Latest news

12 jun 16:38
News

Афсоналар. Бразилия юлдузи – Гарринча

ЖЧ давомида ваъда қилган лойиҳаларимиздан бири "Афсоналар" деб аталади.
Турдаги тўқнашувларга қараб, икки жамоа тарихида порлаган ва футболда ўз ўрнига эга бўлган футболчилар ҳақида ҳикоя қиламиз.

Маълумот учун
Мануэл Франсиско дос Сантос (Гарринча)
1933 йил 28 октябрь  - 1983 йил 20 январь (49 ёш)
Пау-Гранди, Рио-де-Жанейро штати, Бразилия
Амплуа: Ўнг қанот ҳужумчиси

Бугун Жаҳон чемпионатининг очилиш ўйинида Бразилия - Хорватия учрашуви бўлиб ўтади. Бугун биз  Бразилия тарихида ўз номини олтин харфлар билан ёздириб қолдирган Гарринча ҳақида тўхталамиз.



Гарринчанинг тўлиқ исм шарифи - Мануэл Франсиско дос Сантос. Гарринча Бразилияда Пеледан кейинги энг яхши иккинчи футболчи ҳисобланади. Аслида у биринчи бўлишга ҳақли  эди, аммо тарғибот ва унинг футболчилик фаолиятидан кейинги ҳаёти пастга тушишига сабаб бўлган. Гарринча дунёда энг яхши ўнг қанот ҳужумчиси унвонига эга. Ҳаётини  "Ботафого"га тиккан футболчи, 1965 йил оғир жароҳат олади. Унга қадар икки карра жаҳон чемпиони бўлган ҳужумчи жамоага керак бўлмай қолиши аламли эди. Шундан кейин футболчи бирорта жамоада муқим ўйнамади. Ҳар йили биттадан жамоа  алмаштирди. "Фламенго" ва "Опария"да 8та ўйинда иштирок этди. Унга қадар ўйнаган клубларида деярли ўйнамади. Афсуски, унинг ҳаёт йўли жуда оғир ўтди. Оиласидан бир опаси ва акаси ёшлигидаёқ очликдан вафот этади. Унинг ўзи банан териб сотарди. Крапивников туридаги қушларни овлашни яхши кўргани учун унга "Гарринча" лақабини беришади. Қизиғи шундаки, футболчи туғма ногирон эди. Ота-онасининг шифокорга кўрсатишга пули йўқ. Кўрганлари эса, ўғлингизни тириклигига шукр қилинг дейди. Чап оёғи ўнг оёғидан 6 см калта бўлган футболчининг отаси ичкиликка берилиб эрта вафот этади.

14 ёшида тўқимачилик фабрикасига ишга кирган Гарринча «Пау-Гранди» ҳаваскор жамоаси сафидан ўрин олади. Қаҳрамонимиз катта футболга айнан шу клубда ўзининг дастлабки қадамларини қўяди. 1949 йили у катта жудоликка учрайди, онаси вафот этади. 16 ёшида Манэ катталар жамоасида дебют қилади. Дебют ўйинида бир неча голи билан жамоасининг 8:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлайди. «Раис-да-Серра»га қарши ўйин 0:0 бўлиб турган бир пайтда ҳужумчи ўз жарима майдончаси яқинидан тўпни олиб, рақибнинг деярли барча футболчисини алдаб ўтиб жамоадошига голли пас беради. Бундан ғазаби чиққан рақиб футболчиси унинг кейинги ҳаракати пайтида қўполлик билан тўхтатиб қолади. Шунда «Раис-да-Серра» мухлислари ўз футболчиларини Гарринчанинг чиройли ўйинини бузгани учун калтаклаб ташлашади.



"Ботафого"га ўтишдан аввал у «Фламенго» ва «Флуминенсе» кўригида бўлади. Аммо бу жамоалар унинг клуби сўраётган пулни бергиси келмайди, қолаверса оёғининг калталигини ҳам рўкач қилишади. «Васко да Гама» эса Гарринчани кўрикка яланг оёқ келгани учун ортга қайтариб юборади. У «Сан-Кристован» мураббийларига маъқул келади, аммо улар кечга келибгина жавоб айтишларини маълум қилишади. Жамоага қабул қилинмай охирги поездга кеч қолишдан чўчиган футболчи жавобни кутмай уйига қайтиб кетади. Одатий кунларнинг бирида «Ботафого»нинг собиқ футболчиси Арати "Пау-Гранди" иштирокидаги ўйинда ҳакамлик қилиб, Гарринчани ёқтириб қолади. Арати Гарринчага янги форма ва бутси олиб бериб, уни "Ботафого"га олиб боради. Ўринбосарлар сафида у бир калла устун эди. Шунда жамоа мураббийлари, уни асосий таркибда, ўша пайтлар Бразилиянинг энг кучли ҳимоячиси бўлган Нилтон Сантосга қарши қўядилар. Гарринча битта финтни тўрт маротаба такрорлаган ҳолда, тўпни Нилсоннинг оёқлари орасидан олиб ўтади. Унинг бу ҳаракатидан кейин мураббийларнинг ўйлаб ўтиришларига сония ҳам керак эмасди. Нилтоннинг ўзи ғазабланиш ўрнига, футболчининг олдига келиб "Яшавор йигитча", дейди. Шу-шу Нилтон Гарринча учун иккинчи ота бўлиб қолади. Машғулот якунига етгач, Нилтон бош мураббийнинг олдига бориб, агар бу йигитча бошқа клубда ўйнаса мен кечалари ухлай олмайман. Агар бизда қолса, рақибларимиз ухлай олмайдилар дейди.

«Бонсусессо»га қарши кечган дебют ўйинида Гарринча 3та гол уради. 1957, 1961, 1962 йиллари Рио-де-Жанейро штати, 1962, 1964, 1966 йилларда эса Рио турнири ғолиби бўлган Гарринча икки карра жаҳон чемпионлигини қўлга киритади. 1962 йилги ЖЧнинг энг яхши тўпурари бўлиш билан бирга энг яхши футболчиси ҳам бўлади.


1958 йилги ЖЧнинг дастлабки икки турида Гарринча ва Пеле майдонга тушмайди. Жамоаси қийналаётганини кўрган Нилтон Сантос мураббий Феоленинг олдига кириб, Гарринча ва Пелени майдонга тушириш кераклигини айтади. Унинг фикрини Бразилия ФФ президенти Жоао Авеланж, жамоа шифокори ва бир неча нафар футболчилар ҳам қўллаб-қувватлайдилар. Собиқ Иттифоқ терма жамоасига қарши ўйинда Гарринча иккита голли пас беради, Вава эса дубл муаллифи бўлади. Финалда ҳам Гарринча иккита голли пас беради. Шундан кейин унинг терма жамоадаги иши орқага кетади. Мураббийлар яна унга ишонмай қўядилар.

1962 йилги ЖЧда Пеле жароҳат олгач, ҳамма умид Гарринчадан эди. Испанларга қарши кечган ўйин 1:1 ҳисобида ўз поёнига етиб бораётган бир пайтда Гарринча ўнг қанотдан ўзининг машҳур ўтишини қилиб голли пас беради. Кейинги ўйинда Англия терма жамоаси дарвозасини икки маротаба ишғол қилади. Кейинги ўйинда яна дубл, бу сафар Чили дарвозасига. Бу ўйин қизиқ ва тарихий воқеага сабаб бўлган. Чили футболчиси Рохаснинг иккинчи қўполлигига жавоб берган Гарринча ҳакам томонидан майдондан четлатилади. Аслида ҳакам Рохасни четлатиши керак эди. Буни кўрган Чили футболчилари кулиб юборадилар. Рохас эса Гарринча билан қўл сиқиб хайрлашади. Майдонни тарк этаётган Гарринчага Чили мухлиси "бутилка" отади. У Гарринчанинг бошига тегади. Ўйиндан кейин Жоао Авеланж ўша эпизодга яқин турган қанот ҳакамидан воқеа аслида қандан бўлганини сўрайди. Унинг гапларига қараб, тартиб-интизом қўмитасидан ўрин олган 7 кишидан 5таси Гарринчанинг фойдасига овоз берадилар ва футболчининг қизил карточкаси бекор қилинади.  

Жоао Авеланжнинг илтимосига кўра уни Англиядаги мундиалга ҳам олиб кетишади. Биринчи ўйинда Пеле иккаласи гол уради. Венгрияга қарши ўйинда Бразилия имкониятни бой беради. Кейинги ўйинда у майдонга тушмайди. Ва Венгрияга қарши кечган ўйин Гарринчанинг терма жамоа либосидаги сўнггиси бўлади.



Гарринчанинг ҳаёти яхши ўтмаган. Унинг ёнида маслаҳат берадиган ишончли одами бўлмаган. Топган пулини айшу ишратга сарфлаган ёки камбағалларга тарқатган. Катта даромад қилгани билан қўлида пул турмаган. Ҳаттоки 1969 йили маст ҳолатда автофалокатга учрайди. Унинг бошқарувидаги улов юк машинасига урилиб кетиши натижасида қайнонаси ҳалок бўлади.

1965 йили биринчи рафиқаси Наир билан ажрашади. Суд қарорига кўра футболчи ўз мол-мулкини ярмини собиқ рафиқасига топширади. Кейин у Элзига уйланади. Бу хотини билан 1977 йил ажрашади. Боиси у маст ҳолатда уни дўппослаганди. 1978 йили Гарринча оғир ҳолатда касалхонга келтирилади. ўзига келгач 20 ёшли ҳамширани севиб қолади ва унга уйланади. Рио-де-Жанейрода яшаган собиқ футболчи тинмай ичарди. Уни ҳеч ким бу йўлдан қайтара олмаётган бир пайтда у тез-тез жигар емирилиш хасталиги билан шифохонага туша бошлайди. Шундай ҳолатлардан бири унинг аянчли ўлимига сабаб бўлди. 1982 йилнинг 20 январида, янги йилни кутаётган чоғида оғирлашиб қолган Гарринча вафот этади.

Ҳаммани ҳайратга солган нарса шу бўлганки, Пау-Гранди шаҳрида 300 000 киши иштирок этган дафн маросимида Гарринча билан ЖЧ-58 ва 62да кубокни боши узра кўтарган футболчилардан биронтаси ҳам қатнашмаган. Айнан шундан кейин Бразилияда ким кучли деган саволга, Пелега араз қилган ишқибозлар Гарринча дея жавоб бера бошлаганлар. Кўп ўтмай Пеле, дафн этиш маросимидаги хафагарчиликни кўтара олмаслигини айтиб ўзини оқлайди.


Нодирхўжа Юлдашев тайёрлади.
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook