12 jun 16:52
News

Афсоналар. Хорватия юлдузи - Звонимир Бобан

Бугун Бразилия - Хорватия баҳси билан навбатдаги жаҳон чемпионати старт олади.
Шу боис “Афсоналар” деган янги рукн ташкил қилдик ва ЖЧнинг ҳар бир ўйинидан олдин ўша жамоада тўп тепган машҳур ўйинчиларнинг ҳаётини бериб борамиз. Қуйида Хорватия футболи афсоналаридан бири Звонимир Бобан ҳақида тўхталамиз.

Хорватия футболининг афсонавий юлдузи Звонимир Бобан 1968 йилнинг 8 октябрида туғилган. У футболчилик фаолиятининг катта қисмини Италия А серияси вакили “Милан” сафида ўтказган бўлиб, “россонерлар” таркибида тўрт бор мамлакат чемпионлиги ва бир марта Европа чемпионлар лигасини қўлга киритган.



1998 йил Францияда ўтказилган жаҳон чемпионатида Хорватия терма жамоаси барчани ҳайрон қолдириб учинчи ўринни қўлга киритганди. Ўшанда терма жамоа сардори Звонимир Бобан эди. Бунгача эса Бобан Югославия термаси аъзоси бўлиб, у ҳатто Югославия U-20 ёшлар терма жамоасида жаҳон чемпионатида иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган (1987 йил).

Бобан мана шу мусобақада рақиблар дарвозасига уч бор тўп киритишга муваффақ бўлган. У Югославия термаси сафида етти бор майдонга тушиб, битта гол урган. Кейинчалик Хорватия термаси сафида 51та ўйинда иштирок этиб, 12та гол уришга эришган. 2002 йил футболчилик фаолиятини якунлаган Бобан шундан бери Хорватия ва Италия телевидениеси учун ўйинларни шарҳлаб келмоқда. Қолаверса, унда Загреб университетини тугатганлиги ҳақида магистрлик дипломи бор. У кўпинча футбол учрашувларини SKY Italia орқали шарҳлаб боради.

Загребда туғилиб катта бўлган Бобан “Динамо” (Загреб) футбол мактаби тарбияланувчиси ҳисобланади. У 16 ёшга тўлган вақтда ўз клуби таркибида илк бор майдонга тушган. “Динамо” таркибида олти мавсумни ўтказган қаҳрамонимиз шу вақт оралиғида 109та ўйинда иштирок этиб, 45та гол урган. Қолаверса, у 19 ёшидаёқ жамоа сардори этиб тайинланган.

1990 йилнинг 13 май куни ўтказилган “Црвена Звезда” билан кечган баҳсда стадионда мухлислар томонидан ғалаён кўтарилади. “Динамо” фанатлари полиция томонидан сиқувга олинаётган бир пайтда Бобан бунга чидай олмасдан чопиб бориб бир милиционерни тепиб юборади. Шундан сўнг Бобанни баъзилар ёмон кўриб қолади ва терма жамоа мураббийлари уни бошқа Югославия термасига таклиф қилишмайди. Натижада у 1990 йил Италияда ўтказилган мундиалдан четда қолади.



1991 йил ёш ярим ҳимоячи 8 миллион евро эвазига “Милан” футбол клубига кўчиб ўтади. “Милан” уни қўлга киритиши биланоқ “Бари”га ижарага бериб юборади. Чунки ўша пайтда “Милан”да легионерлар бўйича лимит тўлиб бўлганди. Ўша мавсум якунларига кўра “Бари” А сериядан тушиб кетади, бироқ ёш Звонимир бу жамоада катта тажриба тўплаб, бир йилдан сўнг яна “Милан”га қайтади. Ва шу қайтгани бўйича тўққиз йил “Милан” шарафини ҳимоя қилди. Бу орада у 251та ўйинда майдонга тушиб, 30та гол уришга эришади. Бундан ташқари, 1994 йил чемпионлар лигасида зафар қучади.

“Милан” 2001 йилнинг августида ўз сафига португалиялик Руи Коштани қўшиб олгач, Бобан кетиши кераклигини англаб етади ва Испанияга йўл олади. “Сельта” билан шартнома имзолаган Бобан Испания чемпионатининг атиги тўртта ўйинида майдонга тушган. У кўпинча захирада қолиб кетаётганидан нолиб, охири октябрда фаолиятини тугатади.

Орадан бир йил ўтиб Бобан ўзининг хайрлашув учрашувини ўтказади ва бунда Ривалдо, Марко ван Бастен, Лотар Маттеус каби футболчиларни таклиф этади. Айтиб ўтганимиздек, ҳозир у ТВда шарҳловчилик қиляпти. Бундан ташқари, Загребда ўзининг “Бобан” номли ресторанини юргизади. Звонимир Бобан футболчилик фаолиятини тугатганидан сўнг ҳеч қачон мураббий бўлмайман деб ваъда берганди. Дарҳақиқат, у ҳозирча мураббийлик қилгани йўқ.

Х.Холиқов тайёрлади. 
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook