27 jan 16:03
News

«Андижон» мухлисларининг очиқ хати

Ҳозирги кунда барча жамоалар янги мавсумга қизғин тайёргарлик кўрмоқдалар. Уларнинг қаторида «Андижон» ҳам ўқув-машғулот йиғинларини ўтказяпти.
Биз севимли жамоамизнинг бу йиғинларини диққат билан кузатиб боряпмиз. Лекин афсуски, жамоада жиддий ўзгаришлар борлиги унчалик сезилмаяпти. Аслида олий лигага қайтган ҳар қандай жамоа таркибни иложи борича кучайтиришга ҳаракат қилади. Бунинг учун жамоага моҳир ва тажрибали ўйинчилар таклиф этилади. Таркибни кучайтиришга бел боғлаган ҳар бир клуб мутасаддилари маблағ масаласини ҳар қандай йўл билан иложи борича ижобий ҳал этишга ҳаракат қиладилар. «Андижон» ҳам бу йил таркибни биз кутган даражада шакллантира олади деб ўйлагандик. Бироқ январь ойи тугаб бораётганига қарамай жамоада кучли ўйинчилар кўринмаяпти. Ҳозирги таркибда шуғулланаётган аксарият футболчилар 2012 йилги мавсумда ҳам иштирок этгандилар. Айнан улар ўйнаган пайтда севимли жамоамиз биринчи лигага тушиб кетганди. Ўшанда жамоада қандайдир парокандалик борлиги кўзга ташланганди. Жамоанинг ҳозирги мураббийлар штаби яна шу ўйинчиларга умид боғлаётгани бизни қаттиқ ажаблантиряпти. Зеро, 2012 йилда жамоанинг элитани тарк этишига сабабчи бўлган ўйинчилар янги мавсумда олий лигада қандай каромат кўрсата оладилар? Бунинг устига айни пайтда жамоада молиявий муаммолар борлиги, бу муаммоларни бартараф этиш учун жиддий чоралар кўрилмаётгани бизни ажаблантиряпти.

Ўтган йили «Андижон» бир мавсумнинг ўзида олий лигага қайтишга эришганди. Шу муносабат билан йил охирида ўтказилган тантанали маросимда вилоят ҳокими иштирок этиб, жамоага ҳар доим катта эътибор қаратилишини ва ўзи ҳам клубимизга бефарқ эмаслигини таъкидлаб, барчамизнинг руҳимизни кўтариб юборди. Бундан таш-қари яқинда жамоа бош мураббийи Азамат Абдураимов вилоят ҳокимининг қабулида бўлганини айтиб, бундан буён ҳокимлик томонидан клубга ҳар тарафлама ёрдам кўрсатилишини маълум қилганди. Шуларни инобатга олсак, жамоа янги мавсумга юқори даражада тайёргарлик кўриши ва ҳозирнинг ўзидаёқ таркибни тўлиқ шакллантириб бўлиши керак эди. Афсуски, ҳозирги тайёргарлик мухлислар кутган даражада эмас. Дарвоқе, ўтган йили жамоанинг олий лигага қайтишига катта ҳисса қўшган тажрибали футболчи Асқар Жадигеров ҳозир жамоа таркибида йўқ. Клубга катта фойда келтирган бундай ўйинчи нега таркибда олиб қолинмади? Ҳолбуки, олий лигада айнан шундай футболчиларнинг тажрибаси жамоага жуда асқотади. Бундан ташқари «Андижон» шарафини ҳимоя қилишга тайёр турган яна бир қатор ўйинчилар бор. Агар мураббийлар иложини топиб, уларни йиғинларга жалб этишса, таркиб кучайиши тайин. Ҳозир жамоа сафида шуғулланаётган аксарият ўйинчилар эса илгари фақат биринчи лигада тўп суришган холос. Тўғри, улар умидли ва иштиёқи баланд ўйинчилар, аммо олий лигада қийналиб қолишлари мумкин. Шу боис уларнинг ёнига тажрибали ўйинчилар қўшиб қўйилса, таркиб чиндан ҳам кучли кўриниш олишига ишончимиз комил.

Эътибор бераётган бўлсангиз, водийнинг бошқа икки жамоаси - «Нефтчи» ва «Навбаҳор» охирги бир-икки ҳафта ичида ўз таркибларини моҳир ўйинчилар билан тўлдиришга улгурдилар. Ҳолбуки бу жамоаларда ҳам ўзига яраша молиявий муаммолар бор эди. Лекин Фарғона ва Наманган клубларига янги мураббийлар тайинланганидан кейин катта ўзгаришлар рўй берди. Ўша мураббийлар қисқа вақт ичида таркибни кучли ижрочилар билан тўлдирган ҳолда машғулотларни кўтаринки руҳда олиб бормоқдалар. +изиғи шундаки, бу жамоаларга кўплаб моҳир ўйинчилар бажонидил келиб машғулотларда астойдил шуғулланмоқдалар. «Андижон» клубида эса бундай ижобий ўзгаришлар борлигини деярли кўрмаяпмиз. Бунинг сабаби нимада? Тўғри, таркибни тўлиқ шакллантиришда маблағ масаласи муҳим ўрин тутади. Бироқ излаган имкон топади деганларидек, ҳар қандай жамоа мутасаддилари аввало клуб шаънини, бундан ташқари мухлислар манфаатини ўйлаган ҳолда мавжуд муаммоларни бартараф этиши керак эмасми? Дарвоқе, эшитишимизга қараганда, жамоанинг футболчилар олдида мукофот пуллари бўйича қарзи бор экан. Бундай вазиятда ҳар қандай футболчи ҳам ҳафсала билан тўп сурмайди. Бош мураббий эса улардан ҳеч нарсани талаб қила олмайди. Шу боис пул масаласи ижобий ҳал этилса яхши бўларди.

Хабарингиз бор, бу йил «Андижон» клуби ўзининг 50 йиллигини нишонлаш арафасида турибди. Мана шундай қутлуғ сана яқинлашаётган бир пайтда севимли жамоамизда қандайдир бепарволик ҳукм сураётгани бизни қаттиқ ташвишга соляпти. Бу кетишда жамоа янги мавсумни биз кутган даражада бошлай олмаслиги мумкин. Ҳолбуки, клубнинг барча мухлислари 2014 йилда «Андижон» жамоаси олий лигада чиройли ўйин кўрсатган ҳолда иложи борича юқори ўринлар учун курашишини истайдилар. Биз жамоанинг 2008 йилда 5-ўринни олгани билан фахрланиб юрамиз. Лекин водийдаги қўшниларимиз - «Нефтчи» ва «Навбаҳор» клублари ўз вақтида мамлакат чемпиони бўлиб, ҳаммани қойил қолдиришган. «Андижон» мухлислари ҳам ҳеч йўғи совринли ўринлардан бири қўлга киритилишини, шу орқали жамоамиз Осиё майдонларида тўп суришини орзу қилиб яшамоқдалар. Бу орзуни рўёбга чиқариш кўп жиҳатдан жамоа мураббийлари ва футболчиларнинг маҳоратига боғлиқ эканлигини айтишга ҳожат йўқ. Жамоанинг қанчалик бақувват бўлишини эса йил бошидаги саъйи-ҳаракатлар белгилаб беради. Ўйлаймизки, «Андижон» бош мураббийи Азамат Абдураимов ва унинг ҳамкорлари вазиятни тўғри баҳолаган ҳолда мавсумга тайёргарликни янада кучайтирадилар. Бу борада улар мухлисларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳам инобатга оладилар деган умиддамиз. Барчамиз якдиллик билан ҳаракат қиладиган бўлсак, севимли жамоамиз албатта кучаяди ва янги мавсумда кутилган даражада ўйин кўрсатади. Биз бош мураббий ва унинг жамоасига ҳамиша омад тилаймиз. Жамоани ҳар бир ўйинда қизғин қўллаб-қувватлашга тайёрмиз!

«Андижон» клуби мухлислари номидан
Н.Тўйчиев, Б.Ғофуров, Х.Хўжамбердиев, Ф.Дадажонов.
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook