, жамоани Уммонга жўнатмасдик. Бўлажак қитъа биринчилиги 1993 йилда туғилган футболчиларимизга тажриба тўплаш имкониятини беради. Олимпиада - 2016 саралаш мусобақасида шу ёшдаги футболчиларимизнинг қатнашишларини инобатга олсак, уларга келаси йили кўпроқ халқаро ўйинлар керак бўлади. Уммондаги чемпионат тайёргарлик босқичидан бири бўлиб хизмат қилади. Ўйлайманки, бу экспериментал таркибимиз ҳам ишончни оқлайди.

- Уммондаги мусобақа сабабли, МДҲ кубоги турниридан воз кечилдими?

- Ҳа, Осиё чемпионатига асосан 1993 йилда туғилган футболчиларни жўнатаётганимиз учун МДҲ кубоги турниридан воз кечишимизга тўғри келди.

- Демак, МДҲ кубогини кераксиз мусобақа, деб топдинглар. Ҳар ҳолда тайёр турнир эди. Сиз айтган кенгайтирилган таркибдаги 50 нафар футболчининг ҳаммаси ҳам Уммонга бормайди. Қолган номзод футболчилардан ҳам битта рақобатбардош таркиб йиғиб, Санкт-Петербургга жўнатиш ҳақида ўйлаб кўрмадингларми?
- Питердаги мусобақанинг бизга керак эмаслиги учун эмас, асосий эътиборни Уммонга қаратганимиз учун ундан воз кечишга тўғри келди. Осиё чемпионати барибир расмий мусобақа. Сиз айтган вариантни ҳам ўйлаб кўрдик. Лекин ўз манфаатимиз йўлида клубларнинг тайёргарлигига салбий таъсир ўтказишимиз мумкин. Шундоқ ҳам етакчи жамоаларимизнинг илк хориж йиғинлари бошланадиган пайтда уларнинг айрим футболчиларини терма жамоага жалб этдик.

- Миллий терма жамоамиз бош мураббийи Миржалол Қосимов бизга берган интервьюсида Гонконг термасига қарши кечган ўйиндан сўнг истеъфо чиқиш ҳақида такрорий ариза ёзганини айтганди. Демак, бу ариза ҳам қабул қилинмабди-да?
- Шундай. Миржалол Қосимовнинг ўзи терма жамоани 5 март куни БАА термасига қарши ўтказиладиган ўйинга тайёрлайди. Шунингдек, Осиё кубоги-2015га ҳам бош жамоамизни ўзи олиб боради. ЎФФ президенти Мираброр Усмонов Қосимовга тўлалигича ишонч билдирди.

- Терма жамоамизнинг ЖЧ-2014 финал босқичига чиқа олмаганида «Терма жамоалар маркази»нинг ҳам айби бўлди. Боиси, муҳим расмий ўйинлар олдидан ўртоқлик учрашувлари ташкил этиб берилмади. Йўл қў­йилган хато ва камчиликлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, янги мавсум учун ҳозирдан ўртоқлик учрашувлари ўтказиш режасини тузиб чиқдингларми? Иложи бўлса, рақиб бўлиши мумкин бўлган жамоалар тўғрисида аниқ маълумот берсангиз...
- Келаси йилнинг 23 февраль куни Евро-2016 саралаш босқичига қуръа ташланади. Шу боис, биз ўйин ўтказишни истаган аксарият терма жамоалар ўша қуръадан кейин музокара бошлашни таклиф қилишяпти. Умумий ҳисобда 61та давлат футбол федерацияларига расмий таклифлар жўнатганмиз. Уларнинг айримларидан жавоб хатлари ҳам келди. Масалан, Австрия, Шотландия, Греция каби терма жамоалар ўртоқлик баҳслари ўз режаларига тўғри келмаслиги боис, рад жавобини беришди. Осиё жамоаларига келсак, 6 октябрь санасида ўйин ўтказишга Қатар термаси розилик берди. Улар учрашувни Дохада ўтказиш таклифини билдириб, расмий мактуб жўнатишди. Шунингдек, Хитой терма жамоаси ҳам бизни ўртоқлик баҳсига чорлаяпти. Венгрия, Эстония, Латвия каби футбол федерациялари эса қарор қабул қилиш учун вақт сўрашган. Улар ҳам қуръа натижасини кутишяпти. Биз миллий жамоамиз мураббийлар штаби билан ўтириб, режаларни тасдиқлаб оламиз. Табиийки, бош мураббийнинг ҳам ўз режалари бор. Уни қониқтирадиган жамоалар билан ўртоқлик учрашувлари ўтказилади.

- Матбуотда Болгария терма жамоаси билан сентябрь ойида ўртоқлик ўйи­ни ўтказилар экан, деган маълумот пайдо бўлди. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин. Аслида Болгария ФФ билан расмий музокаралар олиб борилганмиди?
- Болгария ФФга ҳам бошқа давлатларга бўлгани каби ўртоқлик учрашуви ўтказиш бўйича мактуб жўнатганмиз. Болгария томони шунчаки таклиф олганини ўз сайтига қўйган. Бошқалар ҳам буни ўз матбуотларида ёритишлари мумкин. Лекин расмий келишув бўлмагани учун қолган федерациялар биз каби жим туришибди. Мисол учун, Украина футбол федерацияси 19-23 май кунлари Киевда ўтказиладиган халқаро турнирга 1993 йилда туғилган футболчилардан иборат терма жамоамизни таклиф қилди. Режага кўра, Мақсудов жамоаси Украинага бориши керак. Фақат биз мусобақада қайси терма жамоалар иштирок этишини билишимиз керак. Агар маҳаллий клублар ўйнайдиган бўлса, бизга бу турнирнинг кераги йўқ. Терма жамоалар қатнашса, албатта бўлажак олимпиячиларимиз Киевга боришади.

- Тошкентда ҳам мини-турнир ташкил этиш режаси борми?
- Албатта. Тўртта терма жамоани Тошкентга таклиф этиб, турнир ўтказиш бизга топшириқ сифатида юклатилган. Айни пайтда шу масала бўйича иш олиб боряпмиз. Миллий терма жамоа даражасида бунинг иложи йўқ. Лекин ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари учун бундай мусобақа ташкил қилиб берамиз. Бунинг учун шароит ҳам, Тошкентга борамиз, деган терма жамоалар ҳам бор.

- Аёллар терма жамоасида ҳеч қандай ўзгариш бўлмадими?
- Биз ҳали аёллар футболи масаласида гаплашмадик. Бу алоҳида мавзу. Очиғини айтиш керак, аёллар терма жамоаси мураббийларининг ишларидан умуман қониқмадик. Шу боис, бу масала чуқур таҳлил қилинганидан ке­йин, тахминан январь ойининг ўрталарида аёллар терма жамоасига янги бош мураббий ва унинг ёрдамчиларини тайинлаймиз. Бу борада Ассоциациясининг таклифини ўрганиб чиқамиз.

- «Терма жамоалар маркази»нинг 2013 йилги фаолиятидан шу ташкилот раҳбари сифатида кўнглингиз тўлдими?

- Асосий вазифамиз ЖЧ-2014 финал босқичига йўлланма олиш эди. Афсуски, бу мақсад амалга ошмади. Қандай ҳолатда мундиал йўлланмасини бой берганлигимиз барчага аён. Лекин умумий олганда, марказ томонидан амалга оширилган ишлардан кўнглим тўлди. ТЖМнинг ташкил этилганига кўп вақт бўлгани йўқ. Шундай бўлса-да, ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларимиз кўп маротаба мундиалларда иштирок этишди. Ҳар сафар камида гуруҳ босқичидан чиқилди. Нуралиев жамоаси футболимиз тарихида илк бор Осиё чемпиони бўлди. Терма жамоага захира ўйинчиларини тайёрлаш ҳам изга тушиб боряпти. Лекин шу билан бирга камчилик ва хатоларимиз ҳам бор. Бундан кўз юмаётганимиз йўқ ва тегишли хулосалар чиқаряпмиз. Биринчи навбатда ўртоқлик ўйинларининг сифатига эътибор қаратмоқчимиз. Селекция жараёнини кучайтириш, мураббийларни малакаларини ошириш учун хорижга жўнатиш каби режаларни 2014 йилда қилиниши керак бўлган устувор вазифалар сифатида белгилаб олганмиз. Бундан ташқари, моддий-техник базани янада кучайтиришга, футболи оқсаётган Қорақалпоғистон Республикаси, шунингдек, Сурхондарё, Хоразм, Жиззах, Сирдарё вилоятларига ёрдам беришга ҳам эътибор қаратамиз. Селекция бўлимимиз томонидан йил бўйи амалга оширилган ишларни ҳам қониқарли, деб бўлмайди. Янги йилда минтақалардаги координаторлар ишини қайта кўриб чиқамиз. Иш услубига янгиликлар киритилади.

- Жорий йил мобайнида, айниқса, миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионати финал босқичига чиқа олмаганидан кейин сиз раҳбарлик қилаётган «Терма жамоалар маркази»га журналистлар ва мухлислар томонидан жиддий эътирозлар бўлди. Бунга эътибор қаратиб, ўзингиз учун баъзи керакли фикрларни олдингизми?
- Ҳақиқатан ҳам, жорий йил давомида ТЖМ манзилига кўплаб танқидий фикрлар билдирилди. Сиз айтгандек, асосга эга бўлганларини тўғри қабул қилдик ва ўзимиз учун керакли хулосаларни чиқардик. Лекин ҳамма эътирозлар ҳам ўринли бўлди, деган фикрдан йироқман. Таниқли адабиётшунос Озод Шарофутдинов «Танқид боғига арра ёки болта билан эмас, токқайчи билан кириш керак», дердилар. Ўйлашимча, бу сўз барчамизга тегишли.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
Яндекс.Метрика