05 apr 10:05
News

Абдураимов қачон ғалабага эришади?

Мавсум-2014 “Андижон” жамоаси учун муваффақиятсиз бошланди.
Дастлабки турда “Пахтакор”да, кейин сафарда “Қизилқум”га ва Андижонда “Машъал”га ютқазиб мухлисларни қаттиқ ранжитиб қўйди. Барча ўйинларда “Бургутлар” 0:1 ҳисобида мағлубиятга учради. Айниқса, 3-турда “Машъал” жамоасига енгилиши кутилмаган натижа бўлди. Иккала клуб ўтган йили биринчи лигада қатнашиб, олий лига йўлланмасини қўлга киритишганди. Эътиборлиси, ўтган йили ҳам муборакликлар Андижондан 0:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтишганди. Умуман олганда, биринчи лигада андижонликлар иккала ўйинда ҳам ютқазишган.

“Бургутлар” учун мазкур мавсум ўзгача аҳамиятга эга эканлигини барча яхши билади. Чунки клуб ўзининг 50 йиллик юбилейини нишонлайди. Аслида ушбу юбилейга тайёргарлик бошқача бўлиши лозим эди. Лекин 2012 йили жамоа кутилмаганда олий лигани тарк этди. Натижада режа ўзгариб 50 йиллик юбилей учун “Андижон”ни олий лигага қайтариш вазифаси қўйилди. Аслида эса кучлилар орасини тарк этмаган ҳолда жамоани янада яхшироқ шакллантириб мазкур йилда совринли ўринлар учун курашиши режалаштирилганди. Лекин ўша йили клубда бош мураббий алмашиб ҳаммаси ўзгариб кетди. Азамат Абдураимов бош мураббий бўлиб келганида мухлислар қувонишганди. Ундан кўп нарсалар кутишди. Лекин ҳозирги вазиятда унга бўлган фикрлар ва муносабат ўзгармоқда. Бу билан уни танқид ёки қораламоқчи эмасмиз.

Бироқ “Андижон”нинг ҳозирги ҳолатини кўриб шунга амин бўляпмизки, жамоа мавсумга тайёр эмас. Хали ҳам ўтган йилги биринчи лигадаги ўйинлари каби шунга монанд ўйин кўрсатаётгандек тасаввур уйғотмоқда. Ваҳоланки, янги мавсум учун таркиб деярли янгиланди. “Андижон”га Тимур Ғаниев, Мухиддин Худоёров, Тимур Султонов, Сергей Доценко, Алексей Касьян, Шахзод Шайманов, Жавлон Мирабдуллаев, Иброҳим Отахонов, Мирзакамол Камолов, Анвар Ражабов, Камрон Кападзе, Шуҳрат Мирхолдиршаев, Виктор Расков ва Алишер Азизов таклиф қилинди. Уларнинг орасида Касьян, Отахонов, Камолов, Мирҳолдиршаев каби футболчилар бунгача ҳам “Андижон”да ўйнашганди. Лекин учта ўйинда жамоа ўзидан ижобий таассурот қолдиргани йўқ. Ҳаттоки, ҳалигача гол ура олмаётгани жиддий муаммо бўлиб турибди. Азамат Абдураимовни ўтмишда қандай ҳужумчи бўлганлигини яхши биламиз. Шунинг учун у ҳужумчиларга кўпроқ эътибор қаратиши кутилганди. Аммо ўйинлар шуни кўрсатяптики, жамоа барибир асосий эътиборини ҳимояга қаратган ҳолда ўйин кўрсатмоқда. Негадир ўз уйида ҳам бешта ҳимоячи билан ўйнаётгани эътирозларга сабаб бўлмоқда. Натижада ҳужумда тузукроқ имкониятлар ҳам яратилмаяпти. Бундан ташқари чизиқлар бўйича ўзаро узилишлар бўлаётганлиги ҳам сезилиб турибди. Умуман олганда, ҳали қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп эканлигини алоҳида айтиш керак.

Андижонда футболни хаддан ортиқ севадилар. Шунинг учун дастлабки турда “Пахтакор” билан ўйинда “Соғлом авлод” стадионига 18221 нафар мухлис келди. Улар катта футболни соғиниб қолишганди. Бундан ташқари “Андижон”дан бу йил яхши натижаларни кутишяпти. Лекин мағлубият ҳеч кимга ёқмайди. Ўз уйида “Пахтакор”га, сафарда “Қизилқум”га ютқазгач 3-турда Андижонда “Машъал” билан учрашувда томошабинлар сони кескин равишда камайиб кетди. Бунга сабаб жамоанинг мағлубиятлари ва кўрсатаётган нурсиз ўйиндир. Айниқса, охирги учрашувдан кейин ишқибозлар жиддий равишда эътироз билдиришди. Бу кетишда мухлисларни янада йўқотиши ва уларда ишончсизликни ошириши турган гап. Олдинда “Олмалиқ”қа қарши яна бир жиддий ўйин кутмоқда. Очиғини айтганда, мазкур учрашувдан маҳаллий мухлислар ижобий натижа кутишдан чўчимоқдалар. “Қизилқум” майдонида ҳам жамоадан ижобий натижани, ҳеч бўлмаганда бир очкони кутгандилар. Бу сафарги рақиб эса янада кучли.

Тан олиш лозимки, Игор Шквирин жамоаси “Андижон”дан устунроқ. Аммо учрашувдан аввал аниқ ютқазади деб ҳам айтиб бўлмайди. Агарда дуранг қайд этилса буни андижониклар учун деярли ғалабага тенглаштириш мумкин. Бу эса жамоанинг кейинги ўйинларига ижобий таъсир кўрсатишини унутмаслик лозим. Бунинг учун мураббий ўзини оқламаётган тактикадан воз кечиши ва самарали бўлган янгича ўйин услубларини қўллаши лозим. Дастлабки учта ўйиндаги бир хил 1:0 ҳисобидаги мағлубиятлар шуни кўрсатяптики, жамоа чиндан ҳам ҳимоя асосланган ҳолда ўйнаётганидан дарак бериб турибди. Аммо мухлисларга ҳужумкор ўйин ёқади. Аввалдан “Андижон” рақиблар учун тажовузкор, ҳужумкор жамоа сифатида қаршилик қилиб келган. Бутун ўйин давомида ҳимояга асосланган ҳолда тўп суриш барибир ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юбориш билан якунланади-да! Шунингдек, “Андижон” 1999 йилги мавсумни кетма-кет учта мағлубият билан бошлаган. Лекин ўшанда жамоа дастлабки учта турда иккита гол урган.   

“Андижон”нинг олий лигада Абдураимов бошчилигида ўтказган ўйинлари

2012 йил
17-тур “Андижон” – “Қизилқум” – 5:1
18-тур “Машъал” – “Андижон” – 1:0
19-тур “Андижон” – “Локомотив” – 0:1
20-тур “Андижон” – “Пахтакор” – 2:4
21-тур “Нефтчи” – “Андижон” – 2:0
22-тур “Андижон” – “Насаф” – 3:4
23-тур “Динамо” – “Андижон” – 3:0
24-тур “Андижон” – “Олмалиқ” – 1:4
25-тур “Бухоро” – “Андижон” – 1:0
26-тур “Андижон” – “Металлург” – 4:3
2014 йил
1-тур “Андижон” – “Пахтакор” – 0:1
2-тур “Қизилқум” – “Андижон” – 1:0
3-тур “Андижон” – “Машъал” – 0:1

Азамат Абдураимов жамоани 2012 йилнинг иккинчи ярмидан бошқаришга киришди. Шу вақтга қадар “Андижон” унинг бошчилигида олий лигада 13та ўйин ўтказди. Мураббийнинг биринчи лигадаги фаолияти эса мутлақо ҳисобга олинмайди. Негаки, у ердаги савияни ҳамма яхши билади. Абдураимовнинг ўрнида бошқа маҳаллий мураббий бўлганида ҳам “Андижон”нинг элитага қайтишига ҳеч ким шубҳа қилмасди. Қолаверса, олий лигага чиқиш учун “Машъал” билан “Андижон”дан бошқа номзоднинг ўзи ҳам йўқ эди. Шу сабабли Азамат Берадоривичнинг асосан олий лигадаги натижаларига тўхталамиз. Кўрсатгичлар шуни билдирмоқдаки, мураббий бошчилигидаги натижалар ўта қониқарсиз. У “Андижон”даги дебютини “Қизилқум”га қарши бошлаб 5:1 ҳисобидаги ғалаба билан бошлаганди. Ўша ўйин 2012 йилнинг 26 август куни ўтказилган. Абдураимов эса расман 24 августда ишга киришган. Унга қадар жамоани мазкур учрашувга Виталий Лигай билан Абдурашид Исмоилов тайёрлаганди.

Хуллас, Абдураимовнинг дебюти муваффақиятли чиққан бўлсада, кейинги кетма-кет етти ўйиин бой берди. Бу борада у “Динамо”да қайд этган антирекордини янгилади. Гап шундаки, Самарқандда ишлаган пайтида кетма-кет олти учрашувда мағлубиятга учрагач истеъфога чиққанди. “Андижон”да эса у бирин-кетин етти марта ютқазди. Фақат охирги турда ҳеч нимани ҳал қилмайдиган учрашувда “Металлург” 4:3 ҳисобида малуб этилди. Унгача жамоа олий лигани тарк этиб бўлганди. Лекин Абдураимов клубда қолиб ҳаммасини бошидан бошлашга қарор қилди. Кутилганидек жамоа яна бир йилнинг ўзидаёқ олий лигага қайтди. Ана энди кўпчилик бу мураббийнинг асл кучи қандай эканлигини кўришга қизиқдилар. Лекин унинг ҳали ҳамон мағлубиятли сериялари тугамаганлиги кўриниб турибди. Қизиқ, бош мураббий “Андижон”даги ўзининг учинчи ғалабасига қачон эришаркин? Ҳисоблаб чиқсак, у ҳозиргача “Бургутлар” билан олий лигада фақат икки марта ютган холос. Ишонамизки, Абдураимовнинг учинчи ғалабасига эришиши мухлисларни узоқ куттириб қўймайди. Агар “Андижон” қачондир уч очкони қўлга киритса, бу жамоанинг олий лигадаги умимий 210-ғалабасига айланади.

ФИРДАВСХОН.
Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook