03 sep 21:05
News

Александр Хомяков: «Мураббий учун энг муҳими аҳил жамоа туза олишдир»

Александр Хомяков 2009 йилнинг май ойидан бери “Машъал”да ишлаб келяпти.
 Россиялик мураббий аввалига “Машъал”нинг биринчи лигадаги фарм-клуби “Машъал-Академия”да фаолият олиб борди, кейин эса асосий таркиб билан ишлай бошлади. Хабарингиз бор, ҳозирда муборакликлар олий лигага чиқиш учун бош даъвогар бўлиб туришибди. Шу муносабат билан бизда “Машъал” бош мураббийи билан дилдан суҳбатлашиш истаги юзага келди ва мураббийдан интервью олдик.

- Александр Андреевич, келинг ҳаммасини бошидан бошласак. Ўзбекистонга келишингиз қандай рўй берганди?
- 2009 йилнинг бошида ўз вақтида “Насаф” ва “Машъал” жамоаларини бошқарган Виктор Кумиковга қўнғироқ қилиб, мабодо сизларда иш йўқми деб сўрадим. Шунда Виктор Балютович агар хоҳласанг “Насаф”га кел ва дарвозабонларни шуғуллантир деди. Бу пайтда мен ишсиз бўлиб, ҳар қандай таклифни кўриб чиқишга тайёр эдим. Кумиковнинг таклифини эшитгач, тезда розилик бердим, чунки Виктор Балютович билан олдин ҳам бирга ишлаганимиз боис у кишига йўқ дея олмасдим. Шундай қилиб 2009 йил Ўзбекистонга келиб ишлай бошладим. Дастлаб уч ой “Насаф”да дарвозабонларни шуғуллантирдим, кейин эса Баҳром Давлатов менга “Машъал”нинг биринчи лигадаги фарм-клуби “Машъал-Академия”ни бошқаришни таклиф қилди. Бу мен учун жуда қизиқарли таклиф эди, ахир бош мураббийликка ҳар куни ҳам чақираверишмайди. Шу-шу 2009 йилнинг майидан бери “Машъал”даман ва бунинг учун аввало Баҳром Бойжоновичдан миннатдорман. Чунки бунгача қаерда ишламай, асосан дарвозабонлар билан бирга ишлаб келаётгандим.
 
- Виктор Кумиков билан анчадан бери танишсиз, тўғрими?
- 1995 йилдан бери. Виктор Балютович мени ўша йил Нальчикнинг “Спартак” клубига таклиф қилганди. Ўшанда жамоа Россия иккинчи лигасидан биринчи дивизионга чиққанди. Кейинчалик Кумиков қўл остида Қозоғистонда ҳам ўйнадим. Сўнгра ўзимни бошқа клубларда синаб кўрдим ва мураббийликни бошлагач, орадан саккиз йил ўтибгина Кумиковга биринчи бор иш сўраб қўнғироқ қилдим. Бу пайтда Балютович Ўзбекистонда ишлаётганди.
 
- Нега айнан у кишига қўнғироқ қилдингиз?
- Чунки Кумиков менинг фаолиятимга катта таъсир кўрсатган мураббийлардан ҳисобланади. У кишини ўзим билан ишлаган мураббийлар орасида энг кучлиларидан бири деб биламан.
 
- Баҳром Давлатовнинг “Машъал”га таклиф этиши кутилмаган ҳол бўлганмиди?
- Бу мен учун янги чақириқ эди. Ахир футболда фақат дарвозабонлар билан ишлаш бошқа, бутун жамоани шуғуллантириш бошқа. Лекин бош мураббийликни айнан “Машъал-Академия”да бошлаганман деб айтолмайман. Ўз вақтида Волжскийнинг “Торпедо”сида ишлаган кезлар асосий таркиб дарвозабонлари билан биргаликда ўринбосарлар жамоасини ҳам тўлиқ ўзим шуғуллантирардим. Шу боис ўшандаёқ бош мураббийликни бошлаб юборганман дея оламан.
 
- Маълумки, Вьетнам чемпионатида ҳам тўп сургансиз.
- Ҳа, у ерда икки йил ўйнадим. Унгача эса Қозоғистон чемпионатида тўп сураётгандим. Ноябрда Осиё жамоасидан таклиф тушди ва мен буни қабул қилдим. Шуни айтишим мумкин, Вьетнамга пул учун борганим йўқ, балки ўйин амалиётига эга бўлиш учун боргандим. Ундан кейин Россия иккинчи лигасига қайтиб, яна уч йил тўп сурдим ва 2006да футболчилик фаолиятимни якунлаб мураббийликни бошладим.

- Ўзбекистонга келиб энди иш бошлаганингиздан қандай таассуротлар қолган?
- Тилни ва урф-одатларни билмасдим. Аммо мен одамови эмасман, жамоатчилик билан тезда киришиб кета оламан. Бу эса янги муҳитга тезроқ кўникиб кетишим учун ёрдам берди.

- Ўзбек футболи билан танишувингиз қандай кечган?
- Бу ердаги футбол рус футболидан анча фарқ қилишини билардим. Чунки бир пайтлари “Пахтакор”га қарши ўртоқлик ўйинларида майдонга тушганим учун ўзбек футболи борасида дастлабки тасаввурга эга эдим. Ўзбекистонда техникавий, тўп билан муомалага асосланган футболни ёқтиришади. Бу ерда жисмоний курашлар кўп эмас. Қолаверса, ўйин тезлиги ҳам бирмунча секин.
 
- “Машъал”га келгач, ишни нимадан бошладингиз?
- Бу ерга келганимда аллақачон Ўзбекистон биринчи лигаси бошланиб бўлган, “Машъал” эса мусобақада чакки иштирок этмаётганди. Йигитларнинг салоҳияти ва иқтидоридан келиб чиқиб ўзгартириш лозим бўлган катта жиҳатни кўрмадим. Чунки жамоа ўзи шундоқ ҳам ёш ва курашга чанқоқ футболчилардан иборат эди.

- Устозингиз Виктор Кумиков билан ҳозир ҳам гаплашиб турасизми?
- Ҳар доим эмас. Одатда туғилган кунларда бир-биримизни табриклаймиз. Яқинда унинг бошқарувидаги “Шахтёр” Шотландиянинг “Селтик” клубини 2:0 ҳисобида ютди. Тўғриси, бундан жудаям хурсанд бўлдим.

- Кумиков сиз учун ҳамон устозми ё энди ҳамкасбми?
- Виктор Балютовични ўзим таниган мураббийлар орасида энг зўри деб биламан. У киши менинг фаолиятимга жуда катта таъсир кўрсатган. Тўғри, ўз вақтида Кумиков қўл остида тўп сурганман, лекин бунга анча бўлди ва энди мен ҳам мураббийман. Кумиков футболда кўп нарсага эришди, мен эса энди-энди бошлаяпман. Аммо астойдил ҳаракат, қилиб ундан қолишмасликка ҳаракат қиламан. Яна шуни айтишим мумкин, мен Кумиков услубида иш олиб бормайман. Чунки футболга нисбатан ўз қарашларимга эгаман.
 
- Футболни тугатгач, нега айнан мураббийликни танлагансиз?
- Шундай бўлдики, фаолиятимнинг охирги йилларида футбол ўйнашдан роҳат олмай қўйдим. Шунда мураббийлик қилиб кўрсамми деган ўйга бордим. Чунки бу пайтга келиб менга тўп тепишдан кўра ўйинчиларни шуғуллантириш ёқиб қолганди. Шу-шу мураббийлик касбини танладим.

- Юртимизга ҳар мавсум турли ўлкалардан хорижлик мураббийлар келиб кетишади. Сиз эса мана беш йилдирки Қашқадарёда ишлаяпсиз. Демак, сизни ҳаммаси қониқтирмоқда, шундайми?
- Албатта. Менга юртингиз, одамларнинг муомаласи, урф-одатлар, таомлар, хуллас ҳаммаси ёқади. Қолаверса, “Машъал”да футболга шунчаки ўйин сифатида қарашмайди. Бу ерда клубнинг ўз дастури бор ва ҳаммаси шунга монанд амалга оширилади. Менга бу ерда ишлаш жуда ёқяпти деб бемалол айта оламан.
 
- Нима деб ўйлайсиз, “Машъал” ҳозирги таркиби билан олий лигада ўйнай оладими?
- Қийин савол. Албатта, биз ҳам ҳозирги таркиб билан элитада иштирок этишни хоҳлаймиз, аммо клуб олдига юқори вазифалар қўйилар экан, жамоага албатта яхши савиядаги ўйинчилар керак бўлади. Биз Кубок ўйинларида олий лига жамоаларидан “Бухоро” ва “Навбаҳор”ни ютдик. Тошкентда “Бунёдкор” билан дуранг ўйнадик. Аммо Кубок бошқа, чемпионат бошқа. Мана шу ўйинлардан келиб чиқиб олий лигада ҳозирги таркиб билан ҳам бемалол иштирок эта оламиз десам хато гапирган бўламан. Биз ҳамон изланишдамиз, яхши футболчиларни қидиришда давом этяпмиз. Биласизми, футболда бош мураббий учун энг муҳими яхши коллективни тузиш ва уни бошқариш ҳисобланади. Бу ерда машғулот ўтказиш унчалик катта роль ўйнамайди, чунки машғулотни ҳамма ҳам ўтказиши мумкин. Аммо аҳил жамоани юзага келтириш ва одамларни  бир мақсад йўлида бирлаштириш осон эмас.

- Шу ўринда кўпчиликни ўйлантираётган бир савол бермоқчиман. Ўзбекистонда асосан иккита жамоа урғуни кўпроқ ўз тарбияланувчиларига  берган ҳолда иш олиб боряпти. Булар - “Пахтакор” ва “Машъал”. Лекин гап шундаки, “Пахтакор” ўзидан чиққан футболчилар билан ҳар йили юқори ўрин учун курашади, “Машъал” учун эса ўртамиёналар қаторида бўлишнинг ўзи муваффақият ҳисобланади. Тўғри, “Машъал”да кадрлар сиёсати яхши йўлга қўйилган. Шунга қарамай, жамоанинг биринчи лигада юргани ачинарли ҳолат. Бу ҳақда нима дея оласиз?  
- Бир гал россиялик мураббий Леонид Слуцкий ўз интервьюсида шундай деганди: “Бизнинг академиямизга турли шаҳардан ёш футболчиларни олиб келишади. Улар ёшлигида зўр ўйин кўрсатишади, ҳатто москваликлардан ҳам ажралиб туришади. Аммо ўша ўйинчилар 16-17 ёшга тўлгандан сўнг негадир ўз ўйинларини йўқотиб қўйишади. Пойтахтликлар эса бу пайтга келиб энди тўп тепишни бошлашади ва бирин-кетин катта футболга қадам қўйишади”. Хўш, бу билан нима демоқчиман? “Машъал” Муборакда жойлашгани билан бизга ҳам кўплаб футболчилар бошқа шаҳар ва вилоятлардан келишади. “Пахтакор” эса пойтахт клуби бўлгани учун барибир асосий эътиборни тошкентликларга қаратади. Бизнинг академияда четдан келганлар фақат футбол ўйнаш ва ўқиш билан овора бўлишади. Натижада уларнинг баъзилари 16-17 ёшга қадам қўйганда футболдан зерика бошлашади. Пойтахтда яшаётганларнинг аксарияти эса ота-оналари билан туришади ва уларнинг футболдан ташқари қизиқишлари ҳам кўп. Яъни, пойтахтда футболдан чалғишнинг йўллари бор. Бизда эса йўқ. Мана шунинг учун ҳам Тошкентда футболдан зерикишмайди, Муборакда эса болалар футболдан бошқа нарсани кўрмай зерикиб қолишлари мумкин. Бу эса боланинг психологиясига катта таъсир кўрсатади. Қолаверса, вилоят жамоалари пойтахт клубларига қарши тўп сурганда қўрқувни ҳис қилган ҳолда майдонга тушишади. Қачонки мана шу қўрқув йўқолсагина барча жамоаларда юқорига кўтарилиш имконияти юзага келади. Хўш, қўрқувни қандай енгиш мумкин? Фақат кучли жамоаларга қарши омадли ўйинлар орқали.

- Ўзбекистонда иш бошлаганингиздан бери сизга бошқа клублардан таклифлар бўлдими?
- Ҳар доим турли миш-мишлар юради. Лекин шу вақтгача ҳали ҳеч ким ўзимга қўнғироқ қилиб, жамоамизни бошқаришингни хоҳлайман дегани йўқ.

- Биз тез-тез ўлкада футбол ривожланаётганини гапирамиз. Аммо мухлисларнинг олий ва биринчи лига ўйинларига ташрифи йилдан йилга камайиб кетмоқда. Бу билан гўё бир фикрни иккинчиси инкор қилаётгандек.
- Агар мураббий ўйин пайтида орқа трибунада ўтирган мухлисларнинг ҳайқириғини эмас, балки писта чақиб ўтиришини эшитар экан, бундан ортиқ ачиниш бўлмаса керак. Саволни жуда тўғри бердингиз. Чиндан ҳам Ўзбекистонда футболга ҳукумат миқёсида эътибор бериляпти. Деярли ҳамма жойда янги стадионлар барпо этилмоқда. Аммо одамларнинг футболга ташрифини кўп деб бўлмайди. Нима ҳам дердик – мухлис ҳар доим ҳақ. Улар стадионга келиб 90 дақиқа давомида қўллаб тургандан кўра писта чақиб ўтиришни маъқул кўраётган экан, демак биз шунақа савиядаги футболни уларга намойиш этяпмиз. Яна бир бор қайтараман, бу жуда афсусланарли ҳолат. Жамоаси ютадими-ютқазадими, мухлис футболдан завқ олиши, ҳиссиётларни ташқарига чиқара олиши керак. Аммо биз уларга шундай ўйинни тортиқ эта олмаяпмиз. Тўғрисини айтсам, бўш трибуналар қаршисида ўйнаш ҳеч бир футболчига ёқмайди. Тошкентда эканлигимда вақт топиб “Пахтакор” – “Бухоро” ўйинига тушгандим. Бу бир ойлик танаффусдан сўнг иккинчи давранинг биринчи учрашуви эди. Стадионга кириб борар эканман, ичкаридаги ҳолатни кўриб ҳайрон қолдим. Ўйингоҳ сув қуйгандек жим-жит эди. Ким билан ким ўйнаяпти, ҳисоб қанақа, ким ютяпти, ўзи қанақа ўйин бўляпти, гўёки бу билан бировнинг иши йўқдек. Ваҳоланки, мен иккинчи таймга боргандим. Албатта, ўйиннинг ўзи эҳтиросли, курашларга бой бўлмаганидан кейин мухлислардан жонлироқ қўллаб-қувватлашни талаб қилишнинг имкони йўқ.

- Сиз бош мураббийсиз ва шу боис ҳар бир ўйинда бўлишингиз шарт. Агар оддий мухлис бўлганингизда ўйинларга тушармидингиз?
- Бу борда бирор нарса дейиш қийин. Яширмайман, оддий ишқибоз бўлганимда мен ҳам ўйин танлаган бўлардим. Одам тўғри келган китобни ўқиб кетавермаганидек, дуч келган ўйинни ҳам томоша қилмаса керак.
 
- Бош мураббий учун асосий таркибни аниқлаб олиш қанчалик муҳим?
- Агар захира ўриндиғи қисқа бўлса, жамоа мавсум бошини яхши ўтказади. Чунки мураббий кўпи билан 14-15 кишига ишонч билдиради ва шунга монанд мавсум аввалида асосий таркибни шакллантириб олади. Аммо бу кейинчалик зарар келтириши мумкин. Чунки кимдир жароҳат, кимдир қизил карточка олиб қолиши мумкин. Лекин қўл остингизда иккита тенг таркиб бўлса, асосий таркибни аниқлаб олиш қийин кечгани билан жамоа бутун мавсум давомида барқарор ўйин кўрсатади. Биз чемпимонат бошидан бери биринчи лигада кўп ўйинларни ўтказдик. Ўтган йил олий лигада 26та ўйин ўтказгандик. Бу йил эса биринчиликда 40га яқин ўйинда майдонга тушамиз. Шундай экан, ҳар доим ҳам бир хил таркибни тушириш имкониятига эга эмасман. Мен одатда ҳимоячиларни алмаштирмасликни маъқул кўраман. Чунки мустаҳкам мудофаа бугунги футболда жуда муҳим ҳисобланади. Ярим ҳимоя ва ҳужумда исталган вариантни синаб кўришингиз мумкин, лекин ҳимояда эмас. Ҳар ҳолда бу борада менинг тушунчам шунақа.

- Эшитишимча, ҳар бир мураббийнинг жамоада ўз суюкли ўйинчиси бўларкан.
- Ҳа, бу бор гап. Масалан, менинг ҳам суюкли ўйинчиларим бор, лекин уларнинг кимлигини оммага ошкор қилмоқчи эмасман. Суюкли футболчи нима дегани? Жамоага ким кўпроқ фойда келтираётган бўлса, мураббий ўша футболчини суюкли шогирдим дейди. Аммо бу ўша футболчи учун асосий таркибда жой кафолатланган дегани эмас. Ким бўлишидан қатъий назар, кимки меҳант қилсагина ўша майдонга тушади.  

- Айтинг-чи, сизга қандай футболчилар ёқади?
- Характерга эга, курашга чанқоқ футболчиларни ёқтираман. Футболчи майдонга тушганда кўзи ёниб тушиши керак, юрагида ўт чақнаши лозим, шунингдек, ўйиндан роҳат олиши зарур.
 
- Истеъдод ёки характер. Қай бирини танлайсиз?  
- Истеъдод бўлгани билан характер бўлмаса ғалабага эришиш қийин. Лекин истеъдодсиз характернинг ўзи билан ҳам узоққа бориб бўлмайди. Шундай экан, буларни бир-биридан ажратиш қийин. Аммо иккаласидан бирини танлашга тўғри келса, мен барибир характерни танлайман.

- “Про” лицензияси учун ўқийсиз деб эшитгандик.
- Ҳа, шундай ниятим бор. Гап шундаки, менда “А” лицензияси бор, уни Тошкентдаги курсларда қўлга киритганман. Аммо бу лицензия билан Украинага борганимда улар бизга ўтмайди, “Про”га ўқий олмайсан дейишди. Эшитишимча, кузда Тошкентда “Про” учун янги курслар ташкил қилинаркан. Агар шундай бўлса, шу ерда ўқийман. Мабодо бўлмаса, унда Украинага бориб “А” учун бошқатдан ўқишимга тўғри келади.
 
- Охирги савол. “Машъал”да қолиб ишлаётганингизга сабаб сифатида учта энг асосий нарсани айтсангиз?
- Биринчиси - бемалол ишлаш имконияти. Ҳозирча менга клуб раҳбарияти тўлиқ ишонмоқда ва бундан хурсандман. Иккинчиси - қўл остимда яхши коллективнинг йиғилгани. Чунки кўп ўйинчиларини 2009 йилдан бери биламан. Учинчиси эса клуб раҳбариятида футболга бефарқ бўлмаган кишиларнинг ишлаётганидир. Менимча, учта энг асосий омил мана шулар.

Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook