Latest news

15:34Лени Йоро "Реал"га ўтмоқчи   1 15:003-тур ўйинларидан бирида тўртта ҳакамлик хатоси бўлди. Ҳакамлик бўйича экспертимиздан таҳлил  0 14:52Саудия Арабистонидан бўлаётган қизиқишга қарамай, "Челси" Стерлингни сотмайди   0 14:23"Жирона" "Краснодар" футболчисига кўз тиккан  1 13:55Ўзбекистон терма жамоаси Гонконгга етиб борди  7 13:44"Лацио" сотилмайди!"  0 13:22"Ал Аҳли" Аргентина термаси ярим ҳимоячисини сотиб олмоқчи  0 13:00Ориф Маматказин, "Обод" собиқ устози, "Нефтчи" афсонаси — U-19 чемпионатида ишлайдиган мураббийлари билан танишамиз (1-қисм)  2 12:49Санчо "Боруссия"да қолишни истайди  1 12:19Жароҳат олган бўлсада, Кейн терма жамоа лагерига йўл олди   2 11:42АПЛнинг икки вакили Австралияда майдонга тушади  0 11:04Роналду Швеция билан ўйин учун Португалия терма жамоасининг қайдномасига киритилмади  7 10:31Суперлига-2024: 3-тур баҳсли вазиятлари юзасидан Эксперт-ҳакамлар комиссияси хулосаси  8 10:04«Жаҳон чемпионатининг саралаш учрашувларига ёш, тажрибасиз ва янги футболчиларни жалб этиб, уларни ўйин услубига мослаштириш учун вақт йўқ, чунки бу жуда мураккаб» - Катанец ОФК расмий сайтига интервю берди  22 09:51Пике «Барселона» бош мураббийлиги учун икки номзодни айтди  6

“Милан” қай тариқа даромад қилади? News

“Милан” қай тариқа даромад қилади?

Охирги йилларда ижобий натижаларни қайд эта олмаётган “Милан” айни пайтда “А” серияда турнир жадвалининг юқорисидан ўрин олиб турибди. Клубни хитойлик сармоядорларга сотиш ишлари декабрь ойи бошида тугатилиши маълум қилинган.

Россиялик “Спорт турларида менежмент” факультети талабалар клуб офисига ташриф буюриб, унинг бошлиғи Марко Амато билан учрашишди. Унда “Милан”нинг қандай қилиб пул ишлаб топиши ва бошқа жиҳатлар хусусида берилган саволларга жавоб берилди.

- Сўнгги йилларда “Милан” юқори спорт натижаларини кўрсатмаяпти. Бу клубнинг даромадларига қанчалик жиддий таъсир қилмоқда?
– Спорт натижалари жуда муҳим, буни тан олиш лозим. Янги ишқибозларни жалб қилиш, янги ҳомийларга эга бўлишда доимо совринларга қўлга киритадиган клубларнинг иши яхшироқ кўриниш олади. Биз эса 2011 йилдан бери чемпионатда ютмадик. Албатта, бу пул ишлаб топишга таъсир қилди.
Масалан, жорий мавсумда абонементларни сотишда катта муаммога дуч келдик. 2015 йилга нисбатан икки баравар паст кўрсаткич қайд этдик. Ўшанда 27 минг сотгандик. Бу йил эса 13 минг атрофида абонемент сота олдик.

- Бу вазиятни тузатиш учун қандайдир ҳаракат қиляпсизми? Одатий бўлмаган маркетинг йўналишлари орқали, айтайлик?
– Қўшимча даромад олиш учун доимий изланишдамиз. Ҳозир клубнинг медиа йўналиши билан шуғулланадиган махсус гуруҳни шакллантиряпмиз – видео, рақамли тасвирлар ва ҳоказо. Бу маълумотлар клуб аъзолари учун очиқ бўлади. Яъни, аъзолик бадалини тўлаган ишқибозлар учун. Эҳтимол, бу клубга аъзо бўлишда одамларга қўшимча иштиёқ беради.


Бошқа томондан узоқ йиллар мобайнида мухлисларни катта ғалабаларга ўргатиб қўйган бўлсангиз ва улар жамоани жаҳондаги энг яхшиларидан бири деб ҳисобласа, кейин сиз биз сингари бир неча йил яхши натижа қайд эта олмасангиз, бунда маркетинг ёрдам бериши даргумон.
Бундай ҳолатларда маркетинг билан боғлиқ турли йўллар ишқибозларда фақат ғазабланиш ҳиссини келтириб чиқаради. Улар мантиқсиз нарса билан овора бўлгунча яхшироқ футболчини сотиб олиш кераклигини маслаҳат беришади. Аслида шундай ҳолат рўй беради. “Милан” мухлислари мисолида буни сизларга айтяпман.

- Клубнинг ҳозирги пайтдаги бюджети қанча?
– Айни ҳолатдагисини айтмайман. Лекин яқинроқдаги мавсум, 2013/14 йилгисини айтадиган бўлсам, у деярли 2004 йилдан бери ўзгаришсиз қолганди. Бу даврда бюджет ўсмади, 250 миллион евро атрофида бўлди. 10 йил аввал ўша пуллар билан рақобатга дош берадиган жамоа саналардик. Кўплаб нарсаларни уддалардик ва юқори поғоналарда юрардик. 2013/14 йилги мавсумда эса биз 8-ўринни эгаллаб, 16 йил мобайнида илк марта Еврокубокларсиз қолиб кетгандик.
Бозор нархи ўсмоқда, рақиблар имконияти ошиб бормоқда. Биз эса улар ортидан улгурмаяпмиз. 10 йил олдинги давр билан таққослаганда яна молиявий шартлар ҳам пайдо бўлган. Биз деганда фақат “Милан” ва унинг йўқотишлари, узоқ вақтдан буён ҳеч нарса юта олмаганини назарда тутмаяпман. Фикримча, замонавий талабларга “А” серия жуда ёмон мослашган. Баъзи истисноларни ҳисобга олмаганда.

- Шу билан бирга телевизион шартнома бўйича Италия фақат Англиядан ортда холос.
– Ҳа, бу рақамлар кўп нарсани билдиради. Ҳозирги шартнома бўйича уч мавсум учун 1 миллиард 70 миллион евро. Лекин инглизлардан катта фарқ билан орқадамиз. Бу муддат ичида улар деярли уч миллиард олишарди. Ўтган йили тузилган шартномадан сўнг миқдор 5 миллиарддан ошиб кетди. Бироқ ҳозир телевизион пуллар ҳақида гапирмадим. Бу борада бизда ишлар анча-мунча жойида.

- Нима хусусида?
– Биринчи навбатда стадионлар ҳақида айтдим. Гап шундаки, “А” серияда хусусий стадионига эга клублар деярли йўқ. Стадион қуриб, ерини 99 йилга ижарага олган “Ювентус” ва “Удинезе” бор холос. Уларни бемалол ўз стадионига эга деб ҳисоблаш мумкин.

Қолган клублар стадионларни маҳаллий ҳокимиятдан ижарага олади. Табиийки, улар стадиондан ўз хоҳишига кўра фойдалана олмайди. Ареналарнинг кўпи эскирган, улар замонавий стадион талабларига умуман жавоб бермайди. Улар қулай эмас, хавфсизлик ёмон даражада, унда яхши сотувни йўлга қўйиш қийин. Талабга мос егулик, шоу, мухлислар билан ишлаш, айниқса ВИП тоифасидаги инсонларга қулайликлар яратиш жуда қийин вазифа саналади.

Ўз-ўзидан бу томошабинлар ташрифи бўйича муаммони юзага келтиради. Европанинг топ чемпионатлари ҳақида гапирсак, “А” серия бу борада аутсайдер. Мухлислар ташрифи борасида биз фақат Германия ва Англия эмас, балки Францияга ҳам имкониятни бой беряпмиз. “Милан” ҳам бундан мустасно эмас. Биз стадионимизни ижарага оламиз. Бунинг учун мавсумда тахминан 2 миллион евро миқдорида пул сарфлаймиз. Яна стадионни бошқа клуб билан бўлишиб олганмиз.


- “Милан” узоқ вақт давомида янги стадион қуриш ҳақида бош қотирди ва ўтган йили унинг лойиҳасини тақдим қилди. Ҳозир у қандай ҳолатда?
– Ҳеч қандай. Ҳозир у музлатиб қўйилган деб айтиш мумкин. Хитойлик янги хўжайинлар билан клубни сотиш бўйича келишув якунланмас экан, бу йўналишда бирор ҳаракат бўлмайди. Бу қонун билан тақиқланган. Келишув декабрь ойида бошида якунланиши керак.

Шу сабабли ҳозирча лойиҳа мавжудлиги, уни Англиянинг “Arup” компанияси ишлаб чиққанини айта оламан: у таништирилган пайтда арена 50 минг ишқибозни сиғдира олиши, “Милан” штаб-квартираси ва “Сан-Сиро”дан узоқ бўлмаган Портелло туманида қурилиши режалаштирилганди. У жуда катта мажмуа бўлади: стадиондан ташқари меҳмонхона, кўплаб магазинлар, ресторанлар, хиёбон бўлиши мўлжалланган. Лекин ҳозир лойиҳа келажаги аниқ эмас. Ўз стадионимиз бўлиши биз учун жуда муҳим, лекин кўп нарса янги хўжайинларга боғлиқ.

- Янги стадион сиғими 50 минг бўлиши борасида қандай ҳал этдингиз? Мисол учун, Чемпионлар лигаси финали мезбонлиги учун бу етарли бўлмайди.
– Клуб унинг стадионида Чемпионлар лигаси финали ўтишидан қандай фойдага эга бўлади, айта оласизми? Унчалик кўп эмас. Стадионнинг тижорий номланиши финал вақтида ишлатилмайди, клуб рекламалари тақиқланган. Стадион финалга тайёргарлик ва ўйин куни УЕФА тасарруфига ўтади. Учрашувни стадиондан ёки телевизор орқали томоша қилаётган одамлар аренанинг қайси клубга тегишли экани ҳақида ўйлаб ўтиришмайди. Баҳснинг қаерда ўтаётгани ҳам муҳим эмас. Масалан, бу йил Чемпионлар лигаси финалида “Реал” ва “Атлетико” ўйнаганда биз унда ҳеч қандай иштирок этмадик. “Сан-Сиро”нинг барча хоналари калитларини УЕФА вакилларига топширдик ҳамда ўзимиз деярли таътилга чиқиб кетдик.

- Ҳозир ўйинларингизга қанча ишқибоз келмоқда?
– Жорий мавсум тўғрисида гапириб ўтирмайман. Лекин абонементлар сотуви бўйича таъкидлаб ўтганим ташрифга салбий таъсир кўрсатмоқда. 2013/14 йилги мавсумда ўртача 39 мингдан мухлис учрашувларга келган. Бир йил кейин кўрсаткич 43 мингга кўтарилди. Агар буни Италиядаги ўртача кўрсаткич саналган 22 мингга таққосласак, жуда яхшидек кўринади.

“Милан”нинг ўртача ташрифи бошқа топ-клублар билан бир хил савияда – “Ювентус”, “Интер”, “Рома”, “Лацио”, “Наполи”. Лекин такрорлайман, “Ювентус”нинг стадиони ўзиники ва уларда ҳамиша чипталар сотиб тугатилади, 41 минг ишқибоз ўйинларга келади. 70 минглик аренада 41 минг мухлис эса биз учун ярми бўш трибуналар дегани.

“Сан-Сиро”да ҳозир аншлаг камдан-кам рўй беради. Шунга яқинроқ вазиятни мен юқорида айтиб ўтган жамоаларга қарши учрашувларда кузатамиз. Бошқа беллашувларда бунга яқин ҳам келинмайди. Гранд бўлмаган жамоаларга қарши беллашувларда ишқибозларни жалб қилиш учун ҳаракат қиламиз, чипталарни махсус пакетлар асосида сотамиз. “Рома” билан учрашувга кириш учун “Кальяри” ва “Кьево”га қарши чипталарни бир пакетда харид қилиш мумкин. Айтишим керак, бу ҳолат барибир ташрифга жуда катта таъсир кўрсатмайди.

Мавзуни тугатишда айтадиган бўлсам, англаш юзага келиши учун бизга янги стадион керак. Ҳозиргидек катта эмас, аммо замонавий. Унинг шахсий стадионимиз бўлиши жуда муҳим. Стадиондаги музей фақат бизга тегишли бўлиши лозим, магазин ҳам айнан “Милан”ники бўлиши шарт. Икки клубники қўшилган ҳолда бўлиши даркор эмас. Яна янги ғалабалар ҳам керак. Бу ҳақида гапириб ўтдик.


- Қандай ўйлайсиз, “Милан” хитойлик хўжайинлар учун нимаси билан қизиқ туюлган?
– Ўйлашимча, бу яққол кўриниб турибди. Биз Италиянинг жаҳондаги энг машҳур клубимиз. Берлускони “Милан”ни бошқарган 30 йил давомида чемпионат, Чемпионлар лигасидаги муваффақиятлар, бу даврда бизда ўйнаган юлдуз футболчилар ўз ишини қилган. Бу ҳолат охирги йилларда ҳам кузатилди. Шунча салбий натижаларга қарамай, Италиядан ташқарида мухлисларимиз сони 10 фоизга ўсган.

Ўтказилган тадқиқотларда “Милан”ни 387 миллион нафар аҳоли кузатиб боради. Улар учун клубимиз қайсидир даражада қизиқ. Улардан 234 миллиони ёки 63 фоизи Осиё қитъасида истиқомат қилади. Европада бизнинг тарафдорларимиз сони анча кам – 68 миллион атрофида.

Иккинчи вазият – бу ҳамкорлар ва ҳомийларимизга боғлиқ жиҳат. Мухлислар ўртасида сўров ўтказдик. Улардан 48 фоизи компаниялар брендига ижобий муносабатда. 47 фоизи эса нейтрал ҳолатда ва фақат 6 фоиз ишқибозлар бунга салбий муносабат билдиришди.

Ниҳоят, охирги жиҳат – “Милан” медиа оламида ажойиб кўрсаткичларга эга. Расмий сайтимиз йилига 25 миллион ўқувчига эга. “YouTube”да роликларимизни томоша қилганлар сони 300 миллиондан ошиб кетган. Ижтимоий тармоқларда 38 миллион обуначига эгамиз. Бу жаҳонга машҳур бўлган итальян брендлари “Ferrrari”, “Prado”, “Dolce & Gabbana”нинг кўрсаткичларидан яхшироқ.

Саволингизга жавобим бизнинг бўлажак хўжайинлар бизнес билан машғул ва улар “Милан”ни сотиб олиб, жаҳонга машҳурлик, бизнесни ривожлантиришда ажойиб имконга эга бўлиш имкониятини қўлга киритишади. Бизнинг клубга қизиққан инсонлар ёрдамида қўшимча аудитория эътиборини қозонишади. “Милан” билан бирга улар буларни ҳам харид қилишади.

- Берлускони клубни сотгандан кейин ҳам “Милан”да қолиш эҳтимоли борми? Айтайлик, фахрий президент сифатида.
– Бу саволга жавоб бериш қийин. Ҳозирча воқеалар ривожи бундай бўлиши мумкинлигини кўрсатмаяпти. Ишонаман, у бутунлай кетади.


Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади.

Rating: +3   

Comments

championat.asia
Яндекс.Метрика