Latest news

14:50Диёр Имомхўжаевдан: MADE IN UZBEKISTAN5 14:29Клублар ўртасидаги ЖЧ. «Чонбук Хюндай Моторс» ярим финалга чиқа олмади6 14:29Чемпионат мира среди клубов. 1/4 финала. «Чонбук Хендай Моторс» уступил «Америке»0 14:00Элдор Шомуродов Москвада ФОТО16 13:57Olamsport: 5 нафар боксчимиз Ригада финалга чиқди, Дўстматов энг яхши бўлиши мумкин ва бошқа хабарлар0 13:42Футзал. Олий лига, 2-тур, 3-кун. "Ардус" - "Локомотив" 6:21 13:40«Эвертон» январь ойида Дзагоевни сотиб олмоқчи3 13:40«Эвертон» намерен в январе приобрести Дзагоева0 13:21"Бавария" футболчилари Янги йил байрамини нишонлашни бошлаб юборишди ФОТО9 13:01Серхио Рамос: «Ишончни йўқотмасангиз ғалаба қозонасиз»21 13:01Рамос: «Такое случается, если вы сражаетесь до самого конца»0 12:56Ахмедов стоит перед выбором1 12:40Эмери Ди Марияни қўллаб-қувватлади9 12:40Эмери поддержал Ди Марию0 12:20Зидан: "Серхио Рамос - шунчаки ғаройиб"26

30 dec 20:39
News

Алишер Никимбаев: “Мен чинакамига бахтли инсонман”

Ўзбек футболида Алишер Никимбаев номи ўзига яраша мавқей ва ҳурматга эга. Зеро, ЎФФда ҳалигача футболни икир-чикирларигача Алишер акачалик биладиган, тушунадиган мутахассис йўқ.
Бу сўзларни ҳеч иккиланишсиз айтиш мумкин. Салкам 15 йил давомида ЎФФда турли лавозимларда ишлаган ҳамюртимиз бугундан янги иш жойида БАА Про-лигасининг лицензиялаш бўлимида фаолиятини бошлайди. Бундан аввал айнан БААда ўтган ўсмирлар (U-17) ўртасидаги ЖЧ-2013 ташкилий қўмитасида ишлаган Никимбаевни мезбонлар қўйиб юборишни исташмади. Бу мутахассис бир ярим йил мобайнида ОФКда ҳам фаолият юритиб, яхшигина тажриба тўплаганди. 2011 йилнинг 1 март кунидан расман ОФКда фаолиятини бошлаган юртдошимиз аввалига Профессионал футбол лигалари бўлимида, кейин эса янги тузилган Аъзо ассоциациялар, халқаро ишлар ва ривожлантириш бўлимида меҳнат қилди. Афсуски, Никимбаев Бин Ҳаммам иши қурбонига айланган ва ҳали шартномаси якунига етмай туриб, ОФКни тарк этганди. Хуллас, ўзимизникилар шундай мутахассиснинг қадрига етишмади. Ҳозир борлари ва ишлаётганларини мутахассис дейишга тил бормайди. Буни очиқ айтиш керак. Таътил вақтидан унумли фойдаланиш мақсадида Тошкентга келган ҳамюртимиз кеча тонгда Дубайга жўнаб кетди. Биз сафар олдидан Алишер Никимбаевдан интервью олдик. Бу суҳбатни ўқиш асносида тажрибали мутахассис билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўласиз.



 ФУТБОЛ ОЛАМИГА ЖУРНАЛИСТИКА ОРҚАЛИ ЙЎЛ

- Ҳамма каби оддий футбол мухлиси бўлганман, - дея сўз бошлади бугунги қаҳрамонимиз. 11 ёшимда илк бор катта футбол ўйинини бевосита стадиондан томоша қилганман. Бу 1982 йили собиқ иттифоқ кубоги доирасидаги “Пахтакор” – “Нефтчи” (Боку) учрашуви бўлган. “Пахтакор” стадионида кечган ўйинда шонли жамоамиз пенальтилар серияси бўйича ғалаба қозонганди. У пайтлар интернет бўлмаган, футболга оид маълумотларни газета орқали олардик. Лекин газетани қўлга киритиш ҳам осон бўлмаган. Ўша вақтлар бутун иттифоқ учун биргина “Футбол хоккей” деб номланган ҳафталик нашр бўларди. Бу газетага обуна бўлишнинг ўзи қийин иш эди. Битта туманга 2-3тагина обуна тўғри келган. Шу сабабли нашрни газета дўконларидан сотиб олардим. Кейин асосан “Советский спорт” газетасини ўқирдим. Ўзбекистонда эса “Физкультурник Узбекистана” деган газета чоп этиларди. 9-синфда ўқиб юрган кезларим шу газета таҳририятига бориб, спорт журналистикасига қизиқиш ҳақида айтганман. Мени жуда илиқ қабул қилишган. Хатто 2-3та мақолам ҳам газетада берилган. 1988 йили соҳадаги билимларимни мукаммаллаштириш мақсадида Москва Университетининг журналистика факультетига ҳужжат топширдим. Айнан ўша йили бутун иттифоқ бўйича қайта қуриш даври бўлгани учун мактабларда тарих фанидан давлат имтиҳонлари қабул қилинмаган. Лекин университетда эски тарих бўйича барибир имтиҳон топширганмиз. Шу нарса панд бериб, якунда ўқишга кира олмаганман. Шундан сўнг Тошкентга қайтиб, уч ой давомида “Физкультурник Узбекистана” газетасида ишладим. Кейин ҳарбий хизматга чақирилдим. 1990 йили хизматни ўтаб қайтганимдан сўнг яна газетада фаолиятимни давом эттирдим. 1991 йили газетамизнинг номи ўзгартирилди ва “Спорт” деб юритила бошланди. 1992 йилдан эса ҳафталик нашр сифатида чоп этилган. Шу тариқа спорт журналистикасидаги фаолиятим бошланган. Футбол ҳақидаги илк тўлақонли мақолам собиқ иттифоқ чемпионатининг сўнгги мавсумига тўғри келган. Ўшанда “Помир” – “Пахтакор” учрашувига шарҳ ёзгандим. Бу орада тажрибали журналистларимиз газетадан кетишади ва катта масъулият биз ёшлар зиммасига тушади. Биринчи бўлиб Ўзбекистон чемпионатига тўлиқ шарҳ ёзилган. 1992 йилдан газетада “Бизнинг футбол” рукни остида ҳар бир тур ўйинлари тўлиқ тафсилотлари билан бериб бориш йўлга қўйилган. “Спорт” газетаси муҳбири сифатида илк маротаба 1991 йили сафарга чиқдим. Собиқ иттифоқ кубогининг “Пахтакор” жамоаси иштирокидаги сўнгги ўйинини бевосита стадиондан кўриш насиб этган. Москвада ЦСКАга қарши кечган учрашувни жуда яхши эслайман. Тошкентдаги ўйинда1:1 ҳисоби қайд этилганди. Москвадаги учрашув 2:2 ҳисоби билан якунланай деб турган бир паллада мезбонлар учинчи тўпни киритиб, кейинги босқичга йўл олишган. Ўша мавсумда ЦСКА чемпион бўлган. Москва армиячиларининг чемпион бўлишига “Пахтакор” ҳам ёрдам бериб юборган. Тошкентда Москванинг бошқа бир гранд жамоаси “Спартак” 1:0 ҳисобида мағлуб этилганидан кейин ЦСКА собиқ иттифоқнинг сўнгги чемпиони сифатида тарихга кирганди. “Спартак”ка қарши ўйинни томоша қилиш учун стадионда бўш ўриндиқ қолмаган. Хатто журналистлар учун ажратилган жойда Сардор Нажафалиев ва бошқа футбол оммаси вакилларини кўриш мумкин эди. ЦСКА билан кубок доирасидаги ўйин эса тўрт минг томошабинга мўлжалланган ЦСКА манежида бўлиб ўтганди. У пайтлар регламентга жиддий эътибор берилмагани учун ўйинни “Пахтакор” захира ўриндиғидан кузатганман. Жамоа раҳбарлари эътироз билдирмаса, бунга рухсат бериларди. 1991 йили “Пахтакор” жамоаси жуда кучли таркибга эга бўлган. Бу таркибдан умид катта эди. Энг муҳими, таркибда ўзбекистонлик футболчилар кўпчиликни ташкил этарди. Унгача эса асосан собиқ иттифоқ республикаларидан келган футболчилар ўйнашарди. 1991 йили Шуҳрат Мақсудов, Мурод Алиев, Игорь Шквирин, Андрей Пятницкий, Фарҳод Магометов, Илҳом Шарипов... булар ҳаммаси ўзимизнинг маҳаллий футболчилар бўлган. Менимча, бу таркиб билан бемалол Еврокубоклар учун кураш олиб бориш мумкин эди.



ПУЛ УЧУН МАҚОЛА ЁЗМАГАНМАН

- 1994 йили “Молодёжь Узбекистана” газетасида ишлай бошладим. Тўғри, бу спорт нашри эмасди. Лекин ижодий гуруҳ ёшлардан таркиб топгани ва энг муҳими аҳил бўлгани учун шу газетага ишга ўтганман. Ижодкорларнинг ўртача ёши 24-25 бўлган. Эътиборга молик жиҳати, биз пул учун ишламаганмиз. 1994 йилгача газета ҳафтасига уч марта чоп этиларди. Мен ишга келган йилим ҳафталик нашрга айлантирилган. Табиийки, газета рукнларига, умуман форматига катта ўзгартиришлар киритилган. Масалан, ўша йиллари газеталарда ТВ дастурларига бир нечта бет ажратиларди. “Молодёжь Узбекистана” ўзи ҳафтада бир марта, боз устига бор йўғи саккиз бет чоп этиларди. Биринчи бўлиб биз компьютерда ТВ дастурларини бир бетга жойлаштирганмиз. Ўзи биринчи компьютерда чиқарилган газета бу “Спорт” бўлган. Кейин “Молодёжь Узбекистана”да бу усулни қўлладим. Секин аста қолган газеталар ҳам компьютерда вёртска қилинадиган, яъни саҳифаланадиган бўлган. “Молодёжь Узбекистана” газетасида бир саҳифа спортга ажратилганди. Асосан футбол хабарлари билан саҳифани тўлдирардик. Кейин Ўзбекистонда биринчи бўлиб Европанинг кучли бешлик чемпионатларини ёритишни бошлаганмиз. Шунингдек, пайшанба кунги натижаларни газетамизнинг жума сонида ўқиш мумкин эди. Бу ҳам ўзига яраша янгилик бўлган. Газетадаги ишим билан параллел равишда телевиденияда ҳам шартнома асосида фаолият юрита бошладим. Газетада бирга ишлаган ҳамкасбим Иванов билан “Спорт континент” (“Спорт қитъаси”) ва “Соккер клуб” номли кўрсатувлар тайёрлаганмиз. Мамлакатимизнинг турли шаҳарларидан репортажлар тайёрлар эдик. Энг қизиғи, телеканалдан камералар олмасдик. Ўзимиз ҳомий топиб, камераларни ижарага олиб съёмкага чиққанмиз.

Танқидни ҳар ҳил қабул қилишарди. Мисол учун, таҳлилий мақолам учун 1993 йили футбол федерацияга борганман. Федерация вице-президентига кимдир бу ҳақда хабар берган. Мақолани хатто ўқимасдан туриб, мени сўроқ қилиш учун федерацияга чақиришган. Вице-президент ўша гапни етказган одамга қўнғироқ қилиб, мақолани ўқиттирган. Ўшанда ўзлари қилган ишларига уялиб қолишганди. Ўринли танқидларим учун эса “Спорт” газетасидан кетишга мажбур бўлганман.

НИМА УЧУН КЛУБДА ИШЛАМАЙМАН

- 1994 йили “Пахтакор” жамоасида ишлаш учун таклиф қилишган. Ўша пайтда бунга рози бўлмаганман. Ваҳоланки, ўшанда 24 ёшда эдим ва ишсиз юргандим. Менга бирор газетада ишлаш қизиқарлироқ туюлган. “Молодёжь Узбекистана” газетасига ҳам қизиқишим сабаб ишга кирганман. Лекин яна такрор айтаман, бу газетада пул учун ишламаганмиз. Битта сон газетанинг гонорари 3 сўму 20 тийин бўлган. Таққослаш учун, метрога бир марта тушиш 15 тийин эди. Бир бет мақолага эса 40 тийин тўланарди. Бир кунлик иш ҳақимиз фақат метрода бориб келиш учун етарди. Газета ҳафтада бир, ойда тўрт марта чиқарди. Ўзи арзимаган гонорар суммаси деярли қўлимизга тегмасди. Телевидениядан оладиган гонорарим кундалик ҳаёт учун етарди. “Молодёжь Узбекистана”да 1998 йилгача ишладим ва ўша йили “Наш футбол” деган газета очдик. Иванов эса “Соккер клуб” номли газета чиқара бошлаган. Клубларда нега ишламаслигим ҳақида гап бошлагандим, узр, мавзудан бироз узоқлашдим. Ҳозиргача клублардан бўладиган барча таклифларни рад этиб келяпман. Бу йил ҳам чорловлар бўлди. Нега? Чунки, клубда ишлаш учун мен ҳали тайёр эмасман. Агар жамоада ишласангиз, бир кун келиб сизни сен у ёки бу жамоага ён босгансан, деб нохолисликда айблашлари мумкин. Шундай воқеаларни ҳозир ҳам кўряпмизку.  



ЎФФНИНГ БИРИНЧИ МАТБУОТ КОТИБИ

- 1997 йили ЎФФга ишга таклиф қилишди. Федерацияга келишимга раҳматли Зокир ака Қурбонов сабаб бўлганлар. Юқорида айтдим, ўша пайтда “Молодёжь Узбекистана” газетасида ишлардим. Гали Имомов Виктор Тихоновни газетага жўнатиб, Ивановдан федерацияга тўлиқ ишга ўтишим учун рухсат беришини сўраган. Бу 1997 йилнинг март ойларида бўлаётган воқеа. Газетадан бутунлай кета олмаслигим учун 0,5 ставкада ишлашга рози бўлганман. Эътиборлиси, ЎФФнинг биринчи матбуот котиби айнан мен бўлганман. Лекин ундан ҳам федерация ишларида ёрдам бериб юрганман. 1992-93 йилларда “Пахтакор”да матбуот котиби бўлмаган. Ўша йиллари жамоанинг матбуот анжуманларини ўзим ўтказганман. 1993 йили Ўзбекистон Кубогининг финал учрашуви матбуот анжуманини ҳам ўзим ташкил қилганман. Федерацияда расман ишламаган бўлсамда, терма жамоанинг матбуот анжуманларини ўтказгандим. 1997 йилдан расман футбол федерацияси матбуот котиби сифатида ишлай бошладим. Айнан ўша йили миллий терма жамоамиз илк маротаба мустақил давлат сифатида ЖЧ-98 саралаш ўйинларида иштирок этган. Терма жамоамиз иштирокидаги ўйинларга программкалар чиқарганман. Терма жамоа учун бу янгилик бўлган. Афсуски, ҳозир хам бу нарсага эътибор берилмайди. ЖЧ-98 саралаш босқичидаги илк тарихий ўйин Санада Яманга қарши кечган. Бу учрашувга терма жамоамиз делегациясида бирорта ҳам журналист бормаган. Индонезия ва бошқа давлатларга борувчилар кўпайиб кетган. Бизга навбат етиб келмаган (кулади). Шунда Зокир ака Қурбоновдан Қозоғистон билан бўлиб ўтадиган ўйинга жўнатишларини сўраганман. Қозоғистон ёнимиздаги давлат бўлгани учун кўчпилик сафарга боришга қизиқмаган. Шу тариқа терма жамоа билан илк маротаба Олма-Ота сафарига бирга борганман. Чартер рейс ташкил қилинганди. Сабаби, ўша пайтда Қозоғистонда Марказий Осиё ўйинлари ҳам ўтказилаётганди. Ўзбекистон спорт делегацияси ҳам кейин биз билан бирга Тошкентга қайтиб келган. Ўзи илк хорижга чиқишим 1996 йили рўй бўлганди. Баскетбол жамоаси билан АҚШ сафарига борганман. Бунда инглиз тилини билишим қўл келган. Лекин бу тилни алоҳида ўрганмаганман. Асосан мактабда олган билимларим. Қолгани амалиёт орқали амалга ошиб борган. Федерация матбуот котиби сифатида 2000 йилгача ишладим. 2000 йили Ливандаги Осиё Кубогидан сўнг Зокир Қурбонов ишдан кетди. Уларнинг ўрнига Бахтиёр Раҳимов федерацияга раҳбар бўлиб келди. Ростини айтсам, 2000 йили мен деярли федерацияга бормаганман. Чунки, 1999 йили федерацияда ишлаб туриб, миллий терма жамоани танқид қилгандим. Ўз мақоламда тайёргарлик ва ёндашувни ўзгартирмасак, Ливанда шарманда бўлишимиз аниқлигини айтгандим. Табиийки, бу танқид айримларга ёқмаган ва менга федерация эшиклари беркитилган. Ёдингизда бўлса, ўша Осиё чемпионатида 1:8, 0:5 ҳисобидаги йирик мағлубиятлар қабул қилиб олинган. Бахтиёр Раҳимов ишга келганда биринчи сафари Москвага бўлган. Ўшанда тўрт киши Россия футбол иттифоқининг ўша пайтдаги раҳбари Колосков билан музокара ўтказгани борганмиз. РФИнинг иш услуби билан танишганмиз. Сафардан қайтгач, Бахтиёр ака менга янги иш таклиф қилган ва шу тариқа ЎФФнинг мусобақалар ўтказиш бўлимида ишлай бошладим. Бу мен учун янги йўналиш бўлгани учун таклифга тезда розилик бермаганман. Икки ҳафта ўйлаб кўрганимдан кейин ишга қабул қилишлари учун ариза ёзганман. Регламентни яхшигина ўзлаштириб олганим менинг катта ютуғим бўлган. Мусобақаларни ўтказиш бўлими ҳозирги ПФЛ. Бор йўғи 2-3 нафар ҳодим билан ишлаганмиз. Ҳар йили мавсум бошланиши арафасида мураббийлар кенгашини чақириб, улар билан тақвим масаласида фикр алмашардик. Ҳар бир мураббийнинг фикрини эшитиб, кейин шу асосида йиллик тақвим тузиларди. Балки, шунинг учун клублар бизнинг бўлимга ҳурмат билан қарашарди. Бўлимимизни ҳеч қачон клублардан устун қўймаганмиз. Чунки ҳаммамиз ҳам бир ишни қиляпмиз. Футболга ёндашув ҳамма жойда ҳам бир ҳилда эмас. Масалан, Қатарда клубларни лицензиялаш билан федерация шуғулланади. Олимпия қўмитаси легионерлар учун пул беради. Хатто бизнес режаларини ҳам федерациядагилар тузиб беришади. Уларнинг асосий мақсади ривожланиш эмас, ОЧЛда кўпроқ ўринга эга бўлиш. Клубларга эса фарқи йўқ. Энг муҳими, федерациянинг ўзи ҳамма ишни бажаряпти. БААда эса бироз бошқачароқ ёндашишади. Федерация ҳамма нарсани клублардан талаб қилади. Мен шу йил февраль ойида Ал-Ваҳда клубида шартнома асосида уч ҳафта маслаҳатчи сифатида ишладим. Бизнес режаларини тузишда ёрдам бердим. Бу тўрт йилга мўлжалланган бизнес режалар шунчаки хўжа кўрсинга тузилмайди. Бир йилдан сўнг Профессионал футбол лигасидаги мутасаддилар келиб, бу лойиҳа ўзи ишлаяптими, йўқми текширишади. Бир йилга мўлжалланган ишлар амалга оширилмаган бўлса, унинг сабаби сўрашади. Йилма йил текшириб, назорат қилиб борилади.

БЕШТА ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИДА

- ЎФФ Мусобақаларни ўтказиш бўлимида ишлаганим мен учун жуда катта тажриба бўлди. Шу боис, ОФКга ишга ўтганимда ҳам ҳеч қандай қийинчиликсиз ишлаб кетганман. Шу кунгача 5та жаҳон чемпионатида қатнашдим. Шулардан учтасида Германия-2006, ЖАР-2010 ҳамда БАА-2003га журналист сифатида борганман. 2009 йили Мисрда ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида жамоа менежери бўлганман. Бу йил БААда ўтган ўсимрлар ўртасидаги мундиалда ташкилий қўмитада ишладим. Мен чинакамига бахтли инсонман. Бу ЖЧларда турли йўналишларда ишлаганим ҳозиги фаолиятимда менга катта ёрдам беряпти. Тўғри, БААдаги ўсмирлар мундиалида матбуот ҳодимлари учун озгина шароитлар яратиб бера олмадик. Маблағ томонидан муаммо бўлгани учун шаҳарлараро транспорт қатновини йўлга қўя олмадик. Лекин шахсан ўзим ҳаракат қилиб, шаҳарнинг ўзида журналистларни расмий рўйхатдан ўтган меҳмонхонадан стадионгача траспорт билан таъминладик. Фақат Дубайда эмас, ЖЧ ўйинлари ўтказилган қолган бешта шаҳарда ҳам бу нарсани йўлга қўйдик. Ваҳоланки, транспорт билан боғлиқ ҳаражатлар бюджетга киритилмаганди. БАА футболи мутасаддилари билан гаплашиб, уларни ҳеч бўлмаса ички қатновни йўлга қўйиш учун кўндирганман.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook