Latest news

27 jan 18:15
News

Абдулла Бўриев: “Жароҳат фаолиятимга жиддий таъсир кўрсатди”

Футзал бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 1-босқич 4-тур учрашувлари 3-7 февраль кунлари Қарши шаҳридаги "Геолог" мажмуасида бўлиб ўтади.
15-18 январь кунлари Тошкентда ўтган 3-турдан сўнг турнир жадвалида пойтахтнинг “Локомотив” клуби 33 очко билан пешқадамлик қиляпти. Тошкент вилоятининг “Максам-Чирчиқ” жамоаси амалдаги мамлакат чемпионларидан икки очко кам жамғарган. Демак, 4-тур ўйинларининг янада қизиқарли руҳда ўтишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Кейинги ўринларда бораётган “Когон” ва “Бунёдкор” жамоалари ҳисобида 26тадан очко бор. Биз Қаршидаги тур ўйинлари олдидан “қалдирғочлар”нинг ўйновчи мураббийи, ўтган ўн йилликнинг энг кўзга кўринган футзалчиларидан бири Абдулла Бўриев билан суҳбат уюштирдик.

-  Абдулла ака, суҳбатимиз аввалида футзалга кириб келишингиз ҳақида гапириб берсангиз.

-  Ўзи аслида футзал бўйича Ўзбекистон чемпионати 1994, Ўзбекистон кубоги эса 1996 йилдан ўтказила бошланган. Мини-футболдаги фаолиятимни 2003 йили Тошкентнинг “Ардус” жамоасида бошлаганман. У пайтда “Ардус” ҳаваскорлар ўртасида ўтказиладиган турнирларда иштирок этарди. Жамоанинг ўша пайтдаги мураббийи Алишер Абдуллаев мени, шунингдек, “Локомотив”нинг ҳозирги бош мураббийи Аҳад Юсуповни ҳамда Фарҳод Мираҳмедовни таклиф қилган. “Ардус”да бир йил давомида ҳаваскорлар ўртасидаги мусобақаларда иштирок этдик. Бундан ташқари, ўша жамоа билан Ўзбекистон кубоги баҳсларида ярим финалга қадар етиб бордик. 2004 йилда “Ардус” илк бор профессионал клуб сифатида Ўзбекистон чемпионатида қатнашди. Дастлабки учта мавсумда жамоа кетма-кет уч маротаба чемпионликни тантана қилди. Шу вақт ичида 2 маротаба кубок баҳсларида ғолиб бўлдик. 2005-2006 ҳамда 2006-2007 йилги мавсумда чемпионат тўпурари бўлдим. “Ардус”даги 3 йиллик фаолиятимдан сўнг 2007-2008 йилги мавсумни Навоийнинг “Строитель-Зарафшон” жамоаси таркибида ўтказдим. Ўша йили терма жамоа билан Испанияга йиғин ўтказиш учун борганимда ўртоқлик учрашувида тиззамдан жиддий жароҳат олдим. Кейин тиззам операция қилинди. Бунинг натижасида бир ярим йил майдондан ташқарида бўлдим. 2009 йили “Бунёдкор”га таклиф олдим. Биринчи мавсумни ўйинчи сифатида ўтказдим ва биз чемпионатда иккинчи ўринни эгалладик. 2010-2011 йилги мавсумдан то бугунги кунгача ўйновчи мураббий вазифасини бажариб келаяпман. 2010-2011 йилги мавсумда умумий ҳисобда учинчи маротаба чемпионат тўпурари бўлдим. 2011-2012 йилги мавсумда “Бунёдкор” билан чемпионатда кумуш медални бўйнимизга илган бўлсак, Ўзбекистон кубоги баҳсларида финалда “Локомотив”ни мағлуб этиб, кубок соҳибига айландик. 2012-2013 йилда чемпионатда тўртинчи поғонани банд этдик. Бу йил эса жамоа олдига кучли учликка кириш вазифа қилиб қўйилган. Яна бир нарса, мен футзал бўйича мамлакат чемпионати беллашувларида бир мавсумда энг кўп тўп киритган футболчиман (табассум билан). 2006-2007 йилги мавсумда “Ардус” сафида 84 та тўп киритганман. Футзалдаги профессионал фаолиятимни 2004 йилда бошлаган бўлсам, ўша йилдан терма жамоага номзод бўлиб, халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қила бошлаганман. Мен қатнашган дастлабки Осиё чемпионати Вьетнамда ўтказилган. 2006 йилда қитъа биринчилигига Ўзбекистон мезбонлик қилган. 2007 йили Японияда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида терма жамоамиз сафида энг кўп гол урган ўйинчи бўлганман – 11 та. Ўшанда тўпурар бўлган япониялик Когуредан битта кам тўп киритгандим.


-  Интервьюларингизнинг бирида жамоангизни сўнгги сонияларда қийин вазиятдан олиб чиқиб кетганингиз ҳақида айтгансиз. Шу ҳақда гапириб берсангиз?

-  Ўзи футзал сўнгги сонияларгача ўйналадиган спорт тури ҳисобланади. 2005-2006 йилги мавсумда амалдаги чемпион “Жиззах-С” жамоаси билан Зарафшонда ўтказилган турда ўйин тугашига бор йўғи бир сония қолган. Ҳисоб эса 4:4 бўлиб турганди. Шунда “Жиззах-С” жамоаси олтинчи фолни ишлаб олган. 10 метрдан дабл-пенальти қўйилган ва мен ундан унумли фойдаланиб, жамоамга 5:4 ҳисобидаги ғалабани олиб берганман.

-  Чемпионлар лигасидаги ўйинларингиз ҳақида…

-  Осиё Чемпионлар лигаси илк бор 2006 йили Эронда бўлиб ўтган. Ўшанда “Ардус” таркибида мусобақада иштирок этганман. Биз фақатгина финалда бразилиялик кучли легионерларга эгаЭрон чемпионига мағлуб бўлиб, иккинчи ўринни эгаллаганмиз. Ўшанда жамоамизнинг 9 нафар ўйинчиси терма жамоага номзод эди. Ҳозир мини-футболга кириб келганимга 10 йилдан ошди. Фаолиятимнинг биргина ўйлантирадиган қисми – жароҳат  мени тўхтатиб қўйганди. Шифокорлар 6-8 ойда паркетга қайтишимни айтишган эди. Аммо, бу жараён бир ярим йилга чўзилиб кетди. Ўша жароҳатим ҳозир ҳам ўз таъсирини ўтказиб туради.

-  Жарроҳлик амалиёти қаерда бўлиб ўтган?

-  Тошкентдаги“Жар” спорт мажмуасида жойлашган“Спорт хирургияси” марказида операция қилдирдим. 2008 йилги Осиё чемпионати яқинлиги сабабли тезроқ операция қилинишини истадим. Лекин бу борада бироз шошган эканман. Шифокорлар 6-8 ойда тўлиқ соғайиб кетишимни айтишгани учун тиззам шошилинч равишда операция қилинганди. “Строитель-Зарафшон” клуби операция ҳамда ундан кейинги тикланиш ҳаражатларини кўтарган. Агар жароҳатим шифокорлар айтган вақтда тузалганида, мен 2008 йилги Осиё чемпионатида қатнаша олардим. Аммо, ҳаммаси умуман тескари бўлди. Операция пайтида оёғимга қўйилган сунъий лавсаннинг битиши қийин бўлган.Айнан 2008 йилги Осиё чемпионати Жаҳон чемпионатига саралаш вазифасини ҳам ўтаб берарди. Афсуски, мен қитъа биринчилигига бора олмадим, терма жамоамиз эса чорак финалда Хитойга 1:4 ҳисобида ютқазиб қўйди. Шу тариқа мундиал йўлланмасидан ҳам маҳрум бўлганмиз. 2012 йилги Осиё чемпионатида ҳам Жаҳон чемпионатига чиқа олмаганмиз. Гуруҳда Қувайт билан дуранг ўйнаб, имкониятларимизни пасайтириб юборган эдик. Боз устига,чорак финалда Эронга тушиб қолдик. Ҳозир Осиёнинг кўп давлатларида футзал ривожланиб бораяпти. Австралия, Қувайт каби терма жамоалар олдинлари Ўзбекистонга қаршилик қила олмасди. Уларга камида 4-5тадан гол урардик. Ҳозир бу жамоаларни мағлуб этиш осон иш эмас. Қувайт хатто Жаҳон чемпионатига ҳам чиқди. Авваллари Вьетнам дарвозасига жавобсиз 10та тўп киритган бўлсак, охирги марта бу жамоа билан ўйинимизда дуранг натижа қайд этилди.


-  Терма жамоамизнинг кучсизланиб боришига авлодлар алмашинуви ҳам таъсир ўтказаяпти, деб ўйлайсизми?

-  Ҳа, фикрингизга қўшиламан. Авлодлар алмашинуви ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти. Истеъдодли футзалчилар кам етишиб чиқмоқда. Сабаби, бизда айнан мини-футболга ихтисослашган болалар академияси ёки мактаби бор йўғи битта. Биргина “Ардус” клуби ўз қошида болалар мактабини очган. Лекин биргина жамоанинг бу йўналишдаги ҳаракатлари етарли эмас. Қолган жамоалар ҳам шу йўлдан юришга интилишлари лозим. Шундагина терма жамоадаги авлодлар алмашинуви даврида катта “силкинишлар” бўлмайди. Термамизнинг ҳозирги таркибини алмаштира оладиган футзалчилар йўқ. Айтмоқчиманки, рақобат кучли эмас. Авваллари Осиёда ҳар доим кучли тўртликда юрардик. Биздан ташқари, Эрон, Япония ва Таиланд бўларди. Бугунги кунда шу тўртталикка кириши ҳам қийин бўлиб қолди. Табиийки, бунинг натижасида Осиё чемпионатида Эрон ёки Япониянинг гуруҳига тушиб қолаяпмиз. Рейтингда дастлабки тўртта ўриндаги жамоа ўзаро бир гуруҳга тушмайди. Фақат ярим финалдагина бу кучли жамоалар билан тўқнаш келишимиз мумкин. Ярим финал эса – Жаҳончемпионати йўлланмаси дегани. Афсуски, шунга ҳам илина олмаяпмиз. Вақти келиб терма жамоа етакчиларининг ўрнини эгаллай оладиган ўйинчиларни етиштириб чиқариш учун эса ёшларга катта эътибор қаратиш лозим. Ўзбекистон футзал Ассоциацияси вице-президенти Жаҳонгир Усмонов ёшларга эътибор бериш ҳақида кўп гапирмоқдалар. Уларнинг ташаббуси билан ўйин қайдномасига 1996-1997 йилда туғилган  ёшларни ҳам киритиш мажбурий қилиб қўйилди. Ўтган мавсум “Бунёдкор”да ўйнаган 8 нафар футзалчи жамоани тарк этди. Уларнинг ўрнида 1994-1997 йиллар оралиғидаги ёш ўйинчилар ҳаракат қилишмоқда. “Ардус”дан ташқари, “Бунёдкор” ва “Пахтакор” жамоалари ҳам ёшларга катта эътибор қаратаяпи. Лекин ёшартириш жараёнига ҳамма клублар ҳам амал қилишмаяпти. Аксарият жамоалар мавсум бошида қўйилган вазифани бажариш учун тайёр ўйинчиларни олиб, ўшалар билан вазифани бажаришмоқда. Бир йил чемпион бўлса кифоя, жамоанинг 3-4 йилдан кейинги ҳолати қандай бўлиши инобатга олинмаяпти. Жамоа бир неча йил ўзидан ёшларни тарбиялаб, ана ўша ёшлар билан чемпион бўлса, шунда чемпионликнинг гашти ҳам ўзгача бўлади. Мисол учун, Эрондаги мактабларда мини-футбол дарслик сифатида киритилган. Шунинг учун ҳам Осиёдан фақатгина Эрон Европанинг энг кучли терма жамоалари билан тенгма-тенг ўйнаб келмоқда. Бир пайтлар бизга қарши ўйнаган Воҳид Шамсайи деган ўйинчиси доим тўпурар бўларди. Жуда кучли футзалчи бўлган. Ҳайдариёр, Ҳошимзода деган футзалчилари ҳам туғма истеъдоднинг ўзи эди. Ҳозир ана ўша ўйинчиларни тўлдира оладиган муносиб номзодлар бор. Форсларнинг чемпионатида бразилиялик, испаниялик легионерлари бор, хориждан мураббийлар келиб ишламоқда. У ердаги футзалга эътиборни кўриб ҳавас қиласиз. Кичкинагина Саваҳ деган шаҳарчасида ўтказилган Чемпионлар лигасида, ҳар бир ўйинда, ҳаттоки, умуман бошқа мамлакат жамоалари ўйнаганда ҳам мухлислар зални тўлдириб ўтиришган. Солиштириш учун бизда фақатгина Осиё чемпионати ўтказилса ёки Ўзбекистон чемпионати, кубоги финали бўлгандагина зал тўлишиш мумкин. 2005 йили Россиянинг Екатеринбург шаҳрида маҳаллий “ВИЗ-Синара” жамоаси билан иккита ўртоқлик ўйини ўтказганмиз. Шу клуб базасида бўлиб ўтган учрашувларнинг бирида биз, иккинчисида эса мезбонлар ғалаба қозонишган. “ВИЗ-Синара” базасида 6 ёшли болаларнинг футзал билан шуғулланаётганига гувоҳ бўлгандик. Бир хилдаги формада, машғулот жараёни ҳам ажойиб эди. Ҳозир “ВИЗ-Синара” Россияда топ клуб ҳисобланади. У ерда катта футболда юриб, омади келмаганлар футзалга ўтиб кетишмайди. Ёшликдан футзал мактабида таҳсил олиб, унинг сир-асрорларини ўрганишади. “ВИЗ-Синара” легионерларни деярли муҳтожлик сезмаяпти. Асосий эътиборини ўз мактабида тарбия олаётган ёшларга қаратади. Бизда ҳам шундай тизимни йўлга қўйиш керак.


-  “Бунёдкор”даги ёшлар ҳақида нима дея оласиз?

-  Жамоамизга бу йил жалб қилинган ёшлар 1995-1996 йилда таваллуд топган ўйинчилардир. Бундан ташқари, шу кунга қадар уларни ҳеч бири Ўзбекистон чемпионатида қатнашмаган. Шунинг учун ҳам олдинги турларда баъзиларининг оёғи титраётган эди. Қила оладиган ҳаракатларни ҳам ҳаяжон туфайли бажара олмаганлар ҳам бўлди. Лекин ҳозир уларда ўзларига бўлган ишонч ошган. Бунинг яққол исботи 3-турдаги ўйинларнинг барчасида ғалаба қозондик. Биринчи ва учинчи тур орасидаги ўйинчиларимизнинг орасида катта фарқ бор: ўзини тутишида, натижада, ишончда.

-  Терма жамоага жалб қилинаётган ёшлар ишончни оқлай оладими?

-  “Локомотив” аъзоси ҳисобланган Даврон Чориев термага жалб қилинмоқда, ундан ташқари, яна бир неча ёш ўйинчиларни ҳам чақиришди. Лекин улар асосий таркибда тушишлари жуда қийин, шунинг учун ҳам биз анча йиллардан буён деярли бир хил таркибда ўйнаб келамиз. Бу эса рақибларимиз учун фойда. Осиёнинг бошқа жамоаларига бизнинг қандай услубда ҳаракат қилишимиз, футзалчиларимизнинг имкониятлари ёд бўлиб кетган. Аксинча, уларнинг услубини биз тўлиқ билмаймиз, чунки уларда доимий тарзда ўйинчилар алмашиб туради.Узоқ йиллар бир хил таркиб ўйнамайди. Ўз-ўзидан тактик услублари ҳам ўзгариб туради. Бу эса бошқаларга ноқулайлик туғдиради. Баъзи ўйинларда 20 яшар футзалчи билан 30-32 яшар ўйинчининг фарқи сезилиб қолмоқда.

-  “Бунёдкор” жамоасидаги шарт-шароитларнинг етарли эканлигини инобатга олиб, футзал мактабини очиш режаси борми?

-  Буни инобатга олганмиз ва раҳбариятга таклиф билан чиққанмиз. Агар ҳаммаси мўлжалдагидек кеста, келаси мавсумдан футзал мактабини очиш ниятимиз бор. Ҳозирча 2-3 йил оралиғидаги ёшларни жамлаб, битта футзал мактаби очмоқчимиз. Бунинг учун, тренажёр заллари, бассейн, хуллас, барча шароитлар бор.


-  Ҳам ўйнаб, ҳам мураббийлик қилишнинг ўзига яраша қийинчилиги бор. Шундай эмасми?

-  Ҳам ўйинчи, ҳам мураббий сифатида фаолият олиб боориш энг қийини ҳисобланади. 2-3 йил аввал ФИФАдан бельгиялик мутахассис келиб, мураббийлик лицензияси учун ўқитган эди. У менга ё ўйнагин ёки мураббийлик қилгин, иккисини бир вақтда олиб бориш жуда қийин, кучли босимни кўтаришда қийналиб қоласан, деганди. Ҳозир мураббийлик соҳасидаги тажрибамни ошириб боришга ҳаракат қилаяпман. Мураббийлик гувоҳномасига эга бўлиш, бу тайёр мутахассис дегани эмас. Амалиётда ўз тажрибасини бойитиб бориши керак.

-  Бизда ёш болалар ва уларнинг ота-оналари томонидан мини-футболга эътиборнинг камлиги молиявийҳолат билан боғлиқми?

-  Моддий ҳолат ҳам рол ўйнайди.Чунки, катта футболдаги катта пулларни эшитган инсон фарзандини айнан миллионлар ўйинига беради, мажбурлаб бўлса ҳам. Футзалда эса моддият катта футболдагидек эмас. Бундан ташқари, мини-футбол билан шуғулланиш учун етарлича шарт-шароитлар мавжуд эмас.

-  Футзалчи оладиган ўртача маоши билан оиласини таъминлай оладими?

-  Агар топ клубларимизда ўйнаса, муаммосиз ўз оиласини моддий томондан таъминлай олади. Терма жамоага номзод бўлса, бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Кўрсатган натижасига қараб мукофот пуллари ҳам бериб борилади. 

Толибжон Қосимов суҳбатлашди

Rating:    

Comments

< show latest news
������.�������

Press "Like"
to read CA at facebook