Latest news

ЎФА раҳбарияти "Рома" вакили билан кўришди News

ЎФА раҳбарияти "Рома" вакили билан кўришди

Бугун ЎФА раҳбарияти ҳамда "International Management Group" компанияси ва Италиянинг "Рома" клуби вакили Карлос Перез ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

"Маълумки, мазкур компания спорт тадбирларини ташкил этиш, менежмент, маркетинг каби бир қатор йўналишларда дунёнинг етакчиларидан ҳисобланади. IMG бу борада кўплаб мамлакатлар ва клублар билан замонавий футболни ривожлантириш борасида ҳамкорлик қилиб келади. 

Учрашув аввалида Карлос Перез мамлакатимизда кўплаб иқтидорли футболчилар мавжудлиги, улар жаҳон майдонларида ўзларининг истеъдодларини кўрсатиб келаётганлигини Элдор Шомуродов мисолида эътироф этди. 

ЎФА вакиллари юртимизда “Рома” клуби академиясини ташкил этиш имкониятларини ўрганиш борасида фикр билдиришди. Шунингдек, ўзбекистонлик иқтидорли футболчилар ҳамда мураббийларни Италияда малака ошириш ва тажриба алмашишини йўлга қўйиш масаласи муҳокама этилди. Европада мавқеи юқори ҳисобланган “Рома” клубининг маркетинг тизимини ўрганиб чиқиб, Ўзбекистонда татбиқ этиш таклифи илгари сурилди. 

Элдор Шомуродов каби етакчи футболчиларимизнинг хорижий клублардаги фаолиятига оид махсус фильмлар тасвирга олиш кераклиги, бу эса ёш футболчиларнинг мотивациясини ошириш, ўз устида ишлаш, профессионалликка интилиш, иродали бўлиб етишишларига туртки бўлиши мумкинлигини таъкидлади. 

ЎФА раҳбарияти Европанинг етакчи чемпионатлари ва клубларида Ўзбекистон брендини илгари суриш бўйича ўз таклифларини эшиттирди. Карлос Перез келажакда бу каби истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга доимо тайёр эканлигини айтиб ўтди", – дея хабар берди ЎФА матбуот хизмати.

Rating: +2   

Comments

championat.asia
Яндекс.Метрика