Latest news

05 jan 10:01
News

Алишер Никимбаев: «Тошкентга келган жамоалардан фақат биттасига пул тўлаганмиз»

Ўзбек футболида Алишер Никимбаев номи ўзига яраша мавқей ва ҳурматга эга. Зеро, ЎФФда ҳалигача футболни икир-чикирларигача Алишер акачалик биладиган, тушунадиган мутахассис йўқ.
Алишер Никимбаев билан суҳбатнинг биринчи қисмини ўқувчиларимизга олдинроқ ҳавола қилгандик. Унинг иккинчи қисмини қуйида ўқишингиз мумкин.

- Ҳар бир профессионал футбол лигаси ўз клубларини ҳурмат қилиши керак, - дея суҳбатимизни давом эттирди А.Никимбаев. - Ҳозирда мен БАА Про-лигасида ишлаяпман. У ерда лиганинг клубларга муносабати умуман бошқача. Лига мутасаддилари клуб раҳбарлари, бош мураббийларини чақириб, улар билан ҳамжиҳатликда ишлашади, қандай муаммоларингиз бор, тақвим маъқул келяптими, биздан нима ёрдам керак бўлади, деб сўрашади. Шундай ҳам бўлиши керак. Чунки ҳамма бир мақсад сари интиляпти. У ОФК, Қатар, БАА ёки Ўзбекистонда бўладими, бунинг фарқи йўқ. Масалан, Қатарда бу жараён бироз ўзгача йўлга қў­йилган. Клубларни лицензиялаш масалалари билан бевосита мамлакат футбол федерацияси шуғулланади. Жамоаларнинг бизнес режаларини ҳам ўзлари тузиб беришади. Қатар ФФнинг асосий мақсади - ОЧЛда имкон қадар кўпроқ ўринга эга бўлиш. Шу нарсани инобатга олиб ҳам Қатар ФФнинг ўзи клубларга ҳар томонлама кўмак беряпти. БААда эса бизнес режаларни клубларнинг ўзлари тузиб чиқишади. Мисол учун, шу йилнинг февраль ойида «Ал-Ваҳда» клубида уч ҳафта шартнома асосида ишладим. Мени бизнес режани тузишда ёрдам бериш учун таклиф қилишганди. Тўрт йиллик бизнес режани ҳар йили Про-лига текшириб боради. Хўжакўрсинга, ОФК тафтиш гуруҳи текширгани келганда, шу ҳужжатлар бўлиши учунгина қилинмайди.

- БАА Про-лигаси билан қанча муддатга шартнома имзоладингиз?


- Очиқ шартнома имзолаганмиз. Ўзим истаган пайтда ишдан кетишим мумкин. БАА Про-лигаси билан шундай келишувимиз бор.

- 2004 йили сиз ЎФФ қошида ташкил этилган Терма жамоалар билан ишлаш бўлимида федерациядаги ўз фаолиятингизни бошладингиз. Айтингчи, ўша пайтда терма жамоалар билан ўртоқлик учрашувлари ташкил этиш бўйича қийинчиликлар бўлганми? Умуман, бу жараённинг ўзи қандай олиб борилади?

- 2000 йили Бахтиёр Раҳимов ЎФФга келгунига қадар федерацияда умуман пул йўқ эди. Ким чақирса, ўша мамлакатга борардик. Йиғинларни ҳам ташкил этиш қийинчилик туғдирарди. Ёшлар терма жамоасининг ўша пайтдаги бош мураббийи Рауф Инилеев Осиё чемпионати саралаш ўйинлари олдидан йиғин ташкил этишни сўраб, мурожаат қилганда, «Марҳамат, ҳомий топсанг, йиғин ташкил қилиб берамиз», деган жавоб берилган. 1999 йили раҳматли Маҳмуд Раҳимов терма жамоа бош мураббийи бўлган пайтда, асосан Самарқанд вилоят ҳокимлиги ҳомийлик вазифасини ўз зиммасига олган. 2000 йилги Ливандаги Осиё кубоги олдидан миллий терма жамоамиз ўқув-машғулот йиғинини Фарғонада ўтказган эди. Сабаби, ўша пайтда терма жамоага Юрий Саркисян мураббийлик қиларди ва табиийки, ҳомийни ҳам Фарғонадан топган. Ҳозир ўйлаб қарасам, ЎФФ тарихида учта давр бўлган экан. Биринчиси, 2000 йилгача бўлган давр. Яъни шу пайтгача ЎФФда умуман маблағ бўлмаган. Шу йили федерацияга Бахтиёр Раҳимов раҳбар бўлиб келди. Илк йиғин Исроилда ташкил этилди. У ерда ўртоқлик учрашуви ҳам ўтказилди. Кейин ёшлар терма жамоамиз Болгариядаги «Албена Кубоги»да қатнашиб келди. Айнан шу Болгариядаги турнирда иштирок этган ёшларимиз футболимиз тарихида илк бор жаҳон чемпионатига чиқишган. 2002 йили ҳам 16, ҳам 19 ёшли футболчилардан таркиб топган терма жамоаларимиз Осиё чемпионатида ярим финалга қадар етиб бориб, 4-ўринни эгаллаган. Фақат ўсмирларда кучли учликдан жой эгаллаган терма жамоалар ЖЧга чиқишгани учун бизникиларга йўлланма тегмай қолган. Айтмоқчи бўлганим, айнан 2001 йилдан футболимизда ижобий томонга ўзгаришлар даври бошланди. Мираброр Усмонов ЎФФ бошқарувига келган вақт учинчи давр бўлди. Бу даврдаги ўзгаришларни бирма-бир санаб чиқишга ҳожат бўлмаса керак. Халқаро майдондаги муваффақиятларимиз салмоғи сезиларли даражада ошиб кетди. 2007, 2008, 2009 йилларда камида иккитадан ўртоқлик учрашуви Ўзбекистонда ўтказилган. Мен сафарда ўтказилган ўртоқлик ўйинлари ҳақида ҳали гапираётганим йўқ. Тўғри, биз Бразилия ёки Аргентинани Ўзбекистонга олиб келганимиз йўқ. Аммо биз ишлаган пайтда терма жамоа ҳеч бир йилда расмий ўртоқлик учрашувисиз қолмаган. 2007 йили Қаршида Озарбайжон билан ўйнаганмиз. Чунки Тошкентда ўша пайтда Ўзбекис­тон ва Тожикистон олимпия терма жамоалари учрашуви ўтказилган. Ўша йили Эстония Тошкентга келганди. 2008 йили Иордания ва КХДР терма жамоа­лари пойтахтда меҳмон бўлган. Балки, айримлар корейсларни рақиб сифатида менсимас. Лекин ўша йили КХДР Жанубий Корея билан ЖЧ саралашининг иккала гуруҳ босқичида ҳам тўқнаш келганди. Учинчи саралаш босқичидаги ҳар икки ўйинда ҳисоб очилмаган. Айтмоқчи бўлганим, КХДР кучли жамоа бўлган. 2009 йили Босния ва Эрон билан уйда ўйнаганмиз. Мана шу олтита ўйиндан фақат биттасига - Босния терма жамоасининг Тошкентга келишига пул тўлаганмиз, қолганлари текинга келган. 2007 йилги Осиё чемпионатидан олдин Кореяда йиғин ташкил этгандик. Ўша йиғин ва ўртоқлик учрашуви учун корейслар бизга пул тўлашган. Уларнинг ҳисобидан ҳам йиғин, ҳам ўртоқлик ўйини ўтказганмиз. Ироқ билан базадаги майдонда ўйнагандик. Корея билан учрашув асосий стадионда бўлиб ўтган. Терма жамоалар марказининг бугунги фаолияти ҳақида ҳеч нарса дея олмайман. Ҳозирги мутасаддиларнинг ўзлари бунга жавоб беришсин. Шуниси аниқки, Мираброр Зуфарович даврида футболимиз бир неча поғонага ўсди.

- Терма жамоанинг уч йиллик режасини аввалдан тузиб қўйиш мумкинми?


- Бугунги кунда бунинг иложи бор. Масалан, Украина ва Латвия терма жамоаларининг биздан қарзи бор. Биз Киев ва Ригага бориб ўртоқлик ўйини ўтказганмиз. Ўзаро келишувга кўра, бу икки терма жамоа Тошкент келишлари шарт бўлган. Аммо ўша пайтда улар тақдим этган муддатлар бизнинг режаларга тўғри келмаган. Энди саволингизга қайтсам, 2014 йилнинг 5 март санаси ФИФА куни ҳисобланади. Шу куни Осиё кубоги-2015 саралаш гуруҳ босқичининг сўнгги тур ўйинлари бўлиб ўтади. Шуни инобатга олсак, 1 март кунига ўртоқлик учрашуви ташкил қилиш жуда қийин масала. қолаверса, 25-26 февраль кунлари Осиё чемпионлар лигаси ўйинлари бор. Терма жамоага номзод футболчилар ОЧЛ ўйинларидан сўнг энг яхши вариантда фақат 27 февраль куни йиғилиши мумкин. Қандай қилиб 1 март куни ўйнаш мумкин? Мен танишларим билан гаплашиб, 1 март куни Тошкентга келинглар, деганимда барчасидан рад жавобини олдим. Чунки, буни улар хоҳлаган тақдирда ҳам тақвим бунга йўл қўймайди. Ҳалигача Европа билан Осиёнинг йиллик тақвими бир-бирига тўғри келмаяпти.

- Осиёнинг тақвими нечанчи йилгача тасдиқланган?

- 2018 йилгача тақвим бор. Лекин кейинги Осиё кубогининг саралаш босқичи қандай тизимда ўтказилишини ОФКнинг ўзи ҳам билмаяпти. Осиё кубоги ҳамда ЖЧ саралаш мусобақасини битта қилиб ўтказиш варианти кўриб чиқилиши кутиляпти. Сарф-ҳаражатларни қисқартириш мақсадида шундай янгиликнинг жорий қилиниши ҳам мумкин. Бундай форматдаги мусобақа Африка қитъасида ҳам бўлганди. 2015 йилдан кейинги мусобақалар қандай бўлади, бу саволга ҳозир ҳеч ким аниқ жавоб бера олмайди. ОФКнинг янги раҳбари мусобақаларнинг ўтказилиш тизимига ўзгартириш киритмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.

- Лекин Япония, Жанубий Корея терма жамоаларида ўртоқлик учрашуви ташкил қилиш масаласида муаммо бўлмаяптику! Ваҳоланки, улар ҳам биз каби ОФК тасарруфидаги терма жамоалар.


- Биринчи галда бу терма жамоаларнинг имиджи юқори. Қолган қитъа терма жамоалари ҳам сиз айтган жамоалар билан хисоблашишади. ОФК қарорига кўра Осиё чемпионатида кучли учликдан жой олган терма жамоалар кейинги қитъа кубогининг саралаш ўйинларидан озод қилинади. Бундай олиб қарасангиз, жаҳон чемпионининг ўзи ҳам келаси мундиал саралаш баҳсларида иштирок этяпти. Бизда эса бунинг акси. Табиийки, Япония, Жанубий Корея, Австралия терма жамоалари биз саралаш ўйинларида майдонга тушган куни ФИФА кунидан унумли фойдаланиб, ўртоқлик учрашувлари ўтказишяпти. Мен санаб ўтган терма жамоалар ОФКга саралашда ўйнамаймиз, деб талаб ҳам қўйишган. Чунки, ФИФА кунидаги битта ўртоқлик ўйини учун рақиблардан 1,5-2 млн. доллар миқдорида пул олишяпти. Уларга Осиё кубогининг ортиқча саралаш ўйинлари мутлақо керак эмас. Бразилия, Испания каби кучли терма жамоа­ларнинг Сеул ёки Токиога келиши учун улар маблағ сарфлаётгандир. Аммо чипталар сотуви, реклама ҳамда ҳомийлардан ўша харажатларини икки баробар кўп қилиб чиқариб олишяпти. Энг катта фойдани телевидениедан топишяпти. Бизнинг телевидение пул тўлашга тайёрми? Бир сўз билан айтганда, қитъамизнинг етакчи терма жамоалари билан ОФК ҳисоблашишга мажбур бўляпти.   

- ОЧЛда мамлакатларга ўрин ажратилишида телевидениемизнинг кучсизлиги неча фоизга рол ўйнайди?

- Умуман ўйнамайди. ОФК ОЧЛдаги мукофот пулларининг қандайдир фоизини федерацияларга жўнатади, агар ўша мамлакат телевилениеси ОЧЛ ўйинлари трансляцияси учун пул тўлаган бўлса. Бир йили Япония 2 млн. доллар атрофида тўлаганди. Шундан 60 фоизини ОФК Япония футбол федерациясига қайтарган.

- Мукофот жамғармасини ошириш орқали ОЧЛ нуфузини кўтариш мумкинми?

- Мусобақага бўлган қизиқиш мукофот жамғармасига боғлиқ эмас. ОЧЛга Хитой ва Эрон футбол федерациялари қизиқиш билан қарамоқда. БААда бу мусобақага у даражада қизиқиш юқори эмас. Қатарда эса йўқ. «Ал-Садд» ОЧЛни ютганидан сўнг мамлакатда буни катта қаҳрамонлик сифатида кутиб олишмади. Япония ва Корея клубларининг муносабатини пул билан ўзгартириш мумкиндир, лекин араб жамоаларига пулнинг қизиғи йўқ. Масалан, мукофот жамғармасини қисқартирамиз, деса ҳам Ўзбекистон клублари ОЧЛда иштирок этаверади. Кўпчилик клубларимиз ОФК Кубогида ўйнашга тайёр. Пул унчалик муҳим эмас, муҳими тажриба.

- Ўртоқлик ўйинларининг ташкил этилишида рейтинг қанчалик аҳамиятга эга?

- Катта аҳамиятга эга, дея олмайман. Фикримни мисол орқали тушунтиришга ҳаракат қиламан. Европанинг аксарият етакчи терма жамоалари қитъа­нинг аутсайдер жамоалари билан ҳам ўртоқлик учрашуви ўтказишади. Кўпчилик кучсиз томон катта пул бериб терма жамоа билан ўйнаяпти, деб ўйлайди. Аслида ундай эмас. Ўша кучли терма жамоаларнинг мураббийлари футболчиларнинг руҳиятини кўтариш учун бир йилда камида бир марта мана шундай ўйинларни ташкил этиб беришни федерациядан талаб қилади. Голларга бой ўйиндан сўнг жамоанинг руҳияти кўтарилади. Бир йили Португалия Қозоғистон билан ўртоқлик ўйини ўтказганди. Ўша Криштиану Роналду учун Португалия терма жамоасидаги биринчи ўйин бўлганди. 2008 йили биз ҳам Португалия билан ўйнашимиз мумкин эди. Фақат бунинг учун терма жамоамиз Португалияга бориши керак бўлган. Уларга Тошкентга келсанглар, ўйнаймиз деб бунга рад жавоби берилганди. Португалия эса дарҳол бизнинг ўрнимизга Фарер ороллари терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказганди. Ўша пайтдаги терма жамоамиз бош мураббийини ҳам тушуниш мумкин эди. Чунки, бизни ЖЧ-2008 саралаш 4-босқичида Австралия ва Қатар билан ўйинлар кутиб турганди. Кейин Португалия ўрнига Уммонга борилганди. Демак, ҳамма нарсани пул билан ўлчаш ҳам тўғри эмас. Лекин кучли терма жамоалар ҳар қандай ҳолатда ҳам текинга келмайди. Баъзида мухлисларимиз кучли терма жамоалар билан ўйинлар йўқ, деб нолишади. Янги футболчиларни синаб кўриш учун кучсизроқ жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари ўтказиш муҳимроқ ҳисобланади.

- Ўртоқлик ўйинларини ташкил этишда матч-агентларнинг роли қандай бўлади? Умуман, бу жараён қандай амалга оширилади?

- Агентлар турлича бўлади. Масалан, айримлари икки томон ўртасидаги воситачиликнинг ипидан игнасигача ўзи амалга оширади. Музокаралардан то ўйин тугагунича ўша учрашувнинг ўтказилишига жавобгар шахс бўлади. Мисол учун, Боснияни ҳам Тошкентга агент орқали олиб келганмиз. Кўзга кўринган терма жамоаларнинг ўртоқлик ўйинлари билан асосан агентлар шуғулланишади. Агент ўйиннинг барча икир-чикирларигача ўзи ҳал қилади. Кейин ўша агент дунёнинг етакчи футбол телеканалларига учрашув трансляциясини сотиши ҳам мумкин. Баъзи агентлар шунчаки, икки томон ўртасида дастлабки келишувни амалга ошириб беради, қолган масалалар билан кейин уларнинг ўзлари шуғулланишади.

- Бугунги кунда тахминан 400-500 минг долларга қайси терма жамоаларни Тошкентга олиб келиш мумкин?

- Терма жамоаларнинг бугунги кундаги аниқ баҳоларини билмайман. Биз 2009 йили Босния терма жамоасини Тошкентга олиб келиш учун пул тўлаганмиз. Тўғри, ўшанда Босния терма жамоасининг ҳамма юлдузлари ҳам келмаган. Чунки, биз Босния билан ФИФА куни ўйнамаганмиз. Лекин бош мураббийи ва асосий таркибнинг бир неча футболчилари Тошкентга ташриф буюрганди. Гаплашилаётганда таркибнинг ўзи бир нечта пунктдан иборат бўлади. Масалан, Аргентинани чақирмоқчи бўлсангиз, Мессини алоҳида гаплашасиз. Кейин бир нарсани айтиш ёдимдан кўтарилибди. Масалан, Қозоғистон билан ўйнаш учун келаётган терма жамоа билан Тошкентда ўртоқлик учрашуви ўтказиш мумкин. Айтайлик ойнинг 11-15 кунлари ФИФА куни. Германия ёки Швециянинг 11-куни ўйини йўқ, лекин 15-санадаги ўйинга Қозоғистон ё Озарбайжонга келяпти ёхуд аксинча. Бундай ҳолатларда ўша мамлакат билан ўртоқлик ўйини учун гаплашиш мумкин. Сабаби, Тошкентдан Астанага бир соатлик йўл. Боку ҳам унчалик узоқ эмас. Германия, Англия каби Европанинг марказидаги давлатлардан Тошкентга етти соат училади. Шунча йўл босиб, битта ўйин ўтказиб кетиш ҳам тўғри эмас.

- ОФКдан кетишингизни раҳбарнинг ўзгариши билан боғлаш мумкинми?


- Худди шундай. Муҳаммад Бин Ҳаммам мени ишга таклиф қилганди. Янги раҳбарият эса Ҳаммам ишга олиб келган мутахассисларни зимдан тозалаш ҳаракатларини бошлаганди. Мен, Токуаки Сузуки ва бошқа бир гуруҳ мутахассислар шу туфайли ишдан кетганмиз. Сузуки кучли ва талабчан мутахассис бўлган. Шахсан мен бундан асло афсусланмайман. ОФКда катта тажриба тўпладим ва бу ҳозирги ишимда асқотяпти.

Камолиддин Алимов суҳбатлашди.
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook